21 May 2018
14:27 - Яхши хабар: Ёш тадқиқотчиларимизга Японияда таълим бериш режалаштирилмоқда экан, японларни Ўзбекистонда ўқитиш керакмасми?
Учрашув давомида Япониялик мутахассислар Илғор Технологиялар Марказининг фаолияти, улар олиб бораётган ишлар билан танишар эканлар, ҳамкорликда лойиҳаларни амалга оширишга қизиқиш билдиришди.

Музокараларда иштирок этган JICAнинг лойиҳаларни шакллантириш бўйича маслаҳатчиси Азума Кэндзиронинг маълумот беришича, ҳозирда бир гуруҳ ўзбекистонлик ёш тадқиқотчиларнинг Японияда таълим олишлари бўйича лойиҳа ишлаб чиқилмоқда.

Суҳбатдан сўнг Агентлик вакиллари Илғор Технология Марказининг фаолияти билан яқиндан танишдилар. Марказнинг физика, кимё, биология, геология, геофизика, биофизика, биохимия лабораториялари уларда катта қизиқиш уйғотди. Марказ ходимлари уларга бир неча дақиқаларда суюқлик ва қаттиқ жисмларнинг юзга яқин кимёвий элементларини аниқлаб берувчи ускуналар, ер қимирлашини ва ер қатламининг сейсмик ҳолатини аниқловчи асбоблар,турли касалликлар ва уларга мойилликни эрта аниқлаш бўйича олиб борилаётган генетик изланишлар,фойдали қазилма бойликларни қидириш бўйича тадқиқотлар ҳақида сўзлаб беришди.

Инновация вазири ўринбосари Шерзод Шерматовнинг қайд этишича, Илғор Технологиялар Маркази халқаро ташкилотлар, жумладан, JICA билан ўзаро манфаатли ҳамкорликка тайёр. Марказнинг малакали мутахассислари турли халқаро лойиҳаларда иштирок этиши учун барча имкониятлар яратилади.

Хабарчилик нималигини ҳам билмайдиган ЎзА журналистлари тайёрлаган бу хабарнинг таҳлилга муҳтож жойи бор. Қаранг, хабарнинг сарлавҳасига қарганда, гап ўзбек ёшларини Японияда ўқитиш ҳақида. Аммо, хабарнинг ўзи кўрсатмоқдаки, айнан японлар бизнинг, аниқроғи, Президент Шавкат Мирзиё яратган Инновацион Ривожланиш Вазирлиги қошидаги Илғор Технологиялар Марказининг ишлари билан қизиқишибди. Шундай экан, ўзбек ёшларини Япаноияда эмас, япон ёшларини Шавкат Мирзиё яратаётган замонавий Ўзбекистонда ўқитиш керак-ку. Ёки японлар аҳолисининг ўртача ойлиги ҳатто қозоқлардан 10 баравар кам бўлган қашшоқ Ўзбекистонда ўқишни истамайдиларми? Японларга тушунтириш керак, қашшоқлигимизга қараманг, Ислом Цвилизациямизнинг ютуқларидан фойдаланишни ўрганинг.