06 March 2018
23:06 - Абдураҳим Пўлат Шавкат Мирзиёга: Партиямиз фаоли Мусажон Бобажонни Оллоҳга ишонгани учун қаматманг, бутун дунёга шарманда бўласиз!
Аввалги хабарларимида айтилганидек “Бирлик” Халқ Ҳаракати Партияси Андижон вилояти ташкилотининг раҳбари, айни замонда, Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари “Эзгулик” Жамиятининг раиси ҳам бўлган Мусажон Бобожон устидан диний ақидапарстлик айби билан Фарғона вилояти Қува туманида жиноий иш очилиб, иш судга берилган, ҳукуматнинг қораловчиси уни 4 йил қамоққа ташлашни талаб қилаётганди. 9 март куни Қува туман суди бу иш бўйича ўз ҳукмини чиқариши керак. Табиий, қораловчи каби мавжуд режимнинг қўғирчоғи билан судья ўша режимнинг ҳукмини эълон қилади, тамом-вассалом.

“Бирлик” Партияси лидери Абдураҳим Пўлат Жиноят ишлари бўйича Қува тумани суди раиси Баҳодир Ваҳобовга Мусажон Бобожонов устидан кўрилаётган иш бўйича муҳим фикр ва далилларга асосаланган мактуб йўллади. Мана унинг матни.

* * * * *

3 март, 2018 йил

Ҳурматли Баҳодир Ваҳобов,

Биринчидан шуни айтиш керакки, Ўзбекистонда ўзбек тилига давлат тили мақоми беришда ва Ўзбекистонни мустақиликка эриштиришда асосий роль ўйнаган “Бирлик” Халқ Ҳаракатининг вориси бўлган “Бирлик” Халқ Ҳаракати Партияси ноқонуний ташкилот эмас. Бу партия 2004 йили тузилган ва ўша пайтдаёқ уни расмий рўйхатдан ўтказиш учун Адлия Вазирлигига керакли ҳамма ҳужжатлар топширилган. Жумладан, 21 минг партия аъзоснинг рўйхати ҳам. Адлия Вазирлиги бир неча марта ҳужжатларимзда принципиал бўлмаган камчиликларни кўрсатиб, уларни тузатишни сўради, биз вазирликнинг ҳамма талабларини бажарганимизга қарамасдан, ҳалигача вазирлик бизни рўйхатга олмади, аммо рад жавоби ҳам бермади.

Сиз ҳуқуқчи сифатида тушунасизки, Адлия Вазирлигининг бу иши қонунларга зид. Янги Президент ҳамма ҳақсизликларни тугатишга дунё жамоатчилиги кўзи ўнгида ваъдалар бермоқда. Демак, Адлия Вазирлигини бу адолатсиз иши ҳам тузатилади.

Шундай экан, ҳуқуқ нуқтаи назаридан партияни рўйхатдан олдириш жараёни давом этмоқда. Партиямизнинг марказий ва маҳаллий органлари ўз ишларини давом эттирмоқдалар. Партия Марказий Кенгашининг охириги мажлиси Тошкентда 2017 йил 28 январда 33 кишининг иштирокида ўтказилди. Йиғилиш қатнашчилари янги сайланган Президент Шавкат Мирзиёнинг Ўзбекистонда катта ўзгаришлар қилиш ҳақидаги ваъдалари қандай бажарилишини бироз кутиш, ана ундан кейин партиянинг янги Президент олиб бораётган сиёсатига муносабати ва келажак стратегияларини белгилаш ҳақида қарор олишга келишдилар. Шу кунларда партиянинг навбатдаги Маркзий Кенгаши йиғилишини ўтказишга тайёрланмоқдамиз.

Энди асосий мавзуга ўтаман. Устидан Ўзбекистон Жиноий Кодексининг 2441-моддаси 2-қисми (Жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид соладиган материалларни тайёрлаш, сақлаш, тарқатиш ёки намойиш этиш) билан айбланаётган партиямизнинг Андижон вилояти ташкилоти раиси Мусажон Бобожоновнинг иши бўйича Фарғона вилояти ИИБ ҳузуридаги Тергов бошқармаси терговчиси Ш.Мадаминов тайёрлаган ва Фарғона вилоят прокурори биринчи ўринбосари, адлия маслаҳатчиси Б.А.Исмоилов тасдиқлаган Айблов Хулосаси билан жиддий шаклда танишиб чиқдик.

Терговчи Ш.Мадаминов ўз терговинингн натижалари ва Суд-адабиётшунослик экспертизасининг 11.10.2017 йил ва 29.09.2017 йилдаги хулосаларига асосланиб айтишича, Мусажон Бобожоновга “Абдуллох домла томонидан қилинган ақидапарастлик ғоялари билан йўғирилган ва ақидапарастликни тарғиб этувчи мазкур маърузаларни, Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириш, тайёрлаш ва тарқатиш тақиқланган материалларни қонунга хилоф равишда тайёрлаб, сақлаб ва ҳар қандай усулда тарқатиб, Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 2441-моддаси 2-қисмида кўрсатилган жиноятни қасддан содир этган” деб айб қўйилмоқда.

