05 February 2018
01:05 - “Эзгулик” ва “Бирлик” фаоли Мусажон Бобожон диний радикализмда айбланмоқда
Фарғона вилояти ИИБ тергов бошқармаси томонидан “Бирлик” Партияси ва Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари “Эзгулик” Жамияти Андижон вилояти бўлими раиси Мусажон Бобожонга оид 304011/2017-773-сонли жиноят иши Фарғона вилояти Қува тумани судига тегишли тартибда юборилди. Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 244-моддаси 1 ва 2-қиcмлари (Диний экстремистик, сепаратистик, фундаменталистик ёки бошқа тақиқланган ташкилотлар тузиш, уларга раҳбарлик қилиш, уларда иштирок этиш) билан айбланаётган Мусажон Бобожон иши бўйича илк суд мажлиси шу йилнинг 5 февраль кунига белгиланган.

“Мен Тошкент Давлат Шарқшунослик Институти ҳамда Қоҳира Университетини тамомлаган мутахассисман. Умрим давомида диний радикал адабиётларнинг зарари, муқаддас динимизга салбий таъсири борасида тадқиқотлар олиб бордим. Бу борада “Йўқлик ва Борлиқни оралаб”, “Исмга инган ҳукмлар” ва “Лақаб ҳақида”, “Жаҳон тиллари тўғрисида” номли асарларим бир неча китобларим ҳам чоп қилинган. Вақтли матбуотда чиқишлар қилиб тураман. Энди ана шу фаолиятимни ўзимга қарши айблов сифатида ишлатишмоқда” дейди Мусажон Бобожон.

Маълум бўлишича, 2017 йилнинг 6 октябрь куни Мусажон Бобожоннинг уйига Фарғона шаҳар Ички ишлар бўлими Терроризм ва диний экстримизим бўлими тезкор вакиллари бўлмиш Жавлонбек ва Акмалжон келиб, 1991 йил Қува туманида туғилган Ўринова Нилуфар Ашурали қизининг компьютер хотирасидан диний радикал адабиётлар топилганини, унинг айнан ҳуқуқ фаолига тегишли эканини айтишади.

Мусажон Бобожоновнинг Фарғона вилояти ИИБ томонидан мусодара қилинган компьютеридан Қирғизистонлик Абдуллоҳ домланинг “Пайғамбарлар тарихи” номли мажмуаси ва унинг ичидан 24 та аудиофайл ва унинг ичидан эса “Жаннатга ошиқлар” деган асари матни топилган. Мазкур асарлар адабиётшуносликка оид суд экспертизаси томонидан диний фундаментал адабиёт сифатида баҳоланган.

Ҳуқуқ фаоли Мусажон Бобожонга тергов томонидан қўйилган айбловлар суддда тасдиқланса, у 5 йилга қадар муддатга озодликдан маҳрум қилиниши мумкин.

Расмда - "Эзгулик" Жамияти Европа Иттифоқининг Тошкентдаги ваколотхонасида шу йил 26 январда мамлакатимиздаги инсон ҳуқуқлари вазияти борасидаги ҳисоботини тақдим қилаётган пайт. У ерда ўнг тарафдан 4-чи Мусажон Бобожондир. Шундай ҳуқуқ фаоли, айни замонда, ҳар қандай радикализм ва экстремизмдан узоқ туриши билан танилган "Бирлик" Партияси фаолини диний экстремистик, сепаратистик, фундаменталистик ташкилотлар тузишда айблаб, суд қилиш мантиқсизликдир.