29 March 2018
19:35 - Ўзбекистон КГБси Давлат Хавфсизлик Хизматига айлантирилди, ўзбеклар бу қонхўр идорани бутунлай йўқ қилишлари керак
Бугун Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенатининг ялпи мажлиси Ўзбекистон Республикаси “Давлат Хавфсизлик Хизмати тўғрисида”ги қонунни маъқуллади. Эндиликда хизмат Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тузуми, суверенитети, ҳудудий яхлитлиги ва манфаатларини ташқи ва ички таҳдидлардан ҳимоя қилувчи махсус ваколатли орган сифатида фаолият олиб боради. Хизмат Ўзбекистон Республикасининг давлат хавфсизлиги ва манфаатларини ташқи ва ички таҳдидлардан ҳимоя қилади.

Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тузуми, суверенитети ва ҳудудий яхлитлигига тажовузларнинг олдини олиш, уларни аниқлаш ҳамда уларга барҳам бериш бўйича разведка ва контрразведка фаолиятини амалга оширади. Ўзбекистон Республикасининг Давлат чегараларини қўриқлайди ва ҳимоя қилади.

Шунингдек, терроризм, экстремизм, уюшган жиноятчиликка, қурол-яроғ, гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларнинг ноқонуний муомаласига қарши курашиш; давлат манфаатлари ва хавфсизлигига таҳдид солувчи миллий, ирқий ва диний адоватни тарғиб этишга қаратилган бузғунчилик фаолиятининг олдини олиш, уни аниқлаш ва унга барҳам бериш бўйича фаолият олиб боради.

ДХХ эндиликада МХХдан фарқли ўлароқ мамлакат ичидаги жамоат ташкилотлари, муассасалар ва давлат бошқаруви органлари фаолиятга аралашмайди.

Ўзбекистон қонунлар билан яшайдиган ҳуқуқий давлат бўлса эди. МХХнинг ДХХга айлантирилиши ва ҳатто унинг таъсир доираси торайтирилганига эътибор берса бўларди, дейди мухбиримиз. Аммо, Ўзбекистонимиз – КАТТА ЗИНДОН ва жаҳоннинг энг мудҳиш диктатрлигидир. Бу ерда ҳеч нарса қонунлар доирасида бўлмайди, ҳамма нарса президент-диктатор Шавкат Мирзиёнинг хоҳишига, унинг эрталаб қайси оёғи билан ўрнидан туришига боғлиқ.

Қисқа қилиб айтсак, МХХ бўладими, ДХХ бўладими, фарқи йўқ, моҳиятан қонхўр КГБ бўлган бундай муассаса бор экан, Ўзбекистоннинг келажаги йўқ. Унутмайликки, Буюк Франция Революцияси пайтида монархия йиқитилар экан, монархиянинг рамзи бўлган Бастиялия қамоқхонаси бутунлай бузиб ташланган эди. Аммо, минг афсусуки, СССР қулатилганда унинг рамзи бўлган КГБнинг қароргоҳи Лубянка бузиб ташланмади, натижада, у яна Россияда ҳокимлик қилмоқда.

Ўзбеклар бундай хатони такрорламасликлари, ЎЗБЕКНИНГ буюк фарзандлари Қодирий, Фитрат, Чўлпон ва бошқаларни Совет замонида, Шовруқ Рўзимурод ва бошқаларни мустақилликдан кейин ўлдирган Ўзбекистон КГБсини таг-туги билан йўқ қилишлари керак.