21 February 2018
22:39 - Наманганда 5 тонналик сумалак тайёрланмоқда

Наманган шаҳрида Наврўз байрами тантаналари доирасида 20-21 март кунлари илк бор ташкил этиладиган "Сумалак сайли" туризм ва миллий қадриятлар фестивали давомида 5 тонналик қозонда сумалак тайёрланади, деб ёзмоқда маҳаллий веб нашрлар.

Хабарда айтилишича, бунча миқдордаги сумалакни тайёрлаш учун 2 тонна буғдой ивитилади. Буғдойдан ташқари, 2 тонна ун, 1 тонна ёғ, 450 кг зоғора уни, 50 кг новвот ишлатилади. Сумалакни тайёрлаш учун 25 нафар онахон – сумалак усталари жалб этилади.

Тайёрланган сумалак барча ташриф буюрган меҳмонларга тортиқ қилиш билан бирга, қариялар ва меҳрибонлик уйларига, маҳаллалардаги кам таъминланган оилаларга тарқатилади.

Ўтган йилнинг 8 сентябрида тошкентликлар "Ўзбегим" фестивали доирасида 7360 килолик палов тайёрлаб, Гиннеснинг рекордлар китобига киришганди. Йил охирида эса Сурхондарёнинг Денов тумани ошпазлари бу кўрсаткични 9 000 килога чиқаришган.