26 February 2018
19:51 - Фарғонада прокурор демократик мухолифат вакили ва ҳуқуқ ҳимоячиси бўлган Мусажон Бобожоновни 4 йилга қамашни сўрамоқда
Бугун жиноят ишлари бўйича Фарғона вилояти Қува тумани судида давлат айбловчиси “Бирлик” Партияси Андижон вилояти ташкилотининг ва айни замонда Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари “Эзгулик” Жамияти Андижон вилояти бўлимининг раиси, 51 яшар Мусажон Бобожоновни 4 йилга озодликдан маҳрум қилишни сўради. “Эзгулик” жамиятига кўра, Мусажон Бобожоновга оид жиноят иши 2017 йилнинг ноябрида Фарғона вилояти ИИБ тергов бошқармаси томонидан қўзғатилиб, шу йилнинг 6 февраль куни судда кўрила бошланган.

Мухолифатчи Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 2441-моддаси 2-қисми (Жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид соладиган материалларни тайёрлаш, сақлаш, тарқатиш ёки намойиш этиш) билан айбланмоқда.

“2017 йилнинг 6 октябрь куни Мусажон Бобожоновнинг уйига Фарғона шаҳар Ички ишлар бўлими Терроризм ва диний экстремизмга қарши кураш бўлими тезкор вакиллари бўлмиш Жавлонбек ва Акмалжон келиб, 1991 йил Қува туманида туғилган Ўринова Нилуфар Ашурали қизининг компьютери хотирасидан диний радикал адабиётлар топилганини, унинг айнан ҳуқуқ фаолига тегишли эканини айтишади” дейилади “Эзгулик жамияти хабарида.

Маълум бўлишича, Мусажон Бобожоновнинг Фарғона вилояти ИИБ томонидан мусодара қилинган компьютеридан қирғизистонлик Абдуллоҳ домланинг “Пайғамбарлар тарихи” номли мажмуаси ва унинг ичидан 24 та аудиофайл, шунингдек, “Жаннатга ошиқлар” номли рисола матни топилган. Мазкур асарлар адабиётшуносликка оид суд экспертизаси томонидан диний фундаментал адабиёт сифатида баҳоланибди.

Дунёнинг энг мудҳиш зиндонларидан бири ҳисобланадигшан Ўзбекистонда давлат айбловчиилари ҳам, судлар ҳам, адолат учун хизмат қиладиган инсонлар эмас, юқорининг буйруғини бажариш билан шуғулланадиган қўғирчоқлар эканлиги маълум. Демак, Шавкат Мирзиё демократик мухолифат вакилларига қарши ҳаромий Ислом Карим яратган қатағон системасини ишлатишни давом эттиримоқчи.

Шу муносабат билан эслатиш керакки, шу 25 январда “Эзгулик” жамияти 2017 йил ҳисоботини Европа Иттифоқининг Тошкентдаги ваколатхонасида тақдим этган ва тақдим этишда Мусажон Бобожонов ҳам қатнашган эди. Ўша тақдимот м аросимида АҚШ, Германия, Франция ва Буюбритания давлатларининг Ўзбекистондаги элчилари ҳам қатнашган эдилар. Шавкат Мирзиёнинг Мусажон Бобожонов баҳонасида демократик мухолифат ва ҳуқуқ ҳимоячиларига қарши олиб бораётган сиёсати Ғарб давлатларига ҳам шапалоқ бўлиши муқаррар.

Расм “Эзгулик”нинг ҳисоботи тақдим этилаётган пайтда олинган. У ерда атлас кўйлакдаги “Эзгулик” раиси Васила Иноятованинг чап тарафида учунчи киши айнан Мусажон Бобожоновдир. Расмни яхшироқ кўриш учун уни курсор билан босинг.