08 January 2018
16:49 - Юсуф Жума: Жаҳон адабиётининг Бош романи, Ўзбек адабиётининг биринчи ва афсуски, ҳозирча охирги романи ҳақида сўз

Мени туққан онам бундоқ, мендан туғилган
Ўғил ундоқ! Эй кажрафтор фалак уялгин!

Бу байт даҳо Мақсуд Шайхзоданинг “Мирзо Улуғбек” трагедиясидан.

Биринчи қисм

Бир байтда – инсоният қисмати, инсон табиати, ҳаёт ҳақиқати, ёруғ олам қиёмати, фалакнинг чиркин сиёсати. Ҳатто мирзо Улугбек қисматидан бехабар ақл эгаси ҳам англайдики, бу байтда қисматнинг аянчли ҳақиқати бор. Бу фожеали тақдирни битгандан норизолик бор. Даҳо Шайхзода, наинки бутун оламни, наинки бутун инсониятни, унинг ижодкори бўлмиш Кажрафтор фалакни ҳам бир байтга жо этган. Байтдаги уялгин сўзи инсоннинг туққан онасидан ҳам, ўзидан туғилган боласидан ҳам, уларни яратгандан ҳам норозиликни ифодалайди. Бундай байтни Буюк Ҳомердан бошлаб ҳозирги замон ижодкорларигача топа олмайсиз. Ҳатто даҳо Шекспирдан ҳам топа олмайсиз. Даҳо Шекспирда дунёнинг барча фожеалари жамлангандай, ниҳоятда буюкдир. Аммо Шайхзоданикидай бир байтга жамлай олмаган.

Буюк Шукур Бурхон: Мен ҳозир Шайх аканинг ёнидан келаяпман. Мирзо Улуғбек ҳақидаги асарини ёзиб тугатибди. Ёзиб тугатипди ҳам гапми, ҳатто буюк Шекспирни ҳам доғда қолдирибди! – деган.

Гумроҳ шоиру ёзувчилар, адабиётшунос академиклар– онгсиз калтабинлар Шукур Бурҳон жўшиб Шайхзодани мақтаябди деб тушунганлар. Ҳамон шундай тушунадилар. Ҳимолай тоғи бошқа тоғлардан баланд дейилса бу мақтов эмас, ҳақиқатдир. Чунки ўлчов билан айтиляпди. Бу дарё минг км униси 700 км. Бу дарё у дарёдан 300 км узун дегандай эди Буюк Шукр Бурҳоннинг даҳо Шоир Мақсуд Шайхзода ҳақида айтган сўзи. Даҳони даҳо англайди, нодонлар қайдан ҳам билсин?!

Афсуски, нодонлиги тубанлашиб бораётган элнинг нодонлиги тубсизлик даражасига тушган шоиру ёзувчилари, адабиётшунос олимлари Мақсуд Шайхзодани дунё нари турсин, ўз элларига тушунтириб бераолмадилар. Ўзлари англай олмагач бировга англата олармидилар?! Бу лаънати гумроҳлар биз аллақачон Шайхзодаю Усмон Носирдан ўзиб кетдик, Усмон Носир ҳам шоирми, деб юрибдилар.

Эй сўқирлар!
Усмон Носирнинг Юрак, Севги сенинг ширин тилингдан. . . каби шеърларига тенг шеърларни Даҳо Шекспир сонетларидан топиб берингчи!
Тополмайсиз!
Ҳолбуки, бу шеърларни бола Усмон ёзган эди. Сизникидай етмиш саксонларни кўрса эди.
“Ей кажрафтор фалак, уялгин! ”

Мирзо Улуғбек

Мудҳиш бир тун ёқасида турмиш мамлакат,
Зулматли тун қўнаётир юртнинг уфқига.
Бобо Темур, омонатинг сақлай олмадик,
Авлодларинг чиқиб қолди ғоят ноқобил.
Бобо, Темур, тириклигингда ўзинг ва сўзинг
Улканликда сиғмас эди шу ер юзига,
Энди нега майдалашди Темур уруғи
Энди нега майдалашди ҳокимлар руҳи.

Темур арвоҳи

Урҳо. Урҳо, Ёғи қочди, ё Оллоҳ, урҳо,
Ер юзида бузулганга ўхшар интизом.
Авлодимдан соҳибқирон чиқолган ким бор,
Эҳ, жангларнинг дағдағаси, гашти қолмабди,
Майдонларда иссиқ қоннинг буғу кўринмас,
Мен тўлдирган уммонларнинг савлати қани?!
Қани ўша қутурувчи ёлдор денгизлар?!
Уммонларнинг ўрнида мен ҳовуз кўраман,
Бир ҳовузки, кафтимга ҳам қилади камлик.
Қон пуркаган сипоҳларнинг туёқ изидан
Санқиб юрар букунки кун анқов сарбозлар.
Мен олтмиш йил от белидан тушмадим токи
Алал-абад авлодларим бўлсин жаҳонгир.
Ҳар кун беш бор айтар эдим бутун ер юзи
Торлик қилар сиғдиролмас икки подшоҳни.
Аммо бугун кўраманки, эллик шоҳга ҳам
Кенглик қилар ортиб қолар бу латта дунё!
Осмонда битта Тангри, ерда бир султон
Акс ҳолда тўполонлар лобид, муҳаққақ.
Шаҳрисабзлик Темурбекнинг ваҳимасидан
Қалтирарди етти иқлим тоғу тошлари.
Самарқанддан бир йўталсам, бунинг зарбидан
Ёриларди Халифаю Бағдоднинг ўти.
Исфаҳонда зилзиладан қимирларди ер,
Бир наърамдан қулар эди шоҳларнинг тожи
Пойтахтимга оқар эди дунёнинг божи.
Инсоният тарихининг қалами шамшир
Унинг учи қонли бўлса ўхшайди тасвир.
Қилич билан қурган эдим салтанатимни,
Қилич билан ёзган эдим васиятимни.
Умрим вафо қилганида яна беш ўн йил
Мен ўтмаган бирор дарё қолмас эди бил.
Оҳ ур урнинг, қилич чопиб ёвни қувмоқнинг
Кўз ёшларда қиличларнинг қонин ювмоқнинг
Кимки сенга бош эгмаса бошин узмоқнинг,
Каллалардан фалак коса минор тузмоқнинг
Лаззатини унутмайман қиёматгача!
Урҳо- урҳо, ёғи қочди, ё Оллоҳ, урҳо!

