25 July 2018
20:36 - Бир қатор имом-хатиблар ишдан бўшатилибди, ҳаммасини улоқтириш керак, улар динимизнинг душманларидир. Ислом дини ислоҳотларга муҳтож!

Ўзбекистон Мусулмонлари Идорасининг сайтига асосланиб тарқтилаётган хабарларга кўра, бир қатор имом-хатиблар ишдан бўшатилган, сабаби – улар ўзибўларчиликка берилишгани, лоқайдликка йўл қўйишгани, баъзи имомлар диний маълумотга эга бўлмагани, ноқонуний никоҳлар ўқишгани, намозхонларга қўпол муомалада бўлаётганлари эмиш.

Ўзбекистон Мусулмонлари Идораси бундай камчиликлар билан ҳам шуғулланиши керак. Аммо, Ислом динининг фундаментал масалалари уларни нимага қизиқтирмайди? Улар Ислом дунёси ҳозир жаҳоннинг ЭНГ ҚОЛОҚ ва ҚАШШОҚ қисмига айланганини билмайдиларми, мусулмонлар бу замонавий дунёда битта ҳам янгилик яратолмаганларини билмайдиларми, “Ислом” ва “ислом терроризми” тушунчалари синонимга айланиб бораётганидан хабарлари йўқми, бундай аҳволга тушишимизнинг сабаби нима эканлигини ўйламайдиларми?

Ислом дунёси жаҳоннинг ЭНГ ҚОЛОҚ ва ҚАШШОҚ қисмига айланиб қолганини, бунинг асл сабаби, Ислом динида Қуръонни хато тафсир қилинишидан келиб чиққан исломий тушунчалар борлиги эканлигини “Ҳаракат” Агентлиги йиллардан бери гапириб келмоқда. Биз буни дунёда биринчи бўлиб гапиришга бошлаганмиз.

Аммо, ўтган йили 10-11 сентябрь кунлари Остонада ўтказилган Ислом Ҳамкорлик Ташкилотининг саммити қабул қилган Декларациянинг бир жумлалик 7-чи моддасида айнан “Ҳаракат”нинг фикри тан олинган: “Ислом жамиятини қолоқлик ва қашшоқликдан, ақл-идрокий қашшоқлик ҳам шунинг ичида, қутқаришимиз керак.” Бу декларацияни Шавкат Мирзиё ҳам имзолаган ва “Ҳаракат”нинг ҳақлигини феълан тан олган.

Ислом дунёсини қолоқлик ва қашшоқликдан чиқариш, очиғини айтсак, Ислом динини ўлимдан сақлаб қолиш йўлини ҳам “Ҳаракат” айтиб келмоқда. Бизга кўра, Ислом динида фундаментал ислоҳотлар ўтказиш ва Ислом дини дунёвийлик/секуляризм принципини тан олишига эришиш лозим.

Бу ҳақда “Бирлик” Партияси раиси, техника фанлари доктори, профессор Абдураҳим Пўлат шу йил февраль ойида Ўзбекистон Мусулмонлари Идораси ва бутун Ислом уламоларига хат ёзиб, Ислом динида ислоҳотларни бошлаш кераклиги ҳақида маслаҳат берган эди. Аммо, Ўзбекистон Мусулмонлари Идораси жим. Ҳамма нарсанинг асл айбдори ўша идорадир. Ислом динида ислоҳотларни бу идорадаги қалбаки Ислом уламоларини улоқтиришдан бошлаш керак. Ана ўшанда, нафақат Ўзбекистоннинг, балки, бутун дунёнинг Ислом уламолари Ислом динида ислоҳотлар устида ўйлашга бошлайдилар.