15 June 2018
21:13 - Шавкат Мирзиё Ислом жамиятини ақл-идрокий қашшоқликдан мақсадида ўзи қурдираётган Ислом Цивилизацияси Марказига тамал тоши қўйди

Маълумки, ҳозир Ислом дунёси жаҳоннинг энг қолоқ ва қашшоқ қисмига айланган. Мусулмонлар ўрта асрлардан кейин, яъни Ислом мамлакатларида Ислом дини тўла ҳокимиятни қўлга олгандан кейин, биронта янгилик яратолмадилар. Бу аҳволдан чиқиш учун Ислом динида фундаментал ислоҳотлар ўтказиш ва Ислом дини дунёвийлик/секуляризм принципини расман тан олишига, яъни дин давлат ишларига аралашмаслигига эришиш кераклигини “Бирлик” Партиясининг жарчиси бўлган “Ҳаракат” Агентлиги йиллардан бери гапириб келмоқда.

2017 йил 10-11 сентябрь кунлари Қозоғистоннинг пойтахти Остонада бўлиб ўтган Ислом Ҳамкорлик Ташкилотининг (ИҲТ) фан ва технологиялар бўйича 1-чи саммитида қабул қилинган Декларациянинг бир жумлалик 7-чи моддасида шундай дейилади:

- Замонавий фаннинг вайронакор табиати ва унинг 21 асрда жамиятга махсус таъсирини назарда тутиб, мақсадимиз - жамиятимизнинг ҳаддан ташқари қашшоқлигини, ақл-идрокимизнинг қашшоқлиги ҳам шунинг ичида, таг-туги билан тугатиш, халқларимизнинг ижодий ва инновацион салоҳиятини ривожлантириш эканлигини тасдиқлаймиз.

Кўриниб турибдики, Декларациянинг 7-чи моддаси айнан “Бирлик” ва “Ҳаракат”нинг фикрларига асосланган.

Шу ҳам маълумки, бу Декларация Остонадаги саммитда қатнашган Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиё тарафидан ҳам имзоланган. Шавкат Мирзиё айнан шу саммитнинг арафасида, аниқроғи, 2017 йил 1 сентябрь куни Тошкентдаги Ҳазрати Имом мажмуасида бўлиб, Ислом Цвилизацияси Маркази яратиш бўйича кўрсатмалар бергани тасодифан бўлмаган. Унинг мақсади Остондаги ИҲТ саммитидаги нутқида Ислом Цвилизациясининг ютуқларига уруғу бериш ва бу ютуқларни кўрастувчи марказ Тошкентда яратилишини гапириш бўлган.

Аммо, Остонадаги саммитда Ислом жамиятининг ҳозир ҳаддан ташқари қашшоқлиги тан олинади деган фикр Шавкат Мирзиёнинг ҳаёлига ҳам келмаган. Аммо, “айтилган гап – отилган ўқ”, демак, Ислом Цивилизацияси Маркази, нима бўлса ҳам, яратилиши керак.

Мана бугун, Рамазон ҳайитининг биринчи куни, Шавкат Мирзиё Ислом Цивилизацияси Маркази қуриладиган майдонга ташриф буюрибди ва марказнинг пойдеворига рамзий тамал тоши қўйибди.

Ўзбекистон Президентининг расмий веб-сайтидага бу ҳақдаги хабарда Шавкат Мирзиёнинг қуйидаги сўзлари келтирилган:

«Бу марказни қуришдан мақсад ислом маърифатини ўрганиш, боболаримизнинг буюк меросини авваламбор халқимизга, дунё ҳамжамиятига етказишдир. Худо хоҳласа, ҳамма саъй-ҳаракатларимиз ёшлар таълим-тарбиясига, илм-фанга, маданиятга, тинчлик-осойишталикка замин яратади.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида фаолият юритадиган ушбу марказнинг асосий ғояси аждодларимизнинг ислом дини ривожига улкан ҳиссасини тарғиб этиш, жаҳолатга қарши маърифат билан курашишдир. Шу мақсадда бу ерда музей ташкил этилади, илмий фаолият йўлга қўйилади. Ватанимиздан етишиб чиққан олим ва мутафаккирлар меросининг тарихий ва замонавий цивилизациядаги ўрни тадқиқ этилади. Уларнинг илмий-маънавий жасорати, улуғ инсоний фазилатлари кенг тарғиб қилинади. Мумтоз адабиёт ва санъат намояндалари ижодининг инсонпарварлик моҳияти чуқур очиб берилади.

Марказ биноси юртимиздаги қадимий мадрасалар кўринишида, гумбазли қилиб қурилади. Кутубхона, ахборот-ресурс маркази, илмий кафедралар, конференция зали, хизмат хоналари ва бошқа объектларни ўз ичига олади.

Биз шундай буюк мероснинг давомчилари бўла туриб, илмда ортда қолдик. Бугунги ташаббусларимиз, бошлаган ишларимизни барча мусулмон мамлакатлари тан оляпти. Энди шунга муносиб бўлишимиз, илм-маърифатда ўрнак бўлишимиз керак.

Жамиятимизда меҳр-оқибат муҳитини яратиш, адашганларни авф этиш, имом-хатиблар малакасини ошириш, ёшлар тарбиясига эътиборни кучайтириш бўйича тавсиялар берилди.»

Кўриниб турибдики, Ислом жамиятимизнинг ҳаддан ташқари қашшоқлигини, ақл-идрокимизнинг қашшоқлиги ҳам шунинг ичида, таг-туги билан тугатиш кераклиги ҳақидаги Декларацияни имзолаган Шавкат Мирзиё қашшоқлигимизни Ислом Цивилизацияси Маркази ёрдамида тугатмоқчи.

Аммо, очиқча айтиш керакки, Шавкат Мирзиё бугунги йиғилишда янглиш гапирди, дейди мухбирмиз. Тушуниш керакки, Ислом Ҳамкорлик Ташкилоти Ислом жамиятининг қашшоқлиги ҳақида “Бирлик” ва “Ҳаракат”нинг фикрини тан олдими, ахир бир кун, Ислом дунёсини бу ғариб аҳволдан олиб чиқиш учун Ислом динида фундаментал ислоҳотлар ўтказиш ва Ислом дини дунёвийлик/секуляризм принципини тан олишига эришиш керак, деган фикрни ҳам қабул қилади.

Демак, вақти келади, балки, айнан шу Ислом Цивилизацияси Марказида “Бирлик” ва “Ҳаракат”нинг Ислом дининида фундаментал ислоҳотлар ўтказиш ва Ислом дини дунёвийлик/секуляризм принципини тан олишига эришиш кераклиги ҳақида айтган фикрлари тўла тан олинади.