31 January 2018
21:32 - Иқтисодиёт вазирлиги гўшт нархининг ошишини изоҳлади
ЎЗбекистон Миллий Ахборот Агентлиги хабар қилишича, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт Вазирлиги мамлакатда гўшт нархининг ошиб кетишига вилоятлар ва туманларда чорвачилик маҳсулотларини етиштириш ва қайта ишлаш комплексларининг етарли даражада ривожланмагани сабаб бўлаётганини билдирибди. Шунингдек, фермер ва деҳқон хўжаликларининг маҳсулдор чорва моллари билан таъминланмагани ҳамда маҳсулдор чорва молларини етиштириш соҳасидаги илмий изланишларнинг етишмаслиги ҳам гўшт ва гўшт маҳсулотлари нархининг ошиб кетишига олиб келмоқда эмиш.

Буни қарангки, вазирлик мулозими ёки мулозимларии ҳеч ким билмайдиган яна “янгилик”ни очибдилар. Гўшт нархи урчишининг сабабларидан бири озуқа-ем маҳсулотларини етиштириш учун ер майдонларининг етишмаслиги, ерларнинг шўрланиши, озуқа-ем маҳсулотлари таннархининг юқорилиги, реализация қилишдаги “воситачилар”нинг кўплиги ҳам экан. Аммо мулозимлар давлатнинг иқтисодий сиёсати йўқлиги, соҳа тўла коррупция қўлида эканлиги, мамлакатимиз тўла бозор иқтисодиётига ўтмагани ва сўмнинг девальвацияси туфайли ҳамма нархлар ошиши муқаррарлиги каби мавзуларда тўхталмаганлар.

Эслатиб ўтамиз, 2017 йилда мол гўшти 35,9 фоизга, қўй гўшти – 31,4 фоизга, парранда гўшти – 33,1 фоизга ошганди.