18 April 2018
16:09 - Ташқи Ишлар Вазири Абдулазиз Комилов 18 апрель куни Тошкентда жанубий-кореялик ҳамкасби билан учрашди

Ўзбекистонда ҳукмронлик қилаётган тожиклар режимининг қўғирчоқ ахборот воситалари бугун Ташқи Ишлар Вазири Абдулазиз Комилов билан Тошкентда Корея Республикаси Ташқи Ишлар Вазири Кан Гён Хва билан кўришганини ҳеч қандай таҳлилсиз хабар қилдилар.

Икки вазир 2017 йил 22-25 ноябрь кунлари Сеул шаҳрида Ўзбекистон ва Жанубий Корея раҳбарларининг саммити самарали бўлганини таъкидлашибди. Музокаралар доирасида давлат раҳбарлари қабул қилган Қўшма баёнот ижросини ўз вақтида амалга ошириш ҳамда имзоланган 10 миллиард АҚШ долларидан ортиқ келишувларни тўлиқ рўёбга чиқариш икки мамлакат ўртасидаги савдо-иқтисодий, ижтимоий, сиёсий соҳадаги ҳамкорликни сифат жиҳатдан янги босқичга олиб чиқиши қайд этилибди. Сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестиция, маданий-гуманитар ва бошқа соҳаларда ўзаро алоқаларни янада ривожлантириш истиқболлари муҳокама этилди. Томонлар минтақавий ва халқаро масалалар юзасидан ҳам фикр алмашилибди.

Бундан ҳам қизиғи, Кан Гён Хва Корея ярим оролидаги вазиятни юмшатиш, ушбу мақсадда олиб борилаётган ишлар ҳақида маълумот берган, Ўзбекистон томони Корея Республикасининг ярим оролда тинчлик, барқарорлик ва хавфсизликни таъминлаш борасидаги саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлашини таъкидлаган.

Биз, дейди “Ҳаракат” мухбири, тожиклар режимининг анъанасини бузиб, бу хабарга қисқа таҳлил бермоқчимиз.

Биринчидан, Корея ярим оролидаги вазиятни юмшатиш, очиқини айтсак, Жанубий ва Шимолий Корея давлатлари ўртасидаги баъзида уруш остонасига келиб қоладиган жанжалларни йўқ қилиш ёки юмшатиш масаласида ўзи ҳароб ҳолда бўлган Ўзбекистон ҳеч нарса қилишга қодир эмас, демак, бу масалада Жанубий Кореяни қўллаб-қувватлаш маъносида ҳеч нарса қилолмайди.

Иккинчидан, хабарда тилга олинган “10 миллиард АҚШ долларидан ортиқ келишувлар” - Жанубий Кореянинг Ўзбекистонга 10 млрд долларлик инвестиция қилиш режаларидан бошқа нарса эмас. Бундай катта ўлчовда инвестиция қилинса, Ўзбекистонга ҳам фойдали бўлади, аммо асосий фойда Жанубий Кореяга кетиши муқаррардир. Шундай экан, бугунги оғир шароитдан келиб чиқиб, кореяликларнинг ёрдамини олқишлаш керак, аммо, Ўзбекистонда маҳаллий бойлар, яъни инвесторлар синфи яратилмас экан, мамлакатимиз ва халқимиз чет элликларнинг қулларига айлани бораверишларини унутишга ҳаққимиз йўқ.

Шавкат Мирзиё вилоятларни кезиб ШаМинча, яъни Шавкат Мирзиёча масхарабозликлар қилиш ўрнига, кабинетда ўтириб бўлса ҳам, Ўзбекистонни ҳозирги ҳаробликдан олиб чиқиш мақсадида фундаментал сиёсий ва иқтисодий ислоҳотлар ўтказиш билан шуғулланиши керак. Акс ҳолда, ўзбеклар ахир бир кун майдонларга чиқиб, уни шундай қилишга мажбурлаш йўлига ўтишлари муқаррардир.