12 June 2018
19:19 - “Бирлик” Партияси раисининг ўринбосари Дайнов Ташановнинг бадиий китоби чиқди
“Бирлик” Партияси раиси ўринбосари, партиянинг Қашқадарё вилояти бўлими раиси Дайнов Ташановнинг ҳикоя ва қисссалари тўплами Тошкентдаги “Адабиёт учқунлари” нашриётида босмадан чиқди. “Ўқиган калла” номли 18,85 босма табоқли, 315 бетдан иборат тўпламдан ёзувчининг қатор йилларда ёзилган бадиий машқлари, ҳангома ва ҳикоялари ўрин олган.

“Ўқиган калла” ҳикоясида муаллиф ўтган аср ўрталаридаги ижтимоий-сиёсий аҳволни акслантирувчи колхоз раиси ҳангомасини тасвирласа, “Амирқулнинг гўри” қиссасида яқин ўтмишдаги фермернинг тақдири тилга олинади. “Қўнғиротнинг қўшиғи”, “Ғўлачилар”, “Галабосар” ҳикояларида ҳам халқимизнинг миллий урф-одатларига қоришган иллатлар муаллиф кўз қарашида тасвирланган.

- Ҳозир ўзбек мухолифати тарихи борасида “Эрта тўкилган япроқлар” романи устида ишламоқдаман. Ўзбек мухолифатчилиги хроникаси, унинг аянчли хатолари ва сўнги аҳволини акс эттирган машқларим ўқувчи қўлига етиб борса, мен ва мен каби сафдошларимизнинг ўй-қарашларидан кўп ўқувчилар хабардор бўлади, - дейди Дайнов Ташанов.

Эслатиб ўтамиз, Михаил Горбачевнинг ташаббуси билан бошланган қайта-қуриш жараёнлари даврида қашқадарёлик Дайнов Ташанов ва Самад Мурод зиёлиларни сиёсий жараёнларга тортиш мақсадида “Эрк” жамияти қурдилар, кейин “Эрк” Партиясига қўшилдилар. Ўша пайтда “Эрк” Партиясининг таянч нуқтаси Қашқадарё бўлиб қолганди. Аммо, кейинчалик “Эрк” Партияси раиси - Муҳаммад Солиҳ таҳаллусли ёзувчи Салой Мадамин Туркия кетиб, у ерда исломчи ва террористик ташкилотлар билан алоқага кирганда, Дайнов Ташанов ва Самад Мурод уни бу йўлдан қайтаришга ҳаракат қилдилар. Аммо, уни тўғри йўлга солиб бўлмаслиги маълум бўлиб қолганидан кейин, Дайнов Ташанов “Бирлик” Партиясига қўшилди, Самад Мурод “Эрк” Партияси раислигига сайланди ва партияни демократия йўлида сақлаб қолди.

Шундай сиёсий ва адабий тажрибага эга бўлган Дайнов Ташановнинг “Эрта тўкилган япроқлар” романи ўзбеклар учун муҳим тарихий, сиёсий ва адабий дарс бўлиши шубҳасиздир.

Бу хабарга қўйилган расмда 2017 йил май ойида Брюсселга Ўзбекистондан келган мухолифатчи ва ҳуқуқ ҳимоячиларининг Европа Парламентдаги учрашувларидан бирини кўрмоқдасиз. Ўнгдан иккинчи Дайнов Ташанов.