Юрт мадҳияси ҳам мана шундай руҳда ёзилиши керак. Мадҳия янграганда эл қалқиши керак.
Даҳо Мақсуд Шайхзода “Мирзо Улуғбек” билан шеъриятнинг шундай юксак чўққисига чиқдики, бу чўққига ундан ўзга бирор шоир чиқа олмаган.

Буюк Соҳибқирон Амир Темур ҳақида юқорида келтирилган мисралар шу қадар солдиромлики, осмонлар зилзилага келади. Ҳеч ким ҳеч қачон жаҳонгир ҳақида Мақсуд Шайхзодадан ўтказиб айта олмайди.
Улуғ шоир Абдулла Ориф ҳам Ҳазрати Амир Темур ҳақида драматик достон ёзишга уринган, афсуски, чиқмаган. Шайхзоданинг юкдор байтларига тенг бирор байти йўқ...

Иккинчи қисм

Бир сокин дарё оқаётир, шу қадар вазмин оқадики, шу қадар равон оқадики, ҳамма бу дарё эмас, теп-текис поёнсиз, гиёҳсиз, кимсасиз тап тақир ерку, текисликку дейди. Кўпчилик назарига илмайди. Тангри Таоло Қуръонда айтганидек бундайлар кўру кар гунгдирлар. Бу сокин дарё Даҳо Абдулла Қодирийнинг “Ўтган кунлари”дир.

Шеърият – сўз санъати, фикр қудрати, воқеалар шиддати! Наинки шеърият, адабиёт шу уч оқимнинг бир ўзанда яхлит оқишидир. Афлотун бекорга айтмаган, шоир агар ҳақиқий шоир бўлса, фақат фикр эмас, афсоналар яратмоғи шарт.

Биз бугунки шеъриятда фикр бўлса ҳам шукур деймиз. Ахир эски фикрлар эмас, янги фикр. Биз бугун улуг шоирлар деганларимизда янги фикрлар бор, агар ўғирлашмаган бўлса, гўзал афсоналари йўқ. Зотан янги фикр ҳам ноёб бўлиб, фақат худо берганлардагина бўлади. Фикрнинг зўри – юлдузлари ҳикматдир.

Афсуски, фикр билан ҳикматнинг фарқини ҳатто тилшунос олимлар ҳам билмаганига ҳайрон қолдим. Ҳатто Навоий асарлари луғатида ҳам, Ўзбек тилининг изоҳли луғатида ҳам ҳикмат етарлича тушунтирилмаган. Икковида ҳам ҳикмат донишмандона сўз маъносида талқин қилинган, Ўзбек тилининг изоҳли луғатида ҳам.

Аслида фикр билан ҳикмат фарқи будир:

Мисол: “Йиғилса минг қайғу бир иш битирмас, ” Ҳазрат Махтумқулидан.
“Бутун ҳақиқат шундан иборатки, ҳаётдан ҳеч қандай маъно йўқ, ” Лев Толстой.

Лев Толстой сўзи, ҳаёт ҳақида фикр. Бу фикр Лев Толстойнинг иқрорномасида иқрор бўлишича Сулаймон Пайғамбар сўзи. Ҳозир Толстой айтган деб юрибдилар. Бунда ҳеч қандай ҳикмат йўқ, инсонни ҳаётдан бездиради, совутади. Шунчаки оддий фикрдир.

Улуғ Махтумқули сўзи ҳам аслида фикр, фикрнинг энг юксаги ҳикматдир. Ҳикмат йўлдир. Тўғри йўлдир.

– Ҳой инсон, — деяпди Ҳазрат Махтумқули, — Қайғу чекиб умрингни адо қилма, ишингни ғам битирмайди, — деб инсонга йўл кўрсатмоқда. Йўл эса курашдир, ҳаракатдир.

Нега шарқ шоирлари сўз санъатида юксагу, Шекспир даражасида таниқли эмаслар. Боиси битта: Шекспир инсоният, ҳаёт, дунё фожеаларини фақат фикрда, фақат сўз санъатида эмас, ҳаққоний, даҳшатли воқеалар шиддати билан ифодалайди. Юракларни ларзага солади. Яъни Афлотун сўзи билан айтганда афсоналар ярата олган.

Буюк Жалолиддин Румий ҳазратлари ҳам улуғ ривоятлар — афсоналар яратгани учун ҳам дунёнинг биринчи шоирларидандир.

Бугун оддий янги фикрга ҳам хурсанд бўламиз.

Нега дунёдаги энг улуғ сокин дарё ҳақидаги сўз қолиб шеърият, адабиёт — сўз санъати, фикр қудрати, воқеалар шиддати ҳақида сўйладим. Нега оддий фикр ва ҳикмат фарқи ҳақида изоҳ бердим. ?!

Абдулла Қодирийнинг “Ўтган кунлар” и — сўз санъати, ҳикмат қудрати, воқеалар шиддатидир.

“Қуръон оятлари қабристон ичига оғир оҳангда оқар эди. Қабр ёнига тиз чўккан йигитнинг кўз ёшлари ҳам Қуръон оятларига қўшилиб оқар эди. “

“Ўткан кунлар” — оғир оҳанг оқими. Бу осмонлардай оғир оҳангга дарду армонлар, ҳадсиз қайғулар, ноҳақ тўкилган қонлар, “бачча-мачалар”га қолган тутқун юрт, аччиқ кўз ёшларга қўшилишиб тағинда оғирлашган оқимдир.

Бизда “Алпомиш”ни Барчин ва Алпомиш муҳаббати, “Ўткан кунлар”ни Отабек ва Кумуш муҳаббати деб англашади. “Ўткан кунлар” Отабек билан Кумуш муҳаббати экан, Юсуфбек Ҳожи:

– Бизнинг халқни ер ютсин, - деб нега халқдан норизо?!
Юсуфбек Ҳожи тағин:
– Уйинг куйсин мусулмонлар! - деб нега фиғон чекаяпди.

Нега эндигина йигирма тўртга кирган Отабек: “Бу турмуш, бу ҳокимият, чеки кўринмайдиган бу қоронғулик. . . унинг учун қизиқарли эмаслар: ул йўқ эди тинч эди, ул келди тинчимади, ул яна йўқ бўлса, эҳтимол яна тинчир эди. “- деган ўйда.

Юқоридагидан бир қисмига эътибор беринг: “ул йўқ эди тинч эди, ул келди тинчимади, ул яна йўқ бўлса, эҳтимол яна тинчир “

Яъни йўқдан бор бўлмаган эдим, йўқ эдим — тинч эдим. Туғилдим — дунёга келдим — тинчлик йўқ, тинчимаяпман, йўқ бўлсам — ўлсам эҳтимол тинчирман.

Абдулла Қодирийнинг бир сўзи Сулаймон Пайғамбар сўзидан тортиб, Толстойнинг “Иқрорнома”сига ўхшаган дунёнинг бесаноқ рисолаю романларининг ҳақиқатидан қудратлироқ!

Гапим ўзанидан бир оз чиқди, гапимни ўзанига қайтарай.

Нега ота ўғил Юсуфбек Ҳожи билан Отабеклар бундай ўртанмоқдалар?

“Анови ярасининг (муҳаббат ярасининг) устига Тошканд фожеаси келиб қўшилгач Отабек тағин ҳам хаёлчанланган, тағин ҳам хомушлигини орттирган эди. Тошканд фожеаси — Халқ фожеаси, Туркистон фожеаси. Қора чопонлилар, яъни ўзбеклар билан қипчоқлар қирғини, номард, ноқис, жоҳил тўраларнинг мансаб талашиб, Ватанни – Туркистонни, Туркистоннинг беомон душмани бўлган Ўрислар босиб келаётганини ўйламаслик Ота-ўғиллар қайғуси - Туркистон қайғуси, халқ қайғуси, адолат, озодлик қайғуси!

Отабек савдо ишлари билан дунё кезаркан, дунёдаги тараққиётни кўриб Туркистонда ҳам шу тараққиётга эришиш учун “Қанотим бўлса, Ватанга учсам, тўппа тўғри хон ўрдасига тушсам, арз қилсам, хон ҳам буюрса, мен ҳам ўз элимни бир ой ичида ўрисники билан бир қаторда кўрсам, аммо ўз элимга қайтиб кўрдимки, Шамайда ўйлаганларим, ошиққанларим ширин бир хаёл эмиш. . Бу ерда сўзимни эшитгучи биров ҳам бўлмади. . .

Дарҳақиқат, Мозористонда “Ҳайъа алалфалаҳ” хитобини ким ҳам эшитарди.

. . . Зиё шоҳичи:
– Бизнинг бу ҳолга тушишимиз ўз феъли хуйимиздан!
– Менимча ўриснинг биздан юқорилиги унинг иттифоқидан бўлса керак,– деди Отабек– Аммо бизнинг кундан кунга орқага кетишимизга ўз аро низомиз сабаб. . .
– Орамизда бу қўрқунч ҳолатга боҳаққи тушунадиган яхши одамлар йўқ, билъакс бузғунчи ва низочи унсурлар томир ёйиб, ҳар замон содда халқни ҳалокат чуқурига қараб тортадилар.
Мадомики, ўз ғарази йўлида истибдод орқали эл устига ҳукмрон бўлғунчилар йўқотилмас эканлар, бизга нажот йўқдир. Улар ўрнига яхши холис одамларни ўтқузиш нажотимизнинг ягона йўлидир.

Ота ўғил — Юсуфбек Ҳожи ва Отабеклар дарди – Қабристонга айланган Туркистон, ноаҳил эл улус.

Отабек “миллатини — халқини – мусулмонини”қўрқинч жар, тегсиз жаҳаннам ёқасида, йиқилиш олдида топар эдида, сесканиб: “Ўзинг сақла, Тангрим! ” дер эди.

Оқ билан қорани ажрата олмаган фуқаронинг бир неча ғаразгўй мустабидлар кайфи йўлида бир бириснинг қонига ташна бўлишлари ва натижада истиқболнинг ваҳим кўринишлари! Шундай қайғулар ичида бўкиб ўтирар эди. “

Бугун Туркистон дунё харитасидан ўчиб, мусулмон дунёси “тегсиз жаҳаннам”га қулаган ҳозирги кунларда бу сатрлар янада муҳимдир.

Абдулла Қодирий миллат ва Туркистон фожеасини кўрсатиш учун Тошкент фожеасини танлайди.

Тошкент ҳокимлиги Азизбек баччага Қўқон хонлиги мингбошиси Мусулмонқул томонидан инъом этилади. Азизбек хон солиқчиларини ўлдириб, Тошкентни Қўқон хонлигидан ажратиб ҳукмдор бўлгиси келади. Тошкент халқи бошига бало бўлган Азизбек кўплаб бегуноҳ одамлар бошини кестиради. Кимдир отасидан, кимдир ўғлидан, яна кимлардир ўз яқинларидан айрилади.

Аммо ўз манфаати йўлида Қўқон солиқчиларини ўлдиргач, Халққа : “Бу ишни Сиз халқнинг манфаати учун қилдим, — дейди. Оқ қорани танимаган жоҳил эл бунга лаққа ишонади.

Мусулмонқул қипчоқ эди, бесаноқ қорачопонлилар қонини тўктиради. Азизбек шуни рўкач қилиб, Тошкент халқини қипчоқларга қарши қайрайди. Чунки ўзига қарши юборилган қўшинга қарши эл керак эди. Оқибатда асли бир халқ бўлган эл бир-бирини қиради. Қўқон қўшини Тошкентни қамал қилганда, 72 кунлик қамалдан сўнг, Хон қўшинидан бир ярим минг қирилиб, Тошкент деворлари атрофидан калладан тепалар тикланади. Жоҳил эл ўз яқинларини ўлдирган Азизбекка алданади. “Ана, ўғлим, бизнинг халқнинг ҳолига йиғлашни ҳам билмайсан, кулишни ҳам! “– деб ёзганди Юсуфбек Ҳожи Отабекка.

“Уч-тўрт юз инсон бошидан турғузилган бир тепа. Қаричға келадиган соқоллар, бошдаги хун олуд сийрак сочлар, бўзарған юзлар, қонға беланиб, ярим очиқ ҳолда қорачиқ ўрнини қўрқинч бир отлиқ босган кўзлар дунёга ва шу ҳаётга лаънат ўқуғондек қарайдилар. Айниқса бир бош, эҳтимолки, ҳали йигирма йилни ҳам ўтмагандир, мурти ҳали чиқмағон, Хун олид қуюқ қошлари остидаги ярим очиқ кўзлари кимнидир излагандек қарайдир... Ярим очиқ иринлари орасидаги оқ тишлари билан тилини ғарчча тишлаганда, гўё шу турмуш, шу бесар халқ ичида туғилгани учун “аттанг” ўқийдур. “

“Золим беклар, қонхўр ҳокимлар, раҳмсиз жаллодлар, машъум дорлар ва қўрқоқ халқлар. . . “

Учинчи қисм

Элни алдаб урушда ютган Азизбек урушнинг эртасига халққа солиқ солади. Юсуфбек Ҳожига солиқни йиғишни буюради.

Юсуфбек Ҳожи:

– Бизнинг халқни ер ютсин! Азизбекнинг тулкилигига учдида, унинг кечаги зулмларини унутди. .
– Бизнинг халқни ер ютсин!
– Уйинг куйсин мусулмонлар!
– Уйинг куйди мусулмонлар!

Халқ исёни билан Азизбек кетгач ҳам эл тинчимади. Мансаб талашган фитначилар туфайли Қипчоқларнинг ўн беш яшаридан етмиш яшаригача қириб ташлашни буюради Худоёрхон. Бегуноҳлар оддий фуқаролар бешавқат қирилади.

Отабек гўё шу йиртқичлар дунёсидан яширингандек оқ кундаёқ тўшагига ётиб, кўрпасига бурканиб олди. “

Юсуфбек Ҳожи:
– Ўз қўлимиз билан ўзимизники кесишимиздан мамлакат учун қандай фойда бор?!

“Биродарлар!
Ўрус ўз ичимиздан чиқадирган фитна фасодни кутиб, дарбозамиз тегида қўр тўкиб ётибдир.
Шундай маҳшар каби бир кунда биз чин ёвга берадирган кучимизни ўз қўлимиз билан ўлдирсак. Сен фалон деб қирилишсак ҳолимиз нима бўларди. Бу тўғрида фикр қилғучимиз борми?!
Сиз қипчоғингиз учун қабр қазиған бир фурсатда, Сизга иккинчилар тобут чопадир. Биз қипчоққа қилич кўтарганда, ўрис бизга тўп ўқлайдур. Мен кўп умримни шу юртнинг тинчлиги ва фуқаронинг асойиши учун сарф қилиб, ўзимга азобдан бошқа ҳеч бир қаноат ҳосил қилмадим. Иттифоқни, не эл эканини билмаган ёлғиз манфаати шахсияси йўлида бир бирини еб ичган мансабпараст, шуҳратпараст, дунёпараст муттаҳамлар Туркистон тупроғидан йўқолмай туриб, бизнинг одам бўлишимизга ақлим етмай қолди.

Биз шу ҳолда кетадирган, бир биримизнинг тагимизга сув қуядирғон бўлсақ яқиндирки, ўрус истибдоди ўзининг ифлос оёғи билан Туркистонимизни булғотур ва биз бўлсақ ўз қўлимиз билан келгуси наслимизнинг бўйнига ўрис бўюндириғини кийдирган бўлурмиз.

