24 June 2018
23:35 - Туркиядаги президентлик сайловларнинг ниҳоий бўлмаган натижаларига кўра, Ражаб Эрдўған ғалаба қозонмоқда

Бугун Туркияда президент ва парламент сайловлари бўлди. Аммо, ҳаммани президент сайловларининг натижалари қизиқтирмоқда. Сайлов участкалари бир неча соат аввал бекилган. Авваллари Ражаб Эрдўғаннинг исломчилар партияси ва исломчилар ҳукматига тиш тирноғи билан қарши бўлган, аммо ўзини сақлаб қолиш учун ҳозир исломчиларни қўллаб-қувватлаш йўлига ўтган Туркиядаги энг катта “Миллиёт” газетаси сайлов натижаларини дақиқама-дақиқа эълон қилиб бормоқда.

Ҳозиргина эълон қилинган сўнги натижаларга кўра, сайлов қутиларининг 90 фоизи очилган ва у ердаги бюлетенлар саналганда, президент номзодларига берилган овозлар фоизи қуйидагича бўлган:

Ражаб Эрдўған – 53,53%
Муҳаррем Инже – 30,31%
Мерал Акшенер - 7,55%
Селаҳитдин Демирташ – 7,50%
Темел Карамуллаўғли – 0,9%
Дўғи Перинчек – 0,19%

Кўриниб турибдики, сайловларда Ражаб Эрдўған биринчи турдаёқ ғалиб чиқади. Аммо, шуни айтиш керакки, Ражаб Эрдўған фақат ўзининг Адолат ва Тараққиёт Партияси (АТП) билан бу сайловда ғалаба қозонолмасди. Аммо, ҳозир Эрдўғанни унинг АТПси билан сайловолди “Жумҳур Иттифоқи” қурган отатуркчиларнинг Миллиётчи Ҳаракат Партияси қўллаб-қувватламоқда. Айнан шу партиянинг тарафдорлари ёрдамида Ражаб Эрдўған ғалаба қозонмоқда. Миллиётчилар мамлакатни исломлаштиришга мутлақо қаршилар. Демак, келажакда бу икки партия ўртасида уруш чиқиши ҳам шубҳасиз.

Ражаб Эрдўған ғалаба қозонганидан кейин “Турк Дунёси” тушунчасига ҳозирча нуқта қўйса ҳам бўлаверади, аммо вақти келади, отатуркчи/турончилар Туркияда ғалаба қилишга бошлайдилар.