13 November 2017
01:15 - Худога шукр, бошланди: Тошкент Халқаро аэропортида намозхона очилди, буёғи яна ёмон бўлади
Ўзбекистондаги ҳокимиятнинг қўғирчоқ ахборот воситалари ҳеч қандай таҳлилсиз хабар қилишларича, Тошкентдаги Халқаро аэропорт терминалида намозхона очилибди. Терминалнинг Б8 бўлимига яқин жойдаги намозхона қошида таҳоратхона ҳам бормиш.

Энди чегара назорат пунктидан ўтган йўловчилар одатдаги ибодатларини аэропорт терминалида ҳам бажариши мумкин. Авваллари бундай қулайлик Умра ва Ҳаж сафари давомида вақтинча ташкил қилинарди, мана энди доимий бўлибди.

Ҳа, худога шукр, мамлакатимизни исломийлаштириш йўлида буюк қадам қилинди. Умид қиламизки, бу жараён тўхтамасдан олға кетаверади. Яқинда, намозхоналар мактаб ва олий ўқув юртларида очилади. Кейин мактаб ва олий ўқув юртларида дарслар қиз ва ўғил болалар учун алоҳида синфларда ўтказиладиган бўлади, ётоқхоналар қиз ва ўғил болалар учун алоҳида бўлади.

Кейин аёлларга ҳижобсиз, эркакларга соқолсиз бўлиш тақиқланадиган кунлар келади. Буларнинг ҳеч бир ёмон жойи йўқ, булар Ислом динининг оддий талабларидир.

Кейин эркакларга 3 тагача хотинли бўлиш ҳаққи берилади, аёлларда бундай ҳақ бўлолмайди. Эркак камида 3 та гувоҳ олдида уч марта “Талоқ” деб хотинини улоқтиролади, аммо хотинларга бундