16 November 2017
20:14 - Олқишга сазовор хабар ва “Ҳаракат”нинг ғалабаси: Ўзбекистоннинг олтин заҳираси 26 миллиард долларга етибди, аммо бу ҳали етарсиз!
Халқаро пресс-клубнинг бугунги мажлисида Ўзбекистон Марказий Банки раисининг 1-ўринбосари Тимур Ишметов мамлакат олтин-валюта заҳирасининг 2017 йилнинг 1 ноябрига келиб 26 миллиард АҚШ долларига етганини маълум қилди. Мулозимга кўра¸ Ўзбекистон олтин-валюта заҳираси сўнгги икки ойда 750 миллион долларга ошган.

“Одатда бу ахборотни эълон қилмасдик. У махфий саналарди. Яқинда давлатимиз раҳбарининг бир қатор иқтисодий ахборотларни фойдаланиш учун очиш ҳақида қарори қабул қилинди. 1 январдан Марказий Банк олтин-валюта захиралари, пул массаси ва бошқа иқтисодий кўрсаткичларни расман эълон қилиб боради”, – деди Ишметов.

Шу йилнинг июль ойидаги анжуманлардан бирида Ўзбекистон Молия вазири ўринбосари Мубин Мирзаев валюта заҳирасининг 20-25 миллиард доллар атрофида эканини айтганди.

“Ҳаракат” сайтининг доимий ўқувчилари билишлари керак, Ўзбекистон Марказий Банкининг олтин-валюта захиралари, пул массаси ва бошқа иқтисодий кўрсаткичларни расман эълон қилиб бориш йўлига ўтгани – бизнинг ғалабамиздир. Россия, Қозоғистон, Озорбайжон ва бошқа мамлактларнинг фақат олтин эмас, аввал “олтин-валюта заҳиралари” деб аталадиган “халқаро заҳиралари” қандай ортиб ёки тушиб бораётгани ҳақида хабар берар экан, Ўзбекистондаги Ислом Карим режими бундай нарсаларни ўз халқидан яшириб келаётгани, сабаби – бу заҳиралар ҳукумат амалдорларига ишлайдиган воситага айлантириб қўйилгани эканлигини таъкидлардик.

Масалан, “Ҳаракат” Агентлигининг 2014 йил 16 майда эълон қилинган “Озорбайжоннинг халқаро (олтин-валюта) заҳиралари $52 млрд, Ўзбекистонникичи?” номли хабарда аҳолиси биздан 3 баравар кам бўлган Озорбайжоннинг ҳозир “халқаро заҳиралар” деб айтиладиган “олтин-валюта заҳиралари” сал кам $53 миллаард, аҳолиси биздан 2 баравар кам бўлган Қозоғистонники эса $99,3 млрд эканлиги айтилганди.

Шавкат Мирзиё энди олтин заҳираси ҳақида халққа ҳисобот бериб туриш йўлига ўтган бўлса, бу олқишланиши керак. Кейинги қадам, аввал “олтин-валюта заҳиралари” деб аталадиган “халқаро заҳиралар” ҳақида ҳам халққа хабар бериш бўлиши керак. Ўзбекистон Марказий Банки раисининг 1-ўринбосари номидан тарқатилган хабар саволлар туғдиради. Нима, бутун дунё "халқаро заҳиралар" атамасига ўтиб бўлса ҳам, Ўзбекистонда буни билишмайдими? Агар хабарда айтилган 26 миллиард АҚШ доллари - халқаро заҳираларимиз бўлса, бу кулгили даражада камку.

Аҳолиси биздан 3 баравар кам бўлган Озорбайжонда халқаро заҳиралар $53 миллаард, аҳолиси биздан 2 баравар кам бўлган Қозоғистонники эса $99,3 млрд эканлигини бу мамлакатларнинг ахборот воситалари билдирмоқдалар. Улар билан солиштирсак, қашшоқларнинг қашшоғимизми? Бу хабарларда қандайдир чалкашликлар борга ўхшайди. Уларга аниқлик киритиш керак.