11 July 2018
07:41 - Шавкат Мирзиёга ёмон хабар: Покистоннинг Толибони теракт уюштириб, 12 кишини ўлдирди
Кеча Покистоннинг шимолий-ғарбий қисмидаги Афғонистон билан чегарадош Хайбер-Пахтунхва вилоятининг маркази Пешавер шаҳрида 25 июлда бўладиган парламент сайловлари олдидан Авами Халқ Партиясининг номзодлари сайловчилар билан учрашув ўтказаётган пайтда бир ўлимчи-террорист ўзини портлатиб 12 кишини ўлдирди, 35 киши яраланди. Оғир яраланганлар бор, демак ҳалок бўлганлар сони ортиши муқаррар. Ўлимчи-террорист Толибоннинг одами эканлиги ҳам айтилмоқда. Толибон эскидан бу партияни ўзининг душмани деб билар экан.

Ҳалок бўлганлар ичида партиянинг номзоди Ҳарун Билур, ярадор бўлганлар ичида унинг ўғли бор. Хабарларда айтилишича, Ҳарун Билурнинг отаси Башар Аҳмет Билур ҳам 2012 йили шу ерда шу партиянинг сайловолди митинги пайтида Толибон уюштирган терактда ҳалок бўлган экан.

Бу воқеа Ўзбекистон Президенти учун ёмон хабарлигини бекорга уруғулаётганимиз йўқ. Ҳамма гап шундаки, Шавкат Мирзиё Толибон каби террористик ташкилотлар билан музокаралар ўтказиш ва шу йўл билан ислом терроризмини тўхтатиш ташаббуси билан чиқди, унинг одамлари террористлар билан биринчи музокараларни ҳам ўтказдилар. Аммо Афғонистонда бўлаётган воқеалар, мана энди Покистонда бўлган воқеа ҳам кўрсатмоқдаки, террористлар билан террорини тўхтатиш масаласида келишиб бўлмайди. Демак, Шавкат Мирзиёнинг таклифлари бир тийинга қиммат нарсалар.

Шундай экан, террористлар билан террорни тўхтатиш эмас, ҳар бир терактда, масалан, 10 дан ортиқ кишини ўлдирмаслик ҳақида келишиш мумкин бўларди. Шавкат Мирзиё шу масала билан аввалроқ шуғулланишга бошласа эди, Толибон билан кеча Пешавер шаҳридаги терактда 10 дан ортиқ кишини ўлдирмаслик хусусида келишилган бўларди ва, балки, партиянинг парламентга номзоди Ҳарун Билур тирик қолган бўларди. Бундан ҳам муҳими, у қолган умрини Шавкат Мирзиёга миннатдорчилик билдириш билан ўтказган бўларди.