14 November 2017
22:42 - Жаслиқ лагерининг собиқ маҳбуси Каттақўрғонга ҳоким бўлди, бу ва бу каби мантиқсизликларнинг сабаби нима?

Шу йилнинг 11 ноябрь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Каттақўрғон тумани кенгашининг навбатдан ташқари мажлиси чақирилиб, унда ташкилий масала кўрилди. Сессия ишида 2006 йили жиноят ишлари бўйича Тошкент вилояти судининг ҳукми билан умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган, сўнгра Олий Суд томонидан жазо муддати 15,5 йилга ўзгартирилган Аъзамхон Баҳромов туман ҳокими этиб тайинланди.

Марҳум Ислом Карим томонидан ўта кескин танқид қилингач, коррупциявий жиноятлардан ташқари терроризмда ҳам айбланган Аъзамхон Баҳромов Жаслиқда 9,8 йил ўтириб, шу йилнинг май ойида озод қилингач Тошкентдаги “Ўзбекистон” меҳмонхонаси ресторанида элга ош берганди.

Мухбиримизнинг айтишича, қамоқдан қайтиб ҳокимлик ёки бошқа юқори мансаб курсисига ўтираётган Баҳромов кабилар оз эмас. Бунга мисол ўлароқ, Жиззах вилояти ҳокимнинг амалдаги биринчи ўринбосари Рустам Холматов, Қашқадарё вилояти Яккаабоғ тумани ҳокими Рустам Саъдуллаев сингари амалдорларни ҳам келтириш мумкин. Бундан ташқари, Ислом Карим даврида бадном қилинган Мамаризо Нурмуротов Марказий Банк раиси, Бухоро вилояти ҳокими Ўктам Барноев, ва қолаверса, Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Ариповларларнинг яна юқори лавозимларга тайинланиши ҳам шундай мисоллар рўйхатидандир.

Ҳамма биладики, номи тилга олинган кишиларнинг қамоққа ташланиши ёки ўша пайтдаги лавозимларидан отилиши – Ислом Каримнинг бўйруғи билан бўлган эди. Уларни янгидан юксалтириш Шавкат Мирзиёнинг ишлари бўлиб, булар Ислом Каримни адолатсизликда, баъзиларга нисбатан ваҳшийларча муносабатда бўлишда айблашдан бошқа нарса эмас. Шавкат Мирзиё шундай қилатуриб, бошқа тарафдан, Ислом Каримниннг номини абадийлаштириш, унга ҳайкаллар қўйиш билан овора бўлишини қандай баҳолаш керак? Келинг, баҳо беришни ахир бир кун кўзи очиладиган ўзбек халқига қўйиб берайлик.