12 February 2018
19:32 - Шу ҳам хабар: Ўзбекистон самолёти Самарага мажбурий қўнибди
Бугун РИА Новостининг хабар беришича, Ургенчдан Санкт-Петербург шаҳрига йўл олган "Ўзбекистон Ҳаво Йўллари" МАКга қарашли самолёти Самара аэропортида шошилинч қўнишга мажбур бўлди. "HY 637 рейс бўйича Ургенчдан Санкт-Петербург шаҳрига маҳаллий вақт соат 11:34да учган А-320 самолёти Самара аэропортида шошилинч қўнишга мажбур бўлди. Бир нафар йўловчининг юраги безовта қилиб, мазаси қочиб қолди", - дейилади хабарда.

Маълум бўлишича, йўловчига биринчи тиббий ёрдам кўрсатилган. Йўловчининг хавфсизлиги учун уни Самара шаҳрида қолдиришга келишилган. Самолёт 143 нафар йўловчи билан маҳаллий вақт соат 14:48 да Санкт-Петербургга учиб кетди, дейишган самараликлар.

Бу хабарнинг сарлавҳасига "Шу ҳам хабар” деган кинояли сўзлар қўшдик. Чунки, ростдан ҳам бу каби хабарплар ҳозир дунёда тиқилиб ётибди. Мана кечагина русларнинг бир йўловчи учоғи тушиб кетди, кўп одам ҳалок бўлди. Мана буни ҳеч киноясиз, сенсацион хабар сифатида тарқатиш мумкин.