08 June 2018
20:17 - Бу ҳали ҳолва: Австрия канцлери Себастян Курц 40 ислом имомини депортация қилишга қарор қилинганини эълон қилди

Себастян Курцнинг Твиттердаги қисқа баёнотига асосланиб тарқатилаётган хабарларга кўра, Австрия ҳукумати Туркия Ислом Иттифоқи аъзоси бўлган 40 имомни Австриядан депортация қилиш ва 7 мачитни бекитиш ҳақида қарор чиқарди. Бунинг сабабли сифатида бу мачитлар ва имомлар Австриянинг диний муассасалар ва уламоларга чет элдан моддий ёрдам олишни тақиқловчи қонунни бузганлари кўрсатилмоқда.

Австрия канцлери ўз мамлакатида параллель жамият (Ислом жамияти назарда тутилмоқда – “Ҳаракат”) яратиш каби урунишларга чек қўйилишини ҳам урғулаган.

Эслатиб ўтамиз, аввалги хабарларимизда Туркия Президенти Ражаб Эрдўған Европада яшаётган туркларга мурожаат қилиб, уларни 5-6 фарзандлик бўлишга ва келажакда у мамлакатларда ҳатто ҳокимиятни қўлга олиш кераклигига имо-ишоралар қилган эди. Айнан ўшанда “Ҳаракат” Агентлиги Эрдўғаннинг бундай чақириқлари натижасида Европада туркларга ва умуман мусулмонларга нисбатан салбий фикр янада кенгайиши муқаррарлиги, турклар ва мусулмонларни Европадан чиқариб юборишга қаратилган ҳаракатлар бошланиши мумкинлигини башорат қилган эди.

Яна аввалги хабарларимиздан маълумки, баъзи Европа мамлакатларида ислом дарси бериладиган мактабгача таълим муассасаларини бекитиб ташлаш бошланган. Ислом дини дунёвийлик/секулризм принципини тезроқ қабул қилмаса, Ислом динига қарши кайфият дунёда кенгайиб боришини башорат қилган ва “бу ҳали ҳолва” иборасини ишлатган эдик. Ҳамма нарса биз башорат қилгандек бўлмоқда.

Дунёнинг Ислом уламолари динимизда ислоҳотлар қилишга ҳозир эмас эканлар, бу иш билан ҳам сиёсатчилар шуғулланиши керакка ўхшамоқда.

Бу расм 32 ёшдаги Себастян Курцнинг Твиттердаги саҳифасидан олинди. Унинг ўзи чапдан иккинчи.