09 June 2018
22:07 - Куламизми, йиғлаймизми: Афғонистон ҳукумати Толибон билан Рамазон Ҳайити кунлари ўқ отмасликка келишибди, АҚШ буни олқишлабди. Шавкат Мирзиёчи?
Афғонистон ҳукмати дунё террористик деб ҳисоблайдиган Толибон ташкилоти билан Рамазон ойининг охирида қутланадиган Ҳайит байрами кунлари ўзаро ўқ отмасликка килишгани ҳақида бир неча кун аввал хабарлар тарқаганда, “Ҳаракат” бунга эътибор ҳам бермаган эди. Чунки, бу хабар ҳеч қандай сенсацион тарафи бўлмаган воқеа ҳақида эди. Маълумки, толибонлар ўзини ҳаммадан кўра мусулмонроқ бўлган мусулмон деб ҳисоблашади ва Ислом динининг буюк байрамларидан бири бўлган Рамазон Ҳайитида ўқ отмасликка рози бўлган ғоят табиийдир.

Аммо, бизни ҳайрон қолдирган ва бу хабарни ёзишга мажбур қилган воқеа – АҚШдек давлат бу воқеани олқишлаб баёнот тарқатгани бўлди. Тўғрироғи, баёнотни АҚШ Давлат Котиби Майк Помпео тарқатибди. Давлат Департаментининг бизнинг адресга ҳам келиб тушадиган дайжестида тахминан 10 қаторлик баёнотнинг тўла матни келтирилган.
Табиий, Майк Помпео Толибон билан Афғонистон ҳукуматитнинг келишувини олқишлаган ва бундан кейин ҳамкорликда тинчликка эришишга умид билдирган.

“Ҳаракат” аввал ҳам айтганидек, ростдан ҳам Толибон билан келишув фақат америкаликларга эмас, жаҳоннинг кўпчилигига ёқиши мумкин. Чунки, Толибоннинг мақсади Афғонистонни Шариат қонунлари билан яшайдиган исломий давлатга айлантириш ва вақти келиб бундай давлатларни Халифаликка бирлаштириш. Афғонистон ҳукумати эса ўз мамлакати Конституция билан яшайдиган дунёвий/секуляр бўлишини истайди. Демак, икки тараф ҳафтанинг 3 куни Шариат бўйича, 3 куни Конституция бўйича, 1 кун умуман ҳеч нарсасиз яшашга келишсалар, Афғонистонда тинчлик бўлади.

Тўғри, Толибоннинг мақсади кофирларнинг ва ҳижобга ўралмаганларнинг калласини кесиш ва улар бу ишларини Шариат қонунлари билан яшаладиган кунлари қилиб оладилар. Демак, урушишга ҳожат ҳам қолмайди. Кофирлар ва ҳижобсизлар тинч йўллар билан йўқ қилинади.

Шундай экан, фақат Толибон ва Афғон ҳукуматига эмас, АҚШга ҳам офарин дейиш керак. Унутмайликки, Шавкат Мирзиё ҳам Толибон билан шунга ўхшаш шаклда келишига чақириб келмоқда.