24 June 2018
09:36 - Танишинг: Туркияда оиласи билан люкс яхтасида дам олаётган гўёки қозоқ миллиардери, аслида, ўзбек Алижон Ироҳимовдир

Туркиядаги энг катта “Миллиёт” газетасининг веб-саҳифасида 24 расм билан кеча хабар қилинишича, бу мамлакатнинг Эгей денгизига чиқадиган кўрфаз саҳилидаги Бодрум шаҳрига қозоқ миллиардери Алижон Иброҳимов тумуш ўртоғи ва 6 фарзанди ҳамда сони айтилмаган набиралари билан ўзининг Dynasty номли 4 қаватли, узунлиги 101 метр, қиймати 20 миллион доллар бўлган люкс/муҳташам яхтасида дам олиш учун 4 кун аввал келган. Яхтада 33 хизматчи бор. Маҳаллий ва хориждан келган туристлар бу яхтани расмга олиш билан овора эмишлар.

Биз бу хабаримизга "Миллиёт" газетасидаги 24 расмдан иккитасини қўйдик. Расмлардан бирида Алижон Ироҳимовнинг ўзини, бошқасида Dynasty яхтасини кўрмоқдасиз.



Алижон Иброҳимов оиласи билан шу атрофдаги бир балиқ ресторанида 3 соат овқатланиб, 1580 евро (сал кам 2 минг доллар) тўлабди ва турклар “баҳшиш”, бизда “чой пули” дейиладиган 420 евро қолдирибди.

Хабарда унинг 6 фарзанди ҳамда набиралари денгиздаги аквапаркда мазза қилишгани, денгизда чўмилишгани ва офтобда ётишгани, JET-SKIда учаётган қизларини қўримачилар қўригани расмлар билан ҳикоя қилинган. Миллиардер ва унинг оила аъзолари люкс автомобилларда шу яқин атрофдаги тарихий жойларни ҳам кезишибди.

Эслатиш керакки, Бодрум шаҳри қадимги дунёнинг етти ажойиботидан бири ҳисобланадиган Галикарнас мақбарасининг қолдиқлари билан ҳам машҳурдир. Юнонлардан қолган бошқа тарихий жойлар ва ёдгорликлар ҳам кўп.

Аммо, туркларнинг газетаси бир нарсани эслатишни унутибди. Алижон Иброҳимов қозоқ миллиардери эмас, қозоғистонлик 6 миллиардердан бири бўлган ўзбекдир. У 1953 йили Фарғона вилоятида туғилган, аммо ёшлик йилларида аввал Қирғизистонга, кейин Қозоғистонга кўчиб кетган.

Кўриниб турибдики, у келажакни аввалдан кўра биладиган инсондир. У вақти келиб мустақилликка эришган ҳамма Совет республиклари тўла бозор иқтисодиётига ўтишини, хусусий бизнесга йўл очилишини, аммо Ўзбекистонда жиддий бизнес билан шуғулланиб бўлмаслигини, бу ерда Лубянка яратадиган тожиклар режими коммунистлардан қолган маъмурий бўйруқбозлик ситемасини сақлаб қолишини, бундай системанинг келажаги йўқлигини, у порхўрлик ва коррупция ботқоғида ўлишини ёшлигидаёқ тушунган ва Ўзбекистондан кўчиб кетган.

Алижон Ироҳимов бугун ҳам Бодрумда қолиб, Туркияда бўладиган президентлик ва парламент сайловларини кузатиб-кузатмаслиги хабарда айтилмайди. Аммо, муҳим бўлгани бу эмас, ўзбеклар ичида шундай ишбилармон инсонлар борлиги. Хўш, нимага 25 миллиондан кўп ўзбек яшайдиган Ўзбекистонда бундай бой инвесторлар чиқмаяпти?