12 April 2018
06:21 - Ўзбекистондаги тожиклар режимининг бош қўғирчоқ ахборот воситаcи “Ҳаракат”дан ўрганиб, фашистлар ўлдирган ўзбеклар билан қизиқиб қолибди

“Бирлик” Партиясининг жарчиси бўлган “Ҳаракат” Агентлиги 2017 йил 11 майда “Ўзбекларни бундай воқеалар қизиқтирмайди, аммо қизиқтириши керак: 1942 йили Голландияда 101 ўзбек фашистлар тарафидан ваҳшийларча ўлдирилган” номли хабар берган эди (унинг адреси - harakat.net/news/?id=20628).

Ўша хабаримизни қисқача шундай ифодалаш мумкин: “Голландиялик журналист Ремко Рейдинг 18 йил аввал Россияда ишлаб Амерсфортга қайтиб келгач, бир дўстидан яқин жойда совет аскарларининг ҳарбий қабристони борлигини билибди ва у қабристонни бориб кўрибди. Бу ерда 865 совет аскари дафн этилган бўлиб, уларнинг ичида 101 ўзбек бор экан. Смоленскда урушнинг биринчи ҳафталарида асирга олинган ўзбекларни пропаганда мақсадлари билан Голландияга олиб келишган ва Совет армияси кимлардан иборат эканлигини кўрсатиш учун лата-путталарга ўралган тор кўзли ўзбекларни шаҳар кўчаларидан ҳам юргизишган экан. Уларни бир қисми очлик ва оғир ишлар туфайли ўлган, қолганларини отиб ташлашган.”

“Бирлик” Партияси раиси Абдураҳим Пўлат 2017 йил 5августда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёга мактуб йўллаб, жумладан шундай деган эди:

* * * * *

"Ўзбек халқи ва унинг номини олган Ўзбекистон давлатининг расмийлари бундай хабарга бефарқ қолмасликлари кераклиги шубҳасиздир. Аммо, ҳозирча на ўзбеклар, на давлат расмийлари бу воқеа билан яқиндан қизиқаётганлари кўринмаяпти.

Шу сабабли, Сиздан илтимос қиламан, бу масала билан шуғулланадиган махсус комиссия туздиринг. Бу комиссия 101 нафар миллатдошимизнинг ҳокини Голландиядан олиб келиб, Ўзбекистонда тупроққа берилиши ва уларнинг исми-шарифларини аниқлаш устида ишлаши керак. Бу иш иложи борича тезроқ қилиниши лозим. Акс ҳолда, “ўзбеклар миллат сифатини йўқотиб бўлганлари” ҳақидаги иддаолар тўғри эканга ўхшаб қолади.

Ҳеч шубҳа йўқки, “Бирлик” ва “Ҳаракат”нинг саъй-ҳаракатлари билан ЎЗБЕК миллат сифатини тиклайди, 75 йил аввал Голландияда немис фашистлари ваҳшийларча ўлдирган 101 нафар, 7 йил аввал Қирғизистонда қирғиз фашистлари ваҳшийларча ўлдирган 300 нафар миллатдошимизнинг тақдири ва бошқа шу каби миллатнинг бугунги аҳволини ўзида акс эттирувчи воқеаларга жиддий эътибор бермаётган ЎЗБЕК давлати раҳбарларига ўз баҳосини беради.”

* * * * *

Бу мактубнинг тўла матни “Ҳаракат”нинг сайтида эълон қилинган - http://harakat.net/news/?id=20971

Бу хат Шавкат Мирзиёга почта орқали юборилишдан ташқари, унинг Тошкендаги қарогоҳига “Бирлик” фаоллари тарафидан етказилган. Аммо, на Шавкат Мирзиё, на унинг тақими бу хатга эътибор ҳам бермадилар ва тожиклар режими на Ўзбекистон, на ўзбек миллатининг ўтмиши ва бугунги куни билан қизиқмаслигини яна бир бор очиқча кўрсатдилар.

Мана орадан шунча вақт ўтиб, кеча ўша тожиклар режимининг бош қўғирчоқ ахборот воситаси бўлган ЎзА ўзининг Интернет саҳифасида Нуриддин Бобақандовнинг “Фашистлар 101 нафар ўзбекни Амерсфорт дўзахи азобига маҳкум қилган” номли мақоласини эълон қилди. Бу мақолада асосан бизнинг хабардаги маълумотлар қайтарилади, аммо “Ҳаракат” бу ҳақда ўтган йили хабар бергани ва Абдураҳим Пўлат Шавкат Мирзиёга хат ҳам ёзгани, бу масала билан Ўзбекистон ҳукумати шуғулланиши шартлиги умуман гапирилмайди. Шу билан ЎзАнинг масхарабозлик моҳияти яна бир исботланади.

Шундай экан, ўз тарихи, бугунги куни ва келажагини ўйлайдиган ўзбеклар майдонларга чиқиши, ҳозир Ўзбекистонда ҳукмронлик қилаётган тожиклар режимининг раҳбари Шавкат Мирзиёни Ўзбекистон ва Ўзбек миллатининг тақдири устида ўйлашга, жумладан, ваҳшийларча ўлдирилган 101 нафар миллатдошимизнинг ҳокини Голландиядан олиб келиб, Ўзбекистонда тупроққа берилиши билан шуғулланишга, ЎзА каби ахборот воситаларини ахлатхонага отишга мажбур қилишлари керак.

Ваҳшийларча ўлдирилган ўзбеклар масаласи билан шуғулланган голландиялик журналист Ремко Рейдинг Ўзбекистонга таклиф қилиниши ҳам шарт.

Расм “Ҳаракат” сайтида 2017 йил 11 май куни эълон қилинган хабардан олинган.