28 November 2017
22:50 - Туркия онамухолифат партияси лидери ҳақ бўлса, Президент Ражаб Эрдўғаннинг шармандаси чиқди, балки, ўлди

Эслатиб ўтамиз, Туркияда энг кучли бўлган мухолифат партиясини онамухолифат партияси дейдилар. Ҳозир она мухолифат партияси - бир вақтлар буюк Отатурк тарафидан яратилган социал-демократик руҳдаги Жумҳурият Халқ Партиясидир.

Йиллардан бери Жумҳурият Халқ Партиясининг лидери Кемал Қиличдорўғли билан Президент Ражаб Эрдўған ўртасида сўзли дуэль бўлмоқда, аммо сўнги кунларда дуэль урушга айланди, десак бўлаверади.

Кемал Қиличдорўғли Ражаб Эрдўғаннинг одамлари юрт ташқарисига пул олиб қочаётганларини шу кунларда иддао қилган эди, Ражаб Эрдўған ўз партияси – Адолат ва Тараққиёт Партиясининг қандайдир мажлисида “У мухолифатчи ўз иддаоларини исботлай олса, мен дарҳол истеъфога кетаман”, деб Қиличдорўғлига жавоб берди.

Бугун, яъни 28 ноябрда Кемал Қиличдорўғли ўз партиясининг мамлакат парламентидаги депутатлари мажлисида шундай деди: “Мэн оролида (Ираландия денгизида Англия, Ирландия, Шотландия ва Уэлс ўртасидаги орол ва у ердаги мустақил давлат – “Ҳаракат”) 2011 йили очилган ва ҳеч ким билмайдиган Belvev Limited ширкатининг банкдаги ҳисобига Ражаб Эрдўғаннинг тоғаси Зия Илген 2,5 миллион, акаси Мустафа Эрдўған 3,7 миллион, ўғли Бурак Эрдўған 3,7 миллион, Эрдўғонга яқин одамлар Дюменюсу Осман ва Мустафа Гюндоған 2,2 ва 1,5 миллион доллар пул юборгани ҳақида ҳужжатлар бор деб, қўлидаги қоғозларни кўрсатди (расмда).

Бу ҳақда Туркиянинг энг обрўли “Миллиёт”, “Ҳурриёт”, “Жумҳурият” каби газеталари бугуноқ хабар тарқатдилар.

Ражаб Эрдўғаннинг адвокати бу ҳужжатларни кўрмасданоқ, уларни сохта деб эълон қилди.

Онамухолифат партиясининг раиси кўчадан топган ҳужжатларига асосланиб алжирамаётган бўлса керак, дейди мухбиримиз. Кўрамиз, бу жанжал қандай битади. Ҳужжатлар сохта бўлмаса, Ражаб Эрдўғон бу пулларга алоқаси йўқлигини айтса керак, аммо тоғаси, отаси ва ўғли шунча пулни қаердан топдилар, деган савол ҳам ўртага чиқиши аниқ ва жанжал яна ҳам кучаяди.