Ўз наслини ўз қўли билан кофир қўлиға тутқин қилиб топшурқичи - биз кўр ва ақлсиз оталарга худонинг лаънати, албатта, тушар, ўғлим!

Боболарнинг муқаддас гавдаси модфун Туркистонимизни тўнғизхона қилишга ҳозирланган биз итлар яратгучининг қаҳрига албатта йўлуқармиз.

Темур Кўрогон каби доҳийларнинг, Мирзо Бобур каби фотиҳларнинг, Фаробий, Улуғбек ва Али Сино каби олимларнинг ўсиб унган ва нашъу намо қилғонлари бир ўлкани ҳалокат чуқуриға судрағучи, албатта, Тангрининг қаҳрига сазовордир, ўғлим! “

Бугун халқ ҳақидаги айрим ҳақиқатларни айта бошласанг, ҳаммасини айтсанг халқдан Жаҳаннам жирканади, ўзларини комил инсон, мусулмон, мавлоно даҳо адиб, даҳо шоир деб биладиганлар жазавага тушадилар.

Халқни, тағин она халқимизни ҳақорат қилди, деб сўроқ судсиз осиб юбормоқчи бўладилар.
Улар Усмон Носирни шоир деб тан олмаганларидек Қодирийни ҳам ёзувчи деб билмайдилар. Билсалар ҳам бизнинг тўпиқдан ҳам келмайди деб паст назар билан қарайдилар. Бу мунофиқлар — халқнинг энг жирканч қисми бўлиб, ҳеч ким эканликларини ниқоблаш учун ўзларини даҳо шоир, даҳо адиб, авлиё деб атайдилар. Бир бирини мақтаб юрадилар.

Авлиё экансан, “Қуръон”ни ўқимайсанми?! Ҳар икки сўзингнинг бири Худо, бири Оллоҳ бўлсаю Оллоҳ китобини ўқимайсанми?! Ўқиган бўлсанг уқиб ўқимайсанми?!

Гапимни ўзанига қайтарай.

Халқ масаласи “Қуръони Карим”да такрор такрор кўтарилади ва Тангри осий элларни йўқ қилиб юборганини айтади. Халқ бегуноҳ экан, тангри нега уларни йўқ қилиб юборди?!

Оллоҳ ҳар бир халқни йўқ қилиб юборишдан аввал пайғамбарларини юбориб уларни гуноҳларидан қайтишига буюрган. Жоҳил эллар билганидан қолмагач, Ҳақ барини жазолаган. Лут қавмига ўхшаган осий халқлар йўқ қилинган. Парвардигор осий қавмлар ҳақида такрор-такрор оятлат юборар экан, барча халқларни огоҳлантирмоқда. : Осийликдан қайтинг, йўқса сизлар ҳам йўқ бўлишга маҳкумсиз демоқда.

Бизнинг “қўрқоқ халқлар” (А. Қодирий) ноаҳил, ор-номуссиз жоҳиллар осий бўлмай нима?!

Шеъриятда Вилям Шекспир “Кориалон”да, насрда Абдулла Қодирий “Ўткан кунлар” да халқ масаласини ниҳоятда маҳорат билан кўтаришган. Дунё адабиётида бу икки асар билан беллашадиган шоир, ёзувчи йўқ!

Авом инсоният “Қуръон”ни уқмаганидай “Кориолон”ни ҳам, “Ўткан кун”ларни ҳам уқмайди. Гарчи “Қуръон” ҳам, “Корилон” ҳам, “Ўткан кунлар” ҳам ниҳоятда содда тарзда тушунтирсаларда кўпчилик боши халқ муаммоси билан оғримайди. Аксарият инсоният ўзини ўйлаш билан умр ўтказади.

Халқ учун, озодлик учун жонини тикканлар халқ муаммосига дуч келади. Чунки Ҳақни, юртни, эркни ҳимоя этиш бир ёки бир ҳовуч фидойиларга оғир тушади.Халқнинг қўллови керак бўлади. Қарайдиларки, “қўрқоқ халқлар” лоқайд. Ҳақпарастлар ҳам душманга, ҳам уйғонмаган, ёхуд уйғонсада қўрқиб курашдан четда турган халққа қарши туришга мажбур бўладилар.
Даҳо Абдулла Қодирий эндигина йигирмадан ўтган йигит “Ўткан Кунлар”дай асар ёзганига, муҳаббат, адоват, халқ ҳақида ниҳоятда юксак мақомда қалам юритганига қойил қоласан киши.
Ҳаммаси табиий.

Ошиқ йигит, эл деган, юрт деган йигит, ишқда эндигина бахти кулганда адоват ўқига нишон бўлади. Бу биринчи дарди вужудини ёқаркан иккинчи ўт элу юртнинг таҳликали ҳаёти, думбул онасининг арзимаган орзу истаги учун дилини душмандан баттар жароҳатланиши. . .
“Алпомиш”да ҳам арзимаган келишмовчилик: ака уканинг сану мани ака укага ҳам, элга ҳам қимматга тушади.

Алпомиш зиндонда. Қул — Ултонтоз ҳукмдор. Шўрлик Барчинни собиқ қул Ултонтоз олмоқчи, юртда мустабидлик. Номард эл эса Барчинга Ултонтозга тегсангчи деб туриб олади. Биров айтмайдику, ҳой эл, Барчиннинг ўғли бўлса, эри бўлса.