Бу ерда шуни очиқча айтиш керакки, ҳурматли судья, Терговчи Ш.Мадаминов ва Суд-адабиётшунослик экспертлари “ақидапарастлик” сўзининг маъносини яхши билишмайди. Гап шундаки, ақида (русчасига – догма) – борлигини исботлаб бўлмайдиган нарса ёки фикр бўлиб, ақидапарастлик - ақидаларга ишонишдир. Ҳамма динларда Худо ёки Тангрининг, мусулмонларда Оллоҳнинг борлиги исботланмаган ва буни исботлаб бўлмайди, демак, ҳамма мусулмонлар, насронийлар ва яҳудийлар ақидапарастлардир. Интернетга кирсангиз, бу сўзларнинг маъноси ҳақида истаганча маълумот топишингиз мумкин.

Шундай экан, Мусажон Бобожоновни гўёки ақидапарастлиги учун жазога тортсангиз, бутун дунё, биринчи навбатда, Ғарб, жумладан, АҚШ олдида, Ўзбекистоннинг ва Ўзбекистонда ҳамма нарсани ижобий томонга ўзгартираман деб баёнотлар бериб ётган Президент Шавкат Мирзиёнинг обрўсини бир пул қиласиз. Дунё танийдиган демократик “Бирлик”нинг фаоли қамоққа ташланиши, унинг яқинлари ва сафдошларига зарба бўлиши ўз-ўзидан маълум. Аммо, ташқаридан Ўзбекистонга ҳам катта зарба келади.

Ҳозир бутун дунёнинг диққат марказида исломий ақидапарастлик эмас, ислом терроризми турибди. Бутун дунё уни куч билан енгиш ҳаракатида. Аммо, “Бирлик” ва унинг жарчиси бўлган “Ҳаракат” Агентлигига тегишли Интерент нашрларда биз ислом терроризмининг илдизларини тинч йўл билан йўқ қилишнинг ягона йўли – Ислом динида фундаментал ислоҳотлар ўтказиш, биринчи навбатда, Ислом дини дунёвийлик/светский/сеуляризм принципини тан олишига эришиш эканлигини айтмоқдамиз. Бу ҳақда АҚШ президентларига хатлар ёздик, Президент Обамдан 2 та жавоб ҳам олганмиз. Шу кунларда Ўзбекистон Мусулмонлари Идорасига ҳам бу муаммони тушунтириб, Ислом динида ислоҳотларни Ал Беруний, Ат-Термизийнинг авлодлари бошлаши муҳимлигини алоҳида урғуладик.

Шуни ҳам айтиш керакки, ислом терроризмини тўхтатиш, Ислом динида ислоҳотлар ўтказиш - ўта мураккаб ва ўта қоришиқ муаммолар билан боғлик эканлиги, бу мураккаблик ва қоришиқликларни бир хатлаб ўтиб бўлмаслигини, бу орада тушунмовчиликлар ҳам бўлиши мумкинлигини биламиз. Мусажон Бобожонов билан ҳам шундай тушунмовчиликлар бўлган бўлса, аминманки, бу каби тушунмовчиликларни ўз ичимизда ҳал этоламиз. Биз биргаликда қилаётган ишлар Ўзбекистонимиз учун ҳам, Ислом динимиз учун ҳам фойдали бўлишига аминмиз.

Яна шуни ҳам эслатиш керакки, Мусажон Бобожонов дунёга машҳур Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари “Эзгулик” Жамиятининг фаоли, Андижон бўлимининг раиси. Шу йил 26 январда Эзгулик" Жамияти Европа Иттифоқининг Тошкентдаги ваколотхонасида йиллик ҳисоботини тақдим қилди. Тақдим қилиш маросимида “Эзгулик” номидан Мусажон Бобожонов ҳам қатнашди, ўз фикрларини билдирди (harakat.net/news/?id=21577). У ерга АҚШ, Германия, Франция, Буюбритания ва бошқа бир қатор мамлакатларнинг элчилари ҳам келдилар. Шундай йиғилишда қатнашган одамни диний ақидапарастлик айби билан жазолаш Ғарбда қандай реакция беришини тушунсангиз керак.

Сиздан илтимос қиламиз, бу иш бўйича Мусажон Бобожоновни айбдор деб топманг, уни жазога тортманг. Акс ҳолда, ҳаммамиз уятга қоламиз.

Ҳурматлар билан,

Абдураҳим Пўлат

Ўзбек тилини давлат тили қилган ва
Ўзбекистонни СССРдан чиқариб олган “Бирлик”нинг раҳбари,
Техника Фанлари Доктори, Профессор,
Интеллектуал роботлар яратиш бўйича дунёда
биринчилардан иш бошлаган олим

* * * * *

“ҲАРАКАТ” ТАҲРИРИЯТИДАН: Қизиқ, бу мактуб билан “Ислом Карим – Шавкат Мирзиё” режимининг Ўзбекистонда янги дин, яъни Худоси борлигини исботлаш мумкин бўлган янги коммунистлар динини яратиш ҳаёлини йўққа чиқарадику. Ҳа, коммунизм деб аталадиган ва динликка иддао қилаётган коммунизм ғоясининг бир эмас, 4 та Худоси бор ва уларнинг борлиги аллақачон ҲАММА коммунистларга исботланган. Булар – Маркс-Энгельс-Ленин-Сталин. Наҳотки, Ўзбекистонда ҳукмронлик қилаётган тожиклар режимидагилар Мусажон Бобожонни коммунистик динга ўтказиш ҳаракатига тушдилар. Бўлиши мумкин, бундайлардан ҳар нарса кутишга тайёр бўлиш керак.

Аммо, ишонамизки, Мусажон Бобожонни ҳеч ким коммунистик динга ўтказолмайди.