16 March 2018
13:09 - Марказий Осиё давлат раҳбарларининг биринчи маслаҳат учрашуви “Марказий Осиё Бирлиги” яратиш йўлидаги биринчи қадамми?
“Бирлик” Партияси лидери Абдураҳим Пўлат ўтган асрнинг 90-чи йиллари ўртасида Туркияда турк тилида эълон қилинган мақоласида қуйидаги фикрни олға сурган эди: “Россия ва Хитой ўртасида қолган Марказий Осиё минтақасидаги давлатлар бирлашиб, “Марказий Осиё Бирлиги” ёки “Туркистон Бирлиги” деб аталадиган Европа Иттифоқи каби ташкилот тузишлари керак.” Унинг фикрича, бу ташкилотга ҳозир Хитой ичида бўлган Уйғуристон ва Афғонистоннинг шимолий қисмидаги асосан туркий халқлар яшайдиган қисми ҳам кириши керак. Ўшандан бери Абдураҳим Пўлат бу фикрини имкони бор жойда такрорлаб келмоқда.

Кеча Остонда ўтказилган Марказий Осиё давлат раҳбарларининг биринчи маслаҳат учрашуви “Марказий Осиё Бирлиги” яратиш йўлида биринчи қадам бўлиши мумкин.

Бу ҳақдаги хабарларда айтилишича, йиғилишда Қозоғистон Президенти Нурсултон Назарбой, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиё, Қирғизистон Президенти Сооронбай Жээнбеков, Тожикистон Президенти Имомали Раҳмон, Туркманистон Мажлиси раиси Акжа Нурбердиева иштирок этди. Туркманистон Президенти аввалдан режалаштирилган тадбирлар билан банд бўлгани сабаби Остонага келолмабди.

Нурсултон Назарбой умумий йиғилишдан олдин Ўзбекистон ва Қирғизистон президентлари билан алоҳида учрашувлар ҳам ўтказган.

Умумий йиғилишга Нурсултон Назарбой раислик қилган ва унинг кириш нутқини оммавий ахборот воситаларининг вакиллари ҳам тинглашган. Шундан кейин мажлис ёпиқ шаклда ўтказилган. Йиғилишдан кейин журналистлар олдига чиққан Нурсултон Назарбой учрашув ҳақида умумий маълумот берган.

Йиғилишда СССР парчаланганда пайдо бўлиб, ҳалигача тўла ҳал этилмаган чегара муаммолари, минтақани ташқи хавфлардан, жумладан терроризм (табиий, гап ислом терроризми ҳақида кетмоқда – “Ҳаракат”) хавфидан ҳимоя қилиш муаммолари, савдо ва иқтисодий ҳамкорлик масалалари, Амударё ва Сирдарё сувларидан келишган ҳолда фойдаланиш йўлидаги муаммолар муҳокама қилинибди.

Йиғилиш бор-йўғи 1,5 соатча давом этганидан тушуниш мумкинки, 5 мамлакат лидерларининг бу учрашуви биринчи қадам сифатида муҳим бўлган, аммо моҳиятан хўжа кўрсинга ўтказилган.

Бу йиғилиш ҳақида тарқатилган хабарлардан тушуни ш мумкинки, келажагимизнинг асоси бўладиган асосий мавзу – демократия мавзуси мутлақо тилга олинмаган. Ҳеч бир расмда Туркманистон Мажлисининг раиси Акжа Нурбердиева кўринмагани ҳам эътиборга лойиқ.

ЎзАнинг хабарида 2017 йилнинг 10 ноябрь куни БМТ шафелигида Самарқанд шаҳрида ўтган "Марказий Осиё: ягона тарих ва умумий келажак, барқарор ривожланиш ва тараққиёт йўлидаги ҳамкорлик" мавзусидаги халқаро конференцияда Шавкат Мирзиё Марказий Осиё давлатлари лидерларининг йиғилишини ўтказиш таклифини илгари сургани, ўшанда бу ташаббусни минтақадаги барча давлатлар ва халқаро ташкилотлар қўллаб-қувватлагани ва Қозоғистон Президенти Нурсултон Назарбоев биринчи учрашувни Остонада ўтказишни таклиф қилгани алоҳида урғуланган.

Марказий Осиё давлатлари лидерларининг кейинги маслаҳат учрашуви 2019 йил Наврўз байрами олдидан Тошкентда ўтказиладиган бўлибди.

Кейин 4 мамлакат президентлари “Остона опера” театрида уюштирилган ва Қозоғистонда “Ўзбекистон йили” бошланишига бағишланган тантанали маросимда қатнашдилар. Шавкат Мирзиё ва Нурсултон Назарбойнинг нутқларидан сўнгра ўзбек санъат усталарининг концерти бўлди.