Барчин:
– Элу халқ Сизга не бўлди?! — деб даҳшатга тушади. Барча фожеанинг боши ака уканинг сану мани. Яъни, бири иккинчисига бир оз закот бер дегани.
Алпомиш ҳақида ёзиб қанчадан қанча кимсалар олим бўлишган. Бари, “Алпомиш” халқ эпоси, “Алпомиш” куч қудрати, Алпомиш ва Барчин муҳаббати деб тушунтирадилар. Достоннинг асл моҳияти — элу юртнинг фожеаларининг боиси — майда чуйдалар– арзимаган низолар ҳақида лом-мим демадилар, тушунмадилар. Тушунмаганлар тушунтира оладими?!
“Ўткан Кунлар”ни ҳам шундоқ деб тушунтиришди Отабек ва Кумуш муҳаббати.
“Ўткан кунлар” Отабек ва Кумуш муҳаббати ва фожеаларигина эмас, миллат ва Ватан — Туркистон фожеаларидир.
Мана шу боисдан ҳам ҳамма билган Отабек ва Кумуш муҳаббатидан эмас, халқ фожеаси ҳақида ёзаяпман, яъни майда чуйдалар ҳақида.

“Ҳасад — барча ёмонликларнинг боши, ” — дейди Қуръон.

“Ўткан Кунлар”да аввалига Ҳомиднинг ҳасаду адовати, Сўнгида Зайнабнинг рашку ҳасади фожеаларнинг чуқур илдизларидан биридир. Абдулла Қодирий бу мавзуни ниҳоятда пухта очган, лекин бу ҳақда ёзмоқчи эмасман.

Даҳо ёзувчи элу юртнинг фожеалардан қутулиш ҳикматини ҳам кўрсатганки, бундай ҳикмат Лев Толстойда йўқ.

Шу ўринда “Ўткан Кунлардан” Юсуфбек Ҳожи этак силкиди, деган қисмини тўла келтиришни лозим топдим:

