20 November 2017
21:32 - Яхши хабар: Ўзбекистонга Россиядан 20 минг тонна шакар келтирилди, ўзбеклар шакарсиз қолмайдиганга ўхшайди

Маҳаллий матбуотга кўра, "Ўзбекозиқовқатхолдинг" ширкати Россиядан шакар импорт қилиш бўйича шартномалар имзолаган ва шу шартномалар доирасида Ўзбекистонга 20 минг тонна шакар келтириб ҳам бўлинган. Ноябрь-декабрь ойларида Ўзбекистон истеъмол бозорида шакарга бўлган эҳтиёж 150 минг тоннани ташкил қилишини ҳисобга олсак, Россиядан келаётган шакар унчалик кўп ҳам эмас.

"Россияда бу йил шакар керагидан ортиқ ишлаб чиқарилди… ва унинг нархи тушириш бўйича Россия компанияларининг таклифлари биз учун жуда қулай. Бундан фойдаланиш мумкин. Бразилияда нархлар арзон бўлса, у ердан ҳам хомашё олишимиз мумкин", - дейди "Ўзбекозиқовқатхолдинг" вакили. "Русагро" ширкати бош директори Максим Басовга кўра, Россия қўшимча ярим миллион тоннадан ортиқ шакар ишлаб чиқарса, унинг ҳаммаси Ўзбекистонга жўнатилади.

Ўзбекистонда шакарга бўлган йиллик эҳтиёж 700 минг тоннани ташкил қилади. Шундай экан, ўзбеклар шакарсиз қолмайди. Қолаверса, дунёда, биринчи навбатда, Ғарбда, шакар истеъмол қилиш кескин тушиб бораётганини ҳисобга олсак, шакар остида қолиш эҳтимолимиз ҳам йўқ эмас.