16 November 2017
21:23 - Бечора Шавкат Мирзиё: Ҳукумат деҳқон бозорларидаги нархларни чеклашга уринмоқда
Тошкент шаҳар ҳокими ва масъул қўмиталар ҳамда ташкилотлар раҳбарлари билан биргаликда Ўзбекистон Республикасининг Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш Давлат қўмитаси пойтахт деҳқон бозорлари ва савдо ярмаркалари расталарида сотиладиган асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари учун энг юқори чекланган нархлар ҳақидаги ҳужжатни имзолади. Расмийларга кўра, деҳқон таннархидан қатъий назар маҳсулотини чекланган нархлардан қимматга сотиши мумкин эмас.

Ҳужжатга кўра, Тошкент бозорларида 1-30 ноябрь кунлари учун маҳсулотларнинг алоҳида турларига энг юқори чекланган нархлар белгиланган. Рўйхатдан картошка, пиёз, сабзи, гуруч, гўшт, балиқ, товуқ гўшти ва тухум каби маҳсулотлар жой олган.

Масалан, бир кило мол гўштининг нархи 33 минг сўмдан ошмаслиги шарт. Қўй гўшти нархи – 34 минг, картошка – 3 минг сўм ($0,37), пиёз – 3 минг сўм, сабзи - 1,5 минг сўм, гуруч турига қараб 3600 дан 6500 сўмгача, товуқ гўшти – 18 минг сўм, балиқ – 15 минг сўмгача ва тухум – бир донаси учун 500 сўмдан қимматламаслиги керак.

Бозор муносабатларига ўтаётган, қатор иқтисодий соҳаларни либераллаштириш ҳақида гапираётган Ўзбекистон ҳукуматининг бу ҳаракати хатодир. Шавкат Мирзиёнинг бу иши, СССРнинг ҳокими Брежнев ўлгандан кейин унинг ўрнига ўтирган Андропов мамлакатда меҳнат интизомини тиклаш учун катта шаҳарларнинг маказий магазинларида кундуз кунлари “облава” ўтказиб, иш пайтида магазинларда юрганларни ушлаш билан шуғулланганига ўхшашдир.

Нима ҳам дердик, Ўзбекистонни давлат эмас, бир колхоз сифатида бошқармоқчи бўлганлар устидан куламиз, холос. Кўзи очилгандан кейингина халқ бундай ҳукуматга тарсаки қўйишни ўрганади. Демак, авваламбор, халқнинг кўзини очиш керак. Ўшандагина халқ режим бошидагилардан иқтисодда фундаментал ислоҳотлар ўтказишни талаб қилади. Халқнинг кўзини очиш - мухолифатнинг вазифасидир.