ҲОЖИ ЭТАК СИЛККАН

Тўрда қутидор, унинг ёнида маҳалланинг имоми Юнус Муҳаммад охунд, юрт оғаси Пирназар
жаллод ва Сотиболди оталиғ яна бир кекса ўлтурар эдилар. Пирназар жаллоднинг ёнида
Отабек ва Сотиболди аканинг қаторида Юсуфбек ҳожи эдилар. Оёғда Ҳасанали мешдан қимиз
қуяр эди.
Сўз тўртинчи куни бўлиб ўткан қипчоқ қирғини устида кетиб, Юсуфбек ҳожи бу тўғрида
сўзлар эди.
— Мен биз халқнинг одам бўлишимиздан тамом умидимни кесиб қўйдим. . . Эсимни
таниғанимдан бери амал демай, мансаб демай фақат шу мусулмонлар манфаатини кўзлаб
келиб, оёғида ўзини қушбеги, мингбоши олған уч-тўртта манфаатпарастлардан гўё ёш бола
каби алдандим. . . Улуламир бўлған киши ҳам шу манфаатпарастларнинг хароб фикрларига
қулоқ бериб, биздек одамлардан бу тўғрида бир оғиз кенгаш сўрашни унутди. Ҳолбуки, Мусулмонқул балосидан уни нажотка чиқарғучиларнинг биттаси биз эдик. Натижада эрса сўзи
— сўз, кенгаши — кенгаш бўлғанлар шу уч-тўртта калла бузарлар бўлиб, бизга ўхшағанларнинг
даражамиз ёш боладек алданиш экан. . .
Юнус Муҳаммад охунд унинг сўзини бўлди:
— Эй ҳожи, — деди, — ҳамма фасод улуламирда, агар улуламир дуруст одам бўлса, уч-
тўртта муттаҳамнинг ёмонлиғи ҳеч қаерға бормас ва бунча гуноҳсиз бечоранинг қони ўринсиз
тўкилмас эди. Жаноби пайғамбари худо ҳадиси шарифларида айтадирларким, «Бисмиллаҳир-
роҳманир-роҳим қола ан-набию алай-ҳиссалом: Изо васада ал-амру ило ғайри аҳлиҳи фантазир
ас-соата, яъни ул сарвари коинот марҳамат қилурларким, агар бир қавмнинг иши ноаҳл одамға
топширилған бўлса, бас, ўшал қавмнинг қиёматини яқин бил, яъни ҳалокатига мунтазир бўл».
Бас, бизнинг корларимиз ҳам кўб фурсатлардан бери ноаҳл одамларнинг қўлиға қолиб ва ҳар
замон ул нобакорлар бизларнинг бошимизға анвўи кулфатларни соладирлар. Илоҳи кори
бадлари ўз бошлари бирлан дафъ бўлғай.
— Саддақта ё расулиллоҳ, — деди ҳожи ва ҳадисни такрорлади: — «Изо васада ал-амру ило
ғайри аҳлиҳи фантазир ас-соата» — вой бўлсин биз бадбахтларнинг ҳолига, — деди. Бир оз
маъюсланиб тўхтади ва домла тарафидан бўлинган сўзини шу гаплар билан тамомлади:
— Шу кунгача бўлмағанларға бўлишмоқчи бўлиб умримнинг ниҳоятига этиб қолдим, — деди.
Соқолини тутамлади. — Бу соқол шу эл қайғусида оқарди. Бу кўнгил шу манфаатпарастлар
таъсирида қорайди. Ёшим олтмиш бешка этиб бир вақт бўлсин ибодатимни жаноби ҳаққа
бевосита йўналтирғанимни ва кўнгил кўзим очилиб қилған саждамни хотирлай олмайман. Бу
алданишим эрса, ҳақ тарафидан бир танбеҳ, бўлма-ғанларға бўлишмоқчи бўлғаним учун бир
киноя-дир. Энди мундан кейинги беш кунлик умрим дунё можароларидан этак силкиб тўшаъи
охират тадорикини қилмоғим учун ғанимат кўринадир.
Бу сўз мажлиска бир маъюсият берди. Кўб вақт ҳаммалари сукутда қолдилар. Ҳожининг гапи
айниқса Пирназар акага таъсир қилған эди. Ул ўз ҳунари руҳида мулоҳазасини сўзлади:
— Ёмонларни битта-битта, териб-териб бош кесмасдан элни тинчитиш қийин, — деди.
Бу сўздан кейин мажлис аҳли ҳожининг оғзиға қарадилар. Ҳожи кулиб қўйди, бир оздан
кейин:
— Тўғри айтдингиз, жаллод, — деди, — бу тақдирда ёнингизда ўлтурған бизнинг ўғулни ҳам
кўмакингизга чақира оласиз. . .
Ҳамма кулиб юборди. Қутидор эр остидан Отабекка кулимсираб қаради. Отабек дадасининг
киноясига тушуниб қип-қизил лавлагидек бўлди. Яхшики қутидор ва Ҳасаналидан бошқа ҳеч
ким бу кинояга тушунмас эди.
Пирназар ака жиддийча Отабекка қаради.
— Отабек менга ўхшаған жаллодкина эмас, амири лашкар бўла оладир. Сиз фотиҳа
берсангиз ва Отабек амр берса мен худо ҳаққи ёмоннинг бошини олишдан қайтсам, — деди.
— Бизнинг каттадан-кичигимизнинг, — деди ҳожи, — топқан-тутқанимиз фақат бош олиш. . .
Биз ўйлаймизки, гўё бош олиш билан олам тинчийдир ва биз ўз хоҳлағанимизни қила оламиз.
Тузик, жаллод айтканидек, ёмоннинг бошини олмоққа мен ҳам қарши эмасман ва лекин бунинг
нозик шартлари бор: аввало манфаати шахсиясидан кечиб, фақат эл бахти учун бош тикканлар
жамоаси керак ва бу жамоанинг ўз маслаки йўлида кузаткан маълум бир нишонаси бўлмоғи
зарур. Ана шундан кейин ҳалиги нишонага қараб интилишда оёғ остиға элашкан чўп-хасларни
супира бориш лозим. Мана шундагина тўкилган қонлар ўринлик ва машруъ, берилган бошлар
чин қурбон ҳисобланадирлар. Йўқса, сизнинг бош олишингиз ҳам ановиларнинг қирғинидан
фарқ-лик бўлолмас, — деди ва бир оз тўхтаб олғандан кейин афсусланди, — шу ёшға этиб бу
халқ орасида ҳалиги жамоани уч-тўрт нафардан ортиқ учратолмадим, афсус.
Яна бир мунча гаплар ўткандан кейин ҳаммалари масжидга чиқиб пешинни ўқуб кириш учун
қўзғал-дилар. Отабек ҳам кўбчилик билан бирга қўзғалған эди, Ҳасанали уни тўхтатди: — Сиз тўхтангиз, Отабек, — деди. Кишилар ҳавли юзига тушкандан кейин, — ичкарига бир
кириб чиқ-масангиз айб бўладир. . . Бояғи ишингизни бўлса зўрға ёлғон-яшиқ билан уларнинг
кўнглидан чиқардим.
Отабек ниҳоятда бўшашқан ҳолда қайтиб ўрнига ўлтурди:
— Майли, бўлмаса. . . — деди.

Тўртинчи қисм

Бундан ўн йиллар бурун машҳур шоирларимиздан бири “Абдулла Қодирийнинг тили гўзал. Қодирийда тилдан бошқа нима бор ўзи” — деган эди.

Бу сўз менга беҳад оғир ботган, юрагимни ўртаганди. Аммо Устоз шоир ҳурматига индамадим.
Қодирий раҳматлик ўтган юз йилликда таҳқиру маломат, тақиқу сензурадан бошқа нима кўрди. Ғанимлар ўлдириб ҳам тинчимадилар. Машҳур шоирнинг албатта, душманлиги йўқ, ақли етганини гапирди қўйди. Бу билан даҳо Қодирий юксаклиги бир миллиметр ҳам пасаймади.

Наинки душманлари қирилиб битди, ҳатто тузумлар йўқ бўлиб кетди, Қодирий ҳамон тирик. Тўғри бугун ҳам душманлари кўп, келажакда ҳам бўлади. Аммо Қодирий ҳазратлари омон қоладию туғилган ва туғилажак душманлари қирилиб кетаверадилар.

Қодирий душманлари — Туркистон душманлари, талантсиз қаламкашлар, жоҳиллар, эрку адолат, миллат душманларидир. Бундайлар ҳамма замонларда бўлади. Жаслиқда бир кимсанинг олди қочдисидан иборат китобини ўқишарди диндор маҳкумлар.

Мен уларга бу кимса ҳеч ким эмас, Қодирийни ўқинглар деб “Ўткан Кунлар”ни бердим. Улар китобни четга сурдилар, боисин билсам китобда Туркистон ғояси борлиги экан.

Шўрлик Жоҳиллар!
Улар бир соддагина эртакни ҳам уқишга қодир эмаслар, Қуръонни қайдан тушунсинлар, “Ўткан Кунлар”ни қандоқ англасинлар?!

