06 March 2018
20:48 - Юсуф Жума: Пахта экиш керак халқнинг ўрнига!
Бу шеър 80 йилларда (ХХ аср) Тош ДУнинг залида - Оролни асраш қўмитасида ўтказилган учрашувда ўқилган. Ўзбекистон телеканали ёзиб олган. Лекин кесиб ташлаб, бошқаларни беришган. Не-не казолару Абдулла Орифдан Шерали Жўраевгача бор эди. Айримлар Шерали Жўраевга шу шеърни қўшиқ қил дедилар. Қўшиқ қилсам қаерда айтаман, деб жавоб берди. Шеър Орол қуриса яхши бўлади, ўрнига пахта экамиз деган туркман академигига қарши ёзилган -- адашмасам Бобоев.

У замон Ўзбекистон қаҳрамонлари - бугун ҳайкаллари тикланган - сотқин Ислом Каримов Аҳмаджон Одилов айтганидай Московга пора таширди. Абдулла Ориф Наврўзни Навбаҳор этайлик деб Раъно Абдуллайеванинг этагини кўтариб юрарди. Шундай хоинлар туфайли Ўзбекистон бир кун ҳам мустақил бўлмади, бўлмайди ҳам.

Ўрис 2018 йилдан пахта экармиш. Гўё Ўзбекистон мустақилу 2020 йилдан ўз пахтасини ўзи ишлармиш. Нафақат пахта, бутун бойлик - газу олтин, пахта, уран Россияга оқаверади. Озодликнинг ўзбек бўлимидаги ақли сичқон думидай узун "даҳолари" Рустам Иноятов Лубянканинг сўнгги таянчи эди деб ёзмоқдалар.

Биринчидан, Москва ўрта Осиёда таянчга зор эмас - ўзи таянч - эга.

Иккинчидан, Тўралар, пагонлилар ўрис қозиғида.

Учинчидан, Ўриспараст - оқ қорани танимаган, эрку юрт учун курашмаган, қулликка рози, ҳар бир нодон, қўрқоқ ўзбек қаламкашлари Лубянка таянчи. Озодлик билан ББCнинг ўзбек бўлимлари ҳам - шулар ёзди. Газпром ўзбек газини олишни қисқартиради деган - КГБ ёлғонларини. Мухолифатнинг нодон қисми ҳам Лубянка таянчи. Шулар ёзмоқда 50 миллиард куб газнинг 30 миллиарди Ўзбекистонга қолади деб - шунча газ қолса Водийдан Қорақалпоққача тун кун олов ёнарди. Бутун ер ости хазинаси Московга оқмоқда. Ўзбикистоннинг бош муаммоси ўрисга қарамлик.

Қуйидаги шеърнинг асли йўқ. 2007 йилгача барча битганларимни 2001 ва 2007 йилдаги тинтувларда МХХ олиб кетган. 99% дан ортиғи эълон этилмаган. Хотирамда қолгани бўйича тикланган.

Сизнингча - Оролни чўллатиш керак,
Пахта экиш керак Уммон ўрнига.
Бухоро, Хевани қулатиш керак -
Пахта экиш керак Турон ўрнига!

Сизнинг ҳанворлаб юксак Помирни
Пахта экиш керак - Московга тоат.
Танк билан текислаб Гўри Амирни
Пахта экиш керак ўрнига абад.

Очун сайқалини қўпориб ташлаб -
Самарқанд ўрнига чигит қадаш шарт.
Ленин ҳайкалини қўпориб ташлаб
Пахц экиш керак - ўрнига албат.

Бешикларнинг ўрни бўлсин пахтазор,
Юрт айлансин пахта - Ҳақнинг ўрнига.
Битта халқ борми йўқ - нима фарқи бор -
Пахта экиш керак халқнинг ўрнига!