29 November 2017
22:54 - Ростакам яхши хабар: Кобулдан Тошкентга илк бор тўғридан-тўғри авиақатнов амалга оширилди

Бугун Афғонистон пойтахти Кобул шаҳридан Тошкентга илк бор тўғридан-тўғри авиақатнов амалга оширилгани ЎзА тарафидан хабар қилинди.

– Илгари йўловчилар Афғонистон пойтахтидан Тошкентга Истанбул ёки Дубай шаҳарлари орқали 17-32 соатда етиб келган бўлса, янги йўналишда бу вақт 1,5 соатни ташкил этмоқда, – дейди “Ўзбекистон ҳаво йўллари” Миллий авиакомпанияси бўлим бошлиғи Нодир Аюпов. – Ушбу йўналишда учиш йўловчилар учун ҳар томонлама қулай бўлиб, ҳам вақт, ҳам сармоя тежалади.

Кобул – Тошкент йўналиши бўйича илк парвозни Афғонистоннинг “Kam air” авиакомпанияси амалга оширди. Янги қатнов икки мамлакат авиакомпаниялари учун ҳамкорликнинг янги уфқларини очди. Келишувга кўра, “Ўзбекистон ҳаво йўллари” Миллий авиакомпанияси Учувчилар мактабида афғонистонлик учувчиларнинг ҳаво кемаларини бошқариш бўйича ўқуви ташкил этилади. «Uzbekistan airways technics» авиакорхонасида “Kam air” самолётларига техник хизмат кўрсатиш йўлга қўйилади.

Афғонистондан Тошкентга авиақатновлар ҳафтасига икки кун, замонавий лайнерларда амалга оширилади. Авиарейслар вақтини белгилашда “Ўзбекистон ҳаво йўллари” Миллий авиакомпанияси самолётларининг Германия, Буюк Британия ва бошқа давлатларга қатновлар жадвали инобатга олинган. Бу Афғонистондан парвозни амалга оширган йўловчиларнинг Ўзбекистон орқали Европа шаҳарларига учиши учун қулайлик яратади. Ўзбекистоннинг тарихий шаҳарлари – Самарқанд, Бухоро ва Урганч йўналишидаги парвозлар оралиғида мутаносиблик мавжудлиги афғонистонлик йўловчиларнинг Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қилишларига ҳам имкон беради.