14 January 2018
10:17 - АҚШнинг юзига доғ тушди: “Америка Овози” радиоси Ўзбекистондаги режимнинг қўғирчоқ ОАВлари рўйхатига расман киритилди (Янгиланган версия)

Биринчидан, гап “Америка Овози” радиосининг ўзбек хизмати ҳақида кетмоқда. Иккинчидан, “Америка Овози” радиосининг ўзбек хизмати Ўзбекистондаги қўғирчоқ ОАВлари рўйхатига қўшилишига энг катта ҳисса қўшган одам - АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси Памела Спратлен бўлди. Учинчидан, Памела Спратленнинг “Америка Овози” радиоси ўзбек хизматига берган интервьюси Ўзбекистон Миллий Ахборот Агентлиги сайтида эълон қилиниши – “Америка Овози” қўғирчоқ ОАВлар руйхатга киритилганини тасдиқловчи расмий ҳужжатдир.

Памела Спартлан хоним ўзининг узундан узоқ суҳбатида Шавкат Мирзиё президентлик курсисига мутлақо қонунсиз, бунинг устига демократиянинг уруғи ҳам бўлмаган сайловлар йўли билан келганини умуман тилга олмаслиги – АҚШнинг рамзи бўлган демократия принципларига тупиришдир. Ваҳолангки, айнан шу сайловларни ҳам ҳисобга олган АҚШнинг "Озодлик Уйи" (Freedom House) ташкилоти Ўзбекистонни инсон эркинликлари бўйича жаҳон давлатлари рўйхатидаги охиридан 3-чи ўриндан, 2-чи ўринга туширганди.

Шавкат Мирзиё ҳокимиятга келгандан бери ҳар томонлама умид берувчи ишлар қилиш ҳақида гапираётганини ижобий баҳолган АҚШ элчиси бу умид берувчи ишлардан биронтаси натижа берганини айтмайди. Чунки, натижа йўқ-ку.

Тўғри, тан олиш керак, АҚШ элчиси Шавкат Мирзиёни ижобий баҳолаш учун Ўзбекистон қўшни мамлакатлар билан янгича қўшничилик сиёсатини амалда бошлаганини урғулаш билан бир қаторда, яна бир ЎТА МУҲИМ бир фактни эслатади. Нимамиш, Шавкат Мирзиё ҳамма билан яқиндан очиқ мулоқот қилишни хоҳлармиш, сизни қунт билан тинглармиш, бундан ҳам муҳими, гаплашаётганда сиз томон эгилармиш. Ҳеч шубҳа йўқ, Памела Спратлен хоним Шавкат Мирзиёнинг шундай "буюклик" жиҳатига эътибор бериши билан жаҳон диплoматияси тарихига киради.

Ҳа, шуни ҳам айтиш керакки, “Бирлик” Партиясининг жарчиси бўлган “Ҳаракат” Агентлиги “Америка Овози” радиосининг ўзбек хизматини, жумладан, Памела Спратлен билан суҳбат ўтказган ва ҳалигача руслар тиқиштирган шаклдаги исми-шарифидан ҳам воз кечмаган Навбаҳор Имамовани, Ўзбекистон Миллий Хавфсизик Хизматининг малайи деб аллақачон эълон қилган, бундай иддаони исботловчи фактлар келтирган, шу сабабли, “Бирлик” лидери Абдураҳим Пўлат АҚШга вақтинча яшаш учун келган йиллариёқ бу радио билан алоқа қилмай қўйган.

Дарвоқе, МХХнинг малайи Навбаҳор Имамова Памела Спратлен билан суҳбатни ҳам Ўзбекистондаги режим журналистларидан қолишмайдиган даражада режимни олқишлаш руҳида ўтказишга ҳаракат қилган ва суҳбатдаошини ҳам шу йўналишга тўла тортишга эришган. Улар Шавкат Мирзиёни Худо даражасига чиқариб бўлишган. Суҳабатда инсон ҳуқуқлари, ошкоралик ва демократияга яқин мавзулар умуман тилга олинмаган. Ваҳолангки, Ўзбекистон дунёдаги энг мудҳиш диктаторликларнинг бошида туради. Бундай суҳбат демократиянинг тимсоли бўлган АҚШдек давлатнинг юзига туширилган доғдан бошқа нарса эмас.

Памела Спратлен хонимнинг расмлари бизнинг сайтимизда кўп марта эълон қилинганди. Ҳозир ўқувчиларимиз кўраётган расмни бу ерга қўйишдан мақсадимиз – МХХнинг малайи Навбаҳор Имамованинг афти-башарасини ўзбекларга кўрсатиб қўйишдир.