15 February 2018
12:26 - ЎзАни жин урди ва у Флоридадаги мактабда 17 киши ўлганини хабар қилди. Бу жин – қизиқ бир латифа экан

Яқин вақтгача ЎзА шанба-бозор кунлари ишламасдан, қолган кунлари 10 та атрофида бир тийинга қиммат хабарлар тарқатиш билан шуғулланарди. “Ҳаракат” бу агентлик масхарабозликдан бошқа нарса эмаслиги устидан кулаверганидан кейин хабарлар сони 2-3 марта ошди, агентлик шанба куни ишлашга бошлади. Мана, кеча яна бир янгилик пайдо бўлди. Сенсация, ЎзА чет элга оид хабар тарқатди.

Нимамиш, АҚШнинг Флорида штатидаги бир мактабдан қоидабузарлиги туфайли ҳайдалган, 19 ёшли йигитча кеча мактаб биносига кириб, ёнғин хавфсизлиги қурилмасини ишга туширибди ва ҳамма йўллакаларга югириб чиққанда, ўзи билан олиб келган AR-15 маркали автомати билан 17 кишини отиб ўлдирибди. Полиция уни тириклайин ушлаб олган.

Бунга ўхшаган воқеалар АҚШда сал кам ҳар куни бўлиб туради. Тўғри, кеча жуда кўп одам ўлдирилган, одатда 2-3 киши ўларди. Бу йилнинг ўзида АҚШ мактабларида 18 марта отишув бўлган экан.

Хўш, ЎзАни нима жин урди? Тахмин қилиш мумкинки, юқоридан буйруқ келган: “Бутун дунёда оммавий қотилликлар оддий ҳолга айланган пайтда, Ўзбекистонимиз тинч, бизда ўртача ойлик қозоқлардан 8-10 баравар кам бўлса ҳам, профессорларимиз қозоқ дворникларидан кам маош олсалар ҳам, бизда ҳеч бир мактабада ҳеч ким 17 кишини отиб ўлдиролмайди, қолаверса, бизда бунча ўқнинг ўзи ҳам йўқ.”

Шу сабаб билан бир латифани эслашдан фойда бор. Бир мамлакатда, Ўзбекистонда, шекилли, бир одам доим “бизда у йўқ, бизда бу йўқ” деб фақат камчиликларни гапираверар экан. Дўстлари унга “Эҳтиёт бўл, махсус хизматлар сан билан қизиқиб қолиши мумкин” десалар ҳам, у парво қилмабди. Ва ниҳоят бир куни МХХчилар уни ушлаб кетишибди. Ҳамма ёмон хабар кутар экан, 2-3 кундан кейин у киши соппа-соғ чиқибди. Дўстлари ундан нима бўлди деб сўрашса, у шундай жавоб берибди: “Эй, уларнингн отишга ўқи ҳам йўқ”.

Николас Круз исмли қотил йигит, қочиб кетган бўлса ҳам тезда полиция тарафидан топилибди ва ушланибди. Ушланиш пайтидаги расмни Reuters Агентлигининг сайтидан “Ҳаракат”нинг ўзи олди.