10 January 2018
17:08 - Cенсация: Ўзбекистонда Бош вазир борлиги, у ҳозир Тожикистондалиги ҳақида қисқа хабар ва ҳатто унинг расми эълон қилинди
ЎзАнинг бироз аввал тарқатилган бир неча қаторлик хабарида Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Арипни Душанбеде Тожикистон Президенти Имомали Раҳмон қабул қилгани билдирилди ва бу хабар Имомали Раҳмоннинг Фейсбукдаги саҳифасидан олингани урғуланди. Қаранг, Ўзбекистондек давлатнинг Бош вазири Тожикистонга борибди, буни ўзбек журналистлари тожикларда билишибди.

ЎзАнинг бир неча қаторлик хабарида ҳукуматлараро комиссиянинг йиғилиши ҳам ўтказилгани, икки мамлакат ўртасидаги ўзаро савдо-иқтисодий алоқалар муҳокама қилингани ҳам умумий шаклда тилга олинган.

Энг қизиғи, бу хабарга Абдулла Арип ва Имомали Раҳмоннинг расми ҳам қўшилган. Хуллас, кўриниб турибдики, Ислом Карим президент бўлган йиллари Шавкат Мирзиёнинг бор-йўқлигини ҳам ҳеч ким билмасди, у ҳақида ҳар замонда бир қисқа хабар пайдо бўларди, унинг расми кўринмасди ҳисоб.

Алам ичида яшаган Шавкат Мирзиё ҳозир Абдулла Арипга нисбатан аввалги анъанани давом эттираётгани кўриниб турибди.

Тожикстонда Абдулла Арипнинг ташрифи бўйича тафсилотли хабарлар тарқатилмоқда, унинг асосий мақсади баҳор ойига режалаштирилаётган Шавкат Мирзиёнинг бу мамлакатга ташрифини тайёрлаш эканлиги, Ислом Карим замонида Тожикистон-Ўзбекистон алоқалари сал кам йўқ бўлиб қолгани, Шавкат Мирзиё алоқаларни тиклаш ҳаракатида эканлиги урғуланмоқда.