05 April 2018
06:23 - Англияга жосуслик қилган рус разведкачиси баҳонасида Ғарб Россияга қарши босимини орттирди, совуқ уруш авжига чиқди. Алишер Усмонов ҳам зарбага учрамайдими?

Россияга қарши Ғарбнинг босими кескин юксалишига баҳона бўлган воқеа 2018 йил 4 март куни Англиянинг Солсбери шаҳрида Сергей Скрипаль исмли киши ва унинг 33 ёшли қизи бир савдо маркази яқинидаги скамейкада кундуз куни ҳушсиз ҳолда топилганларидан кейин бошланди. Буни кўрганлар полицияга хабар бердилар, тез ёрдам машиналари етиб келди ота ва қиз касалхонага ётқизилдилар, улар нерв-паралитик газ билан заҳарганлари аниқланди.

Ана шундан кейин авваллари кўпчиликка номаълум бўлган Сергей Скрипаль асосан Ғарб ва Россия ахборот воситаларидаги хабарларнинг бош қаҳрамонига айланди ва ҳали ҳам шундай бўлиб қолмоқда.

Ҳозир ҳамма биладики, Сергей Скрипаль Рссия Қуролли Кучлари Бош Разведка Бошқармасида ишлаётган йиллари, аниқроғи, 1995 йили Буюбритания раведкаси томонидан сотиб олинган ва бу давлатга жосуслик қилишга бошлаган экан. У 2004 йили фош қилингач, 2006 йили 13 йилга озодликдан маҳрум қилинган. Аммо, ўша пайтдаги Президент Дмитрий Медведев 2010 йили уни ва у каби яна 3 кишини авф этди, кейин уларни АҚШда қўлга тушган Россия махсус хизматларининг 10 нафар разведкачисига алмаштириб олишди. Ўша пайтда бир тарафдан 4, иккинчи тарафдан 10 разведкачининг исмлари ҳамма ерда эълон қилинган бўлса ҳам, оддий одамлар уларнинг дарҳол унутишган эди.

Аммо, Сергей Скрипаль ва унинг қизи русларнинг “Новичок” номли ўта хавфли нерв-паралитик заҳарловчи гази билан заҳарланганлари аниқлангандан кейин катта жанжал бошланди. Вақти келгани учун эслатиш керакки, бу газ СССР замонида Орол Денгизининг Борса-келмас оролидаги ҳарбий лаборториярда ишлаб чиқарилгани, бу газ ҳақида Ғарбнинг махсус органлари билганлари айтилмоқда.

Инглизлар, кейин бутун Ғарб, Президент Владимир Путин ҳаддидан ошаётганини гапириб ва 2006 йили Англияда яшаётган собиқ КГБчи Александр Литвиненко рус разведкачилари тарафидан радиактив полоний билан заҳарлаб ўлдирилганини ҳам эслатиб, Ғарб билан Россия ўртасидаги Қрим босиб олинган кундан бошланган совуқ урушни мисли кўрилмаган даражада чиқардилар. Россия расмийлари ва Путиннинг ўзи Сергей Скрипаль ва қизининг заҳарларишига ҳеч қандай алоқалари йўқлигини тўтиқушдек такрорламоқдалар, аммо уларга ҳеч ким ишонаётгани йўқ.

Хуллас, ҳозир Россия билан алоқалар энг паст савияга туширилди, бир неча кун аввал ҳамма Ғарб давлатларидан 30 таси кўплаб рус дипломатларини ҳайдаб юбордилар. Россия ҳам жавоб сифатида шундай қилди, аммо бунга ҳеч ким эътибор ҳам бергани йўқ.

2-3 кун аввал Сергей Скрипалнинг қизи ҳушига кела бошлагани айтилмоқда, аммо унинг ўзи ҳали ҳам ҳушсиз.

АҚШ бу воқеа муносабати билан рус олигархларига қарши санкциялар киритиш ниятида эканлигини билдирди, аммо ҳали биронта исм тилга олинмади. Эслатиб ўтиш керакки, АҚШнинг Молия Вазирлиги шу йил январь ойида, яъни Сергй Скрипалнинг заҳарланишидан анча аввал, “Кремль доклади” номли ҳужжат эълон қилган, бу ҳужжатда Россия президентининг сиёсатини қўллаб-қувватловчилар деб ҳисобланадиган 210 нафар давлат арбоблари ва бизнесменлар рўйхати берилиб, уларга қарши санкциялар киритилиши мумкинлигини билдирган эди. Демак, айнан шу рўйхатдаги баъзи Россия олигархларига қарши санкициялар киритилишини кутиш керак. У рўйхатда ўзбек миллиардерлари Алишер Усмонов ва Искандар Маҳмудовлар ҳам бор.