04 March 2018
10:26 - Шавкат Мирзиё немис бизнесмени билан аэропортда учрашибди, қизиқ, у қачон маҳаллий йирик хусусий компаниялар ва тадбиркорларга йўл берди?
Президент Шавкат Мирзиёнинг матбуот хизмати унинг Тошкент халқаро аэропортида Германиянинг Mangold Consulting компанияси бошқаруви раиси Клаус Манголд билан учрашгани ҳақида ёзди. Учрашув давомида президент Ўзбекистонда Германиянинг етакчи компаниялари билан ўзаро манфаатли ва узоқ муддатли шерикликни ривожлантиришга устувор аҳамият қаратилаётгани алоҳида таъкидлаган.

“Бугунги кунда Ўзбекистонда Германиянинг MAN, Claas, Lemken, Knauf каби ўз соҳасида етакчи бўлган концерн ва корхоналари муваффақиятли фаолият юритмоқда. Siemens, Bosch, Viessmann, Humana ва кўплаб бошқа компаниялар билан биргаликда истиқболли инвестиция лойиҳалари ишлаб чиқилмоқда. Германиядан Ўзбекистон иқтисодиётига жалб этилган инвестициялар ҳажми 1 миллиард долларини ташкил этади” дейилади хабарда.

Учрашувда Германия компаниялари билан Ўзбекистонда юқори технологияли ишлаб чиқариш корхоналарини очиш, транспорт-логистика ва туризм инфратузилмасини модернизация қилиш, савдо-сотиқ ва қўшма лойиҳаларни молиялаштириш бўйича амалий ҳамкорликни кенгайтириш истиқболлари муҳокама қилинган.

Ростдан ҳам бу хабар қизиқ хабар. Аммо, хабардан ҳам қизиқ саволга жавоб йўқ. Юрт ташқарисидан келган компаниялар билан иш битмайди-ку, қачон Ўзбекистоннинг ўзида йирик хусусий компаниялар ва тадбиркорларга йўл берасиз, жаноб Шавкат Мирзиё? Буларсиз Ўзбекистоннинг келажаги йўқлигини ҳам тушунмайсизми? У ҳолда ўзбеклар майдонларга чиқиб, тожиклар режимидан Ўзбекистон ва ўзбекларнинг келажаги ҳақида ўйлашни талаб қилишдан бошқа йўллари қолмайди-ку!