02 April 2018
19:19 - Эски ҳаммом, эски тосми: Хьюман Райтс Вотч Ўзбекистонда фаолият бошлади
Ўзбекистон Ички Ишлар Вазирлигининг Халқаро Ҳамкорлик Бошқармасида мамлакатда фаолият бошлаган АҚШнинг "Хьюман Райтс Вотч" инсон ҳуқуқлари ташкилоти вакили Стив Свердлов ва халқаро ташкилот офисининг Қозоғистон Республикаси бўйича маслаҳатчиси Виктория Ким билан учрашув бўлиб ўтган. Бу ҳақда миршабхона маъмурлари хабар қилишди. Меҳмонларни Ўзбекистон ИИВ мулозими, генерал-майор Қутбидин Бурҳон қабул қилган.

Генерал-майор Ўзбекистонда ижтимоий, иқтисодий ва сиёсий жабҳаларда кенг кўламли ислоҳотлар, янгиланишлар амалга оширилаётгани хусусида лоф урган. Халқ фаровонлиги, юрт тинчлигини таъминлашга, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини тўлақонли ва самарали ҳимоя қилишга киришилганини айтган.

Ўз навбатида, ҳуқуқ ҳимоячилари ҳам илиқ ва самимий қабул учун миннатдорчиликларини билдириб, меҳмонновозлик аънаналарига муносиб равишда, ижобий ўзгаришларнинг жаҳон ҳамжамияти томонидан эътироф этилаётганини таъкидлаганлар.

Вақти келгани учун эслатиш керакки, ҳуқуқ ҳимоячиси деб ҳисобланадиган Стив Свердлов аввалари ҳам Тошкентда АҚШнинг Халқаро Республикачилар Институти вакили сифатида ишлаган, аммо ҳуқуқ ҳимоячилигидан ҳам кўпоқ қандайдир шубҳали ишлар билан шуғулланган, Бу ҳақда "Бирлик" Партияси раиси Абдураҳим Пўлат ўша йиллари АҚШдаги норасмий номи "Ҳельсинки Комиссияси" бўлган комиссиясидаги нутқида ҳам гапирган эди. Умид қилиш керакии, бу Стив Свердлов энди ростдан ҳам ҳуқуқ ҳимоячилиги билан шуғулланади ва Ўзбекистон ҳуқуқ ҳимоячиларига ёрдам беради.