Гапимни ўзанига қайтарай:
Қодирийда гўзал тилдан бошқа нима бор деган машҳур шоирга дейманки, Қодирийда нима йўқ?!

Юқорида “Ўткан кунлар” дан келтирган айрим иловаларим кифоя бўлса керак. Кўчирмалар ёмбилар кабидир. Бундай ёмбилар Қодирийда сероб. “Ўткан кунлар” ёмбилардан иборат. Бу ёмбиларга тенг бирорта ёмбини Лев Толстойдан топиб берингчи!

Нега ҳа деб Лев Толстойдан топиб беринг деяпман?! Ахир насрда зўри Толстой деб билади дунё!

Анча мунча ўқиб, умр бўйи эшитиб Лев Толстой ҳақида бирорта танқид эшитмаганман. Толстой адабиётда улуғлик тимсолига айланган. Ўзим ҳам улуғ ёзувчининг энг машҳур асарларини бир умр қайта қайта ўқиганман. Буюк ёзувчига ҳеч қандай адоватим йўқ, Фақат Қодирийнинг кимлигини кўрсатиш учун таққослаяпман.

Албатта ҳар бирининг ўз ўрни бор. Мақсад бирини улуғлаб бирини ерга уриш эмас, ҳақиқатни англатиш. “У доридан бу дори афзал, ” дейиш фойдалику. Бу йўл узоқ ва хавфли, буниси яқин ва хавфсиз десанг, йўловчига ярайдику.

Абдулла Қодирий: “Кеча ойдин, Қабристон тиб тинч. Узоқроқдан Қуръон товуши эшитиларди. Қуръон оятлари Қабристон ичига оғир оҳангда оқар эди. Қабр ёига тиз чўккан йигитнинг кўз ёшлари ҳам Қуръон оятларига қўшилиб оқарди. “

Бундай сатрларни, бундай тилни, бундай манзарани наинки Толстойдан дунё насридан тополмайсиз!

Мана Лев Толстой тили:
“даҳшатли бўрон вагонларнинг ғилдираклари орасида ва стансия бурчагидаги устунларга келиб урилар, ғовуллар эди. Вагонлар, симёғочлар, одамлар ва кўзга кўринган нарсаларнинг ҳаммасини бир томондан қор босган ва бу қор уйилиб бораётган эди.” Анна Каранинадан
Абдулла Қодирий: “Қиш кунлари бир тутам, “ҳа” дегунча кеч бўладир”

Лев Толстой:
“Бўрон бир зумгина тиндию, кейин яна шундай қудрат билан қутурдики, унга тоб келтиришнинг иложи йўқдай. Худди шу пайт шамол ўз йўлидан ғовни ағдариб ўтгандек, вагонларнинг томларидаги қорни учириб туширди. Бир тахта тунукани тушуриб даранглатди, олдинда эса паравоз йиғлаётгандек, ғамгин бир товуш билан чинқирди. Қор бўроннинг бутун даҳшати Аннага энди яна ҳам гўзалроқ кўринди. ” Анна Каранинадан

Абдулла Қодирий:
Юсуф савдосида беқарор Зулайхо исмидан, Мажнун ишқида йиғлаган Лайли отидан — Сизга бошимдаги сочларимнинг тукларича беҳад салом! Мендан ҳадду ҳисобсиз гуноҳ, Сиздан кечириш. Ўтган ишга саловат. Чунки шу икки йил ичида кечирган қора кунларни эсга олиш маним учун ўша қора кунларни қайтадан бошдан кечириш сингари, ул кунларни Сиз унутинг, унутманг, аммо мен унутдим. Шунинг учун сўзимни ўзимни охирги чин бахт ислари ҳидлаган тарихимдан бошлайман.

Лев Толстой:
“Анна меҳмонларни узатгандан сўнг ўтирмасдан хонада у ёқдан бу ёққа юра бошлади. Анна ғайри шуурий тарзда бутун оқшом бўйи Левинда ўзига нисбатан севги ҳисси уйғотиш учун қўлидан келганича ҳаракат этган бўлса ҳам (Сўнгги пайтларда ёш кишиларга нисбатан шундай ҳаракат қиларди) Бир кечада хотинли ва номусли бир одамни имкони борича ўзига мафтун эта олганини билса ҳам, гарчи Левин ўзига жуда ёқиб қолган бўлса ҳам (еркак кишилар назарида Вронский билан Левин ўртасидаги фарқ жуда катталигига қарамасдан, Анна хотинлик сифати билан уларда бир ўхшашлик борлигини кўрардики, Кити ҳам худди шу важдан ҳам Вронскийни, ҳам Левинни яхши кўрган эди) Левин уйдан чиқар чиқмас Анна уни ўйламай қўйди. ” Анна Коренинадан

Бечора Толстой!

Икки эрли бир хотин ҳақида шунақа аралаш-қуралаш сўзлардан минг бетдан ортиқ китоб ёзиш шартмиди?! Уч эрлик бўлса, мабода Анна поезд остига ўзини ташламай (Толстой инсофга келиб) Левинга учинчи эрга текканида учинчи китоб ҳам ёзиларди. Китоб ҳозиргидек 1040 бет эмас икки минг бет бўларди.

Шўрлик Лев Толстойга раҳмим келади. Ахмоқ бўлиб Толстойнинг қучоқдай қучоқдай китобларини қайта-қайта ўқиган ўзимга ҳам, ўқиган ва ўқиётган дунёга ҳам раҳмим келади.

Эй ғофил одамзот! Бундан кўра “Ўткан Кунлар”ни ўқисангчи!