21 March 2018
22:38 - Бу куннинг оддий ва нооддий янгиликлари: Наврўз байрами нишонланди, Нурсултон Назарбой Самарқандга келди, Сирдарёда янги мачит очилди

Наврўз байрами одатдагидек бутун Ўзбекистон бўйлаб байрам қилинди, оммавий сайиллар уюштирилди. Ҳар доимгидек президентнинг табриги ҳамма тантаналарнинг марказида турди. Яъни, оддий байрам куни бўлди.

Кутилмаган воқеа Самарқандда бўлди. Бу ерга Наврўз байрами муносабати билан Қозоғистон Президенти Нурсултон Назарбой келди. Унинг бу ташрифи ўтган йили Наврўз байрамида Шавкат Мирзиё Қозоғистонга борганига жавоб эканлиги айтилди. Аслида, бу байрам давлат раҳбарларининг бошқа мамлакатга борадиган пайти эмас. Тахмин қилиш мумкинки, ўтган йили ҳам, бу йил ҳам, икки президент нималарнидир муҳокама қилиш учун шахсан учрашишлари керак бўлиб қолган бўлса керак. Мавзу эса аниқ - Путин Россияда яна бир муддат тахтда қолиши ҳақида фикр алмашиш, тўғрироғи, вассаликни қандай давом эттириш ҳақида келишиш. Нима ҳам дердик, бечоралар!

Яна бир эътиборга лойиқ воқеа - Сирдарё вилоятининг Сирдарё туманидаги “Интилиш” маҳалласида “Аҳмад ибн Малик” жомесининг очилиш маросимидир (расмда). Хабарларда айтилишича, бу – Сирдарё виолятидаги 73-чи масжид бўлибди.

Масжид очилиши муносабати билан жонлиқ сўйилиб, муҳтож оилаларга тарқатилгани, янги масжиднинг имом-хатиби Улуғбек домла Қобиловга Адлия бошқармасининг гувоҳномаси тантанали равишда топширилгани ҳам хабарларда айтилади. Домла Қобилов исми-шарифига руслар тиқиштириб кетган “-ов” қўшимчасига ҳали ҳам ёпишиб юрганига ҳеч ким эътибор ҳам бергани йўқ. Ишқилиб, у насронийликни ҳам қабул қилвормаган бўлсин.