17 November 2017
18:16 - Маҳаллада дув-дув гап: Сайрамлик йигитнинг хотини динини ўзгартирмаган, эри уни ҳадисга асосланиб ўлдирган
Шу йил 14 ноябрдаги «Қозоғистонлик ўзбек хотинини насронийликни қабул қилгани учун чавақлади, “Ҳаракат”га кўра, бу жуда шубҳали воқеа» номли хабаримизда Жанубий Қозоғистон вилояти Сайрам туманида яшайдиган йигит рафиқасини христиан динини қабул қилгани учун чавақлаганини билдирар экан, асосан ўзбеклар яшайдиган бир жойда ўзбек аёли христианликни қабул қилиши мумкин бўлмаслигини тушуниб, бу қотиллик орқасида бошқа сабаблар бўлса керак деб тахмин қилган эдик.

Ҳозир бизга маълум бўлишича, бу қотиллик юз берган Чимкент шаҳрининг Сайрам массивида дув-дув гаплар юрибди. Табиий, улар осмондан олинган эмас, чунки, қотиллик юз берган маҳаллада ҳамма қотилни ҳам, унинг турмуш ўртоғини ҳам, жуда яхши билади.

Хуллас, юз фоиз ишонса бўладиган гапларга қараганда, ўша 34 ёшли қотил ўз турмуш ўртоғини ҳижобга ўраш учун роса ҳаракат қилган, аммо хотини буни истамаган. Йигит хотинига жуда кўпинча жаҳл устида “ўриснинг одатига мос яшаяпсан, исломий яшашни истамаяпсан, ўрисларнинг динига мансубсан” деб бақирар ва ўзининг ҳақлигини кўрсатиш учун бир ҳадисни мисол қилиб келтирар экан – “Ким кимга ўхшашни истаса, у ўшалардандир.”

Охир оқибатда, у йигит ҳадисларга ҳам риоя қилиб яшайдиган ҳақиқий мусулмон сифатида қотилликка қўл урибди. Яъни, хабарларда унинг хотини христианликни қабул қилгани ҳақидаги гаплар ёлғондир. Ҳозир у йигит топилган ва ҳибсга олинган. Демак, ҳамма нарса ўрганилади ва унга тегишли жазо берилади.

Аммо бу қонли воқеа ҳам, “Ҳаракат” йиллардан бериб гапириб келаётган гаплар тўғри эканлигини кўрсатмоқда. Ҳозир Ислом дунёси, қотиллик қилган йигит ҳам, Ислом динининг Қуръонни ХАТО тафсир қилинишидан келиб чиқкан ХАТО тушунчалар билан яшаб келмоқда. Мана энди кўриб турибмизки, ҳадисларни тўғри тушуниш ҳам ўта муҳимдир.

Муҳаммад пайғамбар одамларнинг ичида яшаган, ҳар куни кўп одамлар билан кўришган, шунчаки гаплар ҳам гапирган. Аммо, уларнинг ҳар бирини мусулмонлар учун бажарилиши шарт бўлган нарсалар деб эълон қилиниши тўғри бўлмаган. Қолаверса, ҳар бир айтилган гапнинг ўз жойи бор, ўша жойда айтилган гап ўша жой учун тўғри бўлиши мумкин, аммо ҳар бир вазиятда тўғри бўлавермайди, бўлиши ҳам мумкин эмас. Чунки, пайғамбар – Парвардигор эмас.

Агар “Ким кимга ўхшашни истаса, у ўшалардандир” ҳадисидан келиб чиқсак, ҳозир ҳамма мусулмонлар насронийларга ўхшаб, айнан насронийлар яратган минглаб нарсаларни ҳар куни ҳар соатда ишлатмоқдалар. Булар – электр, автомобиллар, радио ва телевидение, телефон, селфон ва Интернет ва бошқа нарсалар. Агар ўша сайрамлик қотилнинг мантиғидан келиб чиқсак, ҳозир ҳамма мусулмонлар, Ислом уламолари ҳам, ўшаларга ўхшашни истаяптилар, демак, ўшаларданлар.

Ҳа, Ислом фундаментал ислоҳотларга муҳтож, Қуръон қайтадан тафсир қилиниши, ҳадислар мусулмонларга тўғри тушунтирилиши керак ва Ислом дини дунёвийлик/секуляризм принципини тан олиши керак.

Жойи келгани учун айтиш керакки, ўша қотил йигитни шундай қотиликка судраганлар ичида ўша ердаги мачитларнинг имомлари ҳам бўлган. Уларни ҳам ўша йигит билан биргаликда жиноий жавобгарликка тортиш шарт. Ана ўшанда мутлақо кўпчилиги чўнтагини пул билан тўлатишдан бошқа нарсани билмайдиган имомларимиз учун яхши дарс бўлади.

Динимиз ислоҳ қилинмаса, бундай қон тўкилишлар давом этаверади. Толибон, Ал-Қоида, Ўзбекистон Исломий Ҳаракати, ИШИД ва бошқа террорист ташкилотлар ҳам айнан Исломнинг хато тушунчаларига таяниб қон тўкмоқдалар ва динимизни ўлимга олиб кетмоқдалар.