23 March 2018
21:38 - Тошкентга Афғонистон президенти Ашраф Ғани келмоқда

Афғонистон Ислом Республикаси Президенти Ашраф Ғани душанба куни Ўзбекистонга ташриф буюради, деб хабар қилди Ўзбекистон Президенти матбуот-хизмати. "Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Афғонистон Ислом Республикаси Президенти Муҳаммад Ашраф Ғани 2018 йил 26 март куни амалий ташриф билан Тошкент шаҳрига келади", - дейилади хабарда.

Икки давлат раҳбарлари 27 март куни "Тинчлик жараёни, хавфсизлик соҳасида ҳамкорлик ва минтақавий шериклик" мавзуида Афғонистон бўйича юқори даражадаги халқаро конференцияда иштирок этади ва сўзга чиқадилар. Ташриф дастурида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Афғонистон Президенти Муҳаммад Ашраф Ғани музокара ўтказиши ҳам кўзда тутилган.

Нима ҳам дердик, дейди мухбиримиз, бу икки бечора президент иштирокида ўтказиладиган "Тинчлик жараёни, хавфсизлик соҳасида ҳамкорлик ва минтақавий шериклик" конференцияси масхарабозликдан бошқа нарса бўлмайди. Чунки, Афғонистондаги муаммонинг асосида – Толибон ва у каби террористик ташкилотлар олиб бораётган уруш ётибди. Ислом динида фундаментал ислоҳотлар ўтказилиб, Ислом дини дунёвийлик/секуляризм принципини қабул қилмагунча, ислом терроризми битмайди, Толибон ва ундан кейин пайдо бўладиган террористик ташкилотларни йўқ қилиб бўлмайди.