16 April 2018
20:29 - “Бирлик” лидери Абдураҳим Пўлат - Мусулмонлар Идораси ва ҳамма мусулмонларга: Динимизни ислоҳ қилайлик, ўлимдан қутқарайлик
2 март, 2018 йил

Ўзбекистон Мусулмонлари Идорасига, ҳамма Уламолар ва мусулмонларга:
Ислом дини фундаментал ислоҳотларга муҳтож!
(Очиқ хат)


Ҳурматли Ислом Уламолари ва ҳамма мусулмонлар,

Мен бундай хат ёзишни энг камида бир неча йилдан бери ўйлардим. Аммо, мавзу ўта мураккаб ва ўта қоришиқ бўлгани, бу мураккаблик ва қоришиқликнинг ҳамма тарафларини қисқа бир хатда тўғри ёритиш осон эмаслигини тушунганим сабабли, хат ёзишни пайсалга солиб келаётган эдим.

Ҳозир бу хатни ёзишимга охирги туртки – 2017 йил 10-11 октябрь кунлари Остонада бўлиб ўтган Ислом Ҳамкорлик Ташкилоти ( ИҲТ) саммити қабул қилган Декларациянинг 7-чи моддасидаги қуйидаги сўзлар бўлди: “(Ислом) Жамиятимизни ўта қолоқлик ва қашшоқликдан, ақл-идрокий қашшоқлик ҳам шунинг ичида, чиқариш устида ишлашимиз керак.” Бу менинг ҳам фикрим.

Бу фикрни мен ва тарафдорларим - “Бирлик” Халқ Ҳаракати Партиясининг жарчиси бўлган “Ҳаракат” Агентлигига тегишли нашрларда, жумладан, унинг Интернетдаги нашрларида - узоқ йиллардан бери айтиб келмоқда эдик. ИҲТ бизнинг ҳақлигимизни тан олгани – масаланинг бир тарафидир. Унинг иккинчи тарафи - ИҲТ Ислом жамиятини қолоқлик ва қашшоқликдан олиб чиқиш учун таклиф қилаётган тадбирлар мутлақо етарсизлигидир.

Гап шундаки, қолоқ ва қашшоқлигимизнинг ҳамда “Ислом” ва “ислом терроризми” ифодалари синонимга айланиб, дунёда мусулмонларга нисбатан салбий қараш кучайиб бораётганининг асосий сабаби – динимизда Қуръонни хато тафсир қилишдан келиб чиққан хато тушунчалар борлигидир.

Айнан шу тушунчаларга кўра, давлатлар исломий бўлиши, улар Халифаликка бирлашиши, мусулмонлар Шариат қонунларига кўра яшашлари шартлигидир. Шариатга кўра эса, эркаклар бир нечта хотинли бўлиш, хотинларидан бир неча кишининг гувоҳлигида 3 марта “талоқ” деб ажралиш ҳаққига эга эканликлари, аёллар бир неча эрлик бўлишини қўйиб туринг, умуман эрдан ўз истаклари билан ажралиш ҳаққига эга эмасликлари, майда ўғриларнинг қўли кесилиши, каттароқ жиноят қилганлар тошбўрон қилиб ўлдирилиши кераклиги ва ҳоказо, ва ҳоказолардир.

Ал-Қоида, Толибон, ИШИД ва бошқа террористик ташкилотларнинг мақсади - айнан шу шартларни ҳаётга жорий қилиш-ку. Улар кофирларни зўрлаб бўлса-да мусулмон қилишни ҳам Ислом динининг талабларига асосланиб қилмоқдалар. Уларга кўра, айнан Муҳаммад пайғамбаримиз Маккада яшовчиларни қилич кучи билан Ислом динига ўтказганлар. Демак, муаммоларни қилич билан ҳал қилиш ҳам суннат-ку!

Ислом бу хато тушунчалардан қутилмагунча, ислом терроризми битмайди, мусулмонларга нисбатан Ғарбда кун сари кучайиб бораётган салбий қараш энг ёмон натижаларга етиб боради.

Бундан ташқари, мавжуд конституциясига кўра дунёвий/светский/секуляр бўлган мамлакатларда, жумладан, Ўзбекистонда, мусулмонлар ва Ислом уламолари иккиюзламачилик билан яшамоқдалар. Бундайлар ҳозир дунё мусулмонларининг кўпчилигини ташкил қилмоқда. Бундай оммавий иккизламачалик, сиз танлаган иккиюзламачилик ҳам - ўлим йўлидир.

Демак, Ислом жамиятини қолоқлик, қашшоқлик ва террооризм касаллигидан даволашнинг, динимизни оммавий иккиюзламачилик натижасида кирган ўлим йўлидан қутқаришнинг ЯГОНА ЙЎЛИ – Ислом динида ФУНДАМЕНТАЛ ИСЛОҲОТЛАР ўтказиш, хато тушунчалардан қутилиш, авваламбор, Ислом дини дунёвийлик/секуляризм принципини расман қабул қилишига эришишдир. Вақти келади, Ислом динининг асосий, балки, ягона фарзи ИМОН эканлиги ҳам тан олинса керак. Тушунинг, закот ҳам муҳим нарса, аммо уни ИМОН билан бир қаторга қўйиш, уларни бир даражада кўриш, юмшоқроқ қилиб айтсак, айниқса, 21 асрда, унчалик тўғри эмас.

Динимизда фундаментал ислоҳотлар ўтказиш - Ислом уламоларининг вазифаси ва ҳатто мажбуриятидир. Аммо, мен кичик бир мисол билан “ип учи” деса бўладиган даражада муҳим маслаҳат бермоқчиман.

Динимизнинг фарзларидан бири деб ҳисобланадиган НАМОЗнинг ҳам ўз фарзлари бор. Улардан бирига кўра, намоз Каъабага қараб ўқилиши керак. Оллоҳдан бу ҳақда воҳий келган пайтда Ер думалоқлиги ҳеч кимнинг ҳаёлига ҳам келмаган эди. Шу сабабли, мусулмонлар Каъбага қараб намоз ўқиш/қилиш масаласида ҳеч қандай муаммо кўрмадилар. Аммо, энди биламизки, Оллоҳ Ерни думалоқ қилиб яратган экан. Демак, Каъабанинг горизонтидан ташқарида туриб, Каъбъага қараб намоз қилиб бўлмайди. Ҳозир мусулмонларнинг сал кам ҳаммаси Каъба тарафга қараб намоз қилмайдилар, аммо Каъбага қараб намоз қилаяпмиз деб ўзларини алдаб юрадилар. Бу ҳам навбатдаги иккиюзламачиликдир.

Бу боши берк кўчадан чиқишнинг йўли қуйидагича. Ҳамма тилларда шундай иборалар борки, бу иборага кирувчи сўзларни асл маъносидангина келиб чиқсангиз, ибора мантиқсиз бўлиб қолади. Масалан, ўзбек тилида “Кўзингга қара” деган ибора бор. Одам кўз билан ҳаммаёққа қарайди, аммо ўз кўзига қандай қараши мумкин? Аслида, “Кўзингга қара” дегани “Эҳтиёт бўл” деганидир. Бундай иборалар ўзбек тилида кўп: “Турган гап”, “Гап йўқ”, “Кўз урди”, “Кўз тегди” ва ҳоказолар.

Араб тилида ҳам бундай иборалар жуда кўп. “Каъбага қараб намоз қилиш” иборасини “Кўз билан Каъабага қараш” маъносида эмас, “Юрак, қалб билан Каъбада бўлиш” маъносида тушуниш керак. Ер думолоқ бўлгани сабабли, қайси тарафга қараб намоз қилишнинг ҳеч бир аҳамияти йўқ.

Қуръонни айнан шу ва шу каби мантиқлардан келиб чиқиб, қисқа қилиб айтсак, ОЛЛОҲ ЯРАТГАН ОЛАМ ҳақидаги ҳамма билимларимизга асосланиб қайтадан тафсир қилишга маҳкуммиз. Шундай қилсак, давлат фақат дунёвий/секуляр бўлиши мумкинлигини тушунамиз, Ғарб автомобиллар яратишга улгурмагани сабабли ўз вақтида туяда юришга мажбур бўлганимиз каби, ўша вақтнинг хато тушунчаларига асосланиб Шариат билан яшаганимизни ҳам тушунамиз. Пайғамбаримиз туяда юрган бўлсалар ҳам, туяда юришни суннат қилмаяпмизми, демак, кўп нарсани қайта кўриб чиқишга ҳақлимиз. Акс ҳолда, қолоқлик ва қашшоқликдан чиқолмаймиз.

Ўзбекнинг ҳурматли Ислом уламолари! Биз Ал Бухорий ва Ат-Термизийларнинг авлодларимиз. Бухорони бутун Ислом дунёси “Бухрои Шариф” деб билади. Айнан шу муқаддас ўлканинг уламолари Исломда ФУНДАМЕНТАЛ ИСЛОҲОТЛАР ўтказиш масаласида ҳам олдинги сафда бўлишлари керак, шарт. Исломда фундаментал ислоҳотларни бошланг! Акс ҳолда, ўша автомобиль яратганлар бизга динимизни ҳам ислоҳот қилиб беришга бошлайдилар, бу ҳам ўлим йўлидир.

Ҳаммангизга ҳурматлар билан,

Абдураҳим Пўлат

Ўзбек тилини давлат тили қилган ва
Ўзбекистонни СССРдан чиқариб олган “Бирлик”нинг раҳбари,
Техника Фанлари Доктори, Профессор,
Интеллектуал роботлар яратиш бўйича дунёда
биринчилардан иш бошлаган олим

Электрон адреси: abpolat@cox.net

Хатни 1,5 ой авал тугатгандан кейин ҳам жўнатишни 1,5 ой ўйлабман.