22 July 2018
20:12 - “Вашингтон Пост”: Доналд Трампнинг Шимолий Кореядан хафсаласи пир бўлмоқда. “Ҳаракат”: Россия билан ҳам шундай бўлади
Маълумки, АҚШнинг энг обрўли ахборот воситаларидан бири бўлган “Вашингтон Пост” газетаси бу мамлакатдаги сал кам ҳамма ахборот воситалари билан биргаликда 2016 йилаги президент сайловлари олдидан Доналд Трампга қарши бўлган ва Демократик Партия номзоди Ҳиллари Клинтонни қўллаб қуватлаган, айнан Ҳиллари Клингтон сайловда ғалаба қозонишини башорат қилган эди. Аммо, ҳамма нарса “Ҳаракат” башорат қилгандек бўлди ва Доналд Трамп ғалаба қозонди.

Ўшандан бери АҚШнинг сал кам ҳамма ахборот воситалари алам ичида Доналд Трампга қарши ташланишни давом эттирмоқдалар, Доналд Трамп Россиянинг ёрдами билан ғалаба қозонгани ҳақидаги иддаони қўллаб қувватламоқдалар, ҳамма масалада унга қарши чиқмоқдалар. Аммо, сал кам 2 йилдан бери АҚШнинг тегишли органлари, сиёсий элитаси ва оммавий ахборот воситалари бу иддаони исботлашга ёрдам берадиган биронта пичоққа илинадиган факт тополмай хуноблар.

Шу сбабали, “Ҳаракат” Агентлиги ўз хабарларида уларга асосланишни тўхтатиб ҳам қўйган эди. Аммо, бугун “Вашингтон Пост” газетаси шундай фикр билдирди: “Кўп аналитиклар аввалдан айтганидек, Шимолий Корея билан келишувлар бўйича прогресс бўлмаётганидан хафсаласи пир бўлган президент, ўз ёрдамчиларига нисбатан ғазабда эканлигини улар билан шахсий суҳбатлар пайтида очиқча гапирмоқда, аммо расмий баёнотларида музокаралар муваффақиятли натижалар бераётганини урғуламоқда.” Аслида, дейди газета, АҚШ-Шимолий Корея саммитидан кейин алоқалар ёмонлашмоқда, Шимолий Корея АҚШ расмийлари билан учрашувларни тўхтатиб қўйди, ядровий дастурини тўхтатиш масаласида қаршилик кўрсатишга бошлади.

“Ҳаракат” Агентлиги Шимолий Корея диктатори билан Доналд Трампнинг учрашуви масхарабозликдан бошқа нарса эмаслигини, Шимолий Корея ядровий дастуридан воз кечиши ва мамлакатни демократиялаштириш йўлига ўтишига ишониш соддалик эканлигини айтиб келарди, ҳозир ҳам бу фикр ўзгаргани йўқ.

Бундан ҳам муҳими, Россия билан ҳам аҳвол шундай бўлади. Ҳозирча Доналд Трамп россиялик ҳамкасби билан Хельсинкидаги учрашув жуда фойдали бўлгани ва АҚШ-Россия муносабатларида жиддий ижобий ўзгаришлар бўлишига ишончини тўхтамасдан гапириб ётибди. У Владимир Путинни шу йил кузда АҚШга таклиф қилгани ҳам маълум бўлди. Аммо, яқинда Доналд Трампнинг Путин масаласида ҳам хафсаласи пир бўлиши аниқ.

Ҳозир у айнан Путин масаласида Ғарбий Европадаги давлатлар билан чиқишолмай қолмоқда. Бу Доналд Трампнинг катта хатосидир. Аммо, ишониш керакки, АҚШнинг НАТО доирасидаги Ғарбий Европа билан стратегик ҳамкорлиги, охир-оқибатда, эски замонларда каби давом этади.