24 November 2017
19:56 - Мисрдаги мачитга жума намози пайтида ҳужум қилган террористлар 200 кишини ўлдирдилар, Ислом ўлим йўлидами?
Мисрнинг Синай ярим оролида жойлашган Эл-Ариш шаҳри яқинидаги Ал-Рауд қишлоғи масчитига бугун жума намози пайтида кирган сони номаълум ўлимчи-террористлар белларидаги бомбаларни портлатдилар. Бунинг кетидан кимлиги номаълум жиҳодчилар тирик қолганларни ўққа тутдилар. Ўлганлар сони, Миср давлати расмийларига асосланиб тарқатилаётган хабарларга кўра, ҳозирча 200 бўлди, уларнинг ичида ёш болалар ҳам бор.

Умуман тушуниб бўлмайдиган бу қонли теракт ҳақида ҳозирча биронта таҳлил ёки тахмина ҳам билдирилмаяпти. Давлат расмийлари 3 кунлик мотам эълон қилиб бўлдилар, холос.

Ким билади, балки, Ислом дунёси учун оддий воқеага айланиб бораётган терактлар ҳақида ҳеч қанақа тахмин ва таҳлил ҳам керакмасдир, дейди “Ҳаракат” мухбири. Ислом дунёси жаҳоннинг энг қашшоқ ва қолоқ қисимга айлангани, ақл қашшоқлиги ҳам шунинг ичидалиги, бу нарсалар Ислом дини ўлим йўлига кириб бўлганини кўрсатаётганини “Ҳаракат” узоқ вақтдан бери айтиб келмоқда. Қизиқ, террористларнинг ягона мақсади – “Ҳаракат”нинг башоратлари ҳар доимгидек тўғри бўлиб чиқшини намойиш қилиш эмасикан?