09 March 2018
19:11 - Суд “Бирлик” ва “Эзгулик” фаоли Мусажон Бобожонга ҳукм ўқишни кечиктирди, Абдураҳим Пўлат у билан телефонда гаплашди

Бугун Жиноят ишлари бўйича Фарғона вилояти Қува тумани судида “Бирлик” Партияси ва Инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” Жамиятининг фаоли Мусажон Бобожоновга нисбатан суд ҳукми ўқилиши лозим эди. Аввалги хабарларимиздан маълумки, давлат қораловчиси уни диний ақидапарастликда айблаб, уни 4 йил озодликдан маҳрум қилишни сўраган эди. Дунёнинг энг мудҳиш диктаторликларидан бири ҳисобланадиган Ўзбекистондек давлатнинг судьяси давлат қораловчисининг талабини бажариши шубҳасиз эди. Аммо, бугун, мутлақо кўпчилик учун кутилмаган воқеа бўлди, ҳукмни ўқиш шу йилнинг 15 мартига қадар кечиктирилди.

Мусажон Бобожон мухбиримизга айтишича, 7 март куни унинг Андижон вилояти Марҳамат туманидаги уйига Фарғона вилояти Ички ишлар бошқармаси раҳбариятидан келган офицер унинг Президент Шавкат Мирзиёга ёзган аризаси ўрганилгани, ўрганиш давомида мухолифатчи Мусажон Бобожонга нисбатан айблов уйдирилгани, тергов бир томонлама олиб борилгани ва бу ишда унинг айби йўқлигини айтиб, энди шу масала бўйича Қува тумани судига бориши ҳақида гапирган. У Мусажон Бобожонга: “Афсуски, бу иш боши берк кўчага кирибди. Агар оқлансангиз, сизни айблаганларни жавобгарликка тортишга тўғри келади, аксинча, сизга адолатсизлик” дебди ҳам.

Вашингтон вақти билан эрталаб Мусажон Бобожонга телефон қилган “Бирлик” Партияси раиси Абдураҳим Пўлат суд ҳукм ўқишни кечиктирганини аввал унинг ўзидан ўрганди. Абдураҳим Пўлат ҳукм ўқиш кечиктирилишини аввалдан тахмин қилганини, шундай бўлиб чиққани унинг ўзи учун кутилмаган хабар эмаслигини айтиш билан бирга, ўз сафдоши билан Ўзбекистонда ҳали ҳам “ақидапарастлик” тушунчасига, СССР замонида шаклланганидек, салбий қараш давом этаётгани, буни ўзгартириш шартлиги, бундан ҳам муҳими Ислом динида жиддий ислоҳотлар ўтказиш ҳақида қисқа суҳбат қилишди.

Яна эслатиш керакки, Абдураҳим Пўлат шу йил 3 март куни Ислом дини нималигини ҳам, “ақидапарастлик” нималигини ҳам билмайдиган терговчи ва суд-адабиётшунослик экспертларининг хулосалари бўйича Мусажон Бобожонга мутлақо хато айбнома қўйилгани, агар судья унга қарши жазолаш ҳукми чиқарса, бутун дунё, биринчи навбатда, Ғарб, жумладан, АҚШ олдида, Ўзбекистонда ҳамма нарсани ижобий томонга ўзгартираман деб баёнотлар бериб ётган Президент Шавкат Мирзиёнинг обрўси бир пул бўлишини урғулаб, Жиноят ишлари бўйича Қува тумани суди раиси Баҳодир Ваҳобовга хат ёзган эди. Абдураҳим Пўлат бир неча кун ўз хатини Қува судининг факси орқали жўнатишга ҳаракат қилди, Аммо факс (998 73 315 11 03) доимо ишламасди. Сўнгра у ўз хатини суднинг электрон адресига (jib.far.qvt@sud.uz) жўнатиб, кейин ўз хатини “Ҳаракат” Агентлигининг сайтида ва унинг Фейсбукдаги саҳифасида ҳам эълон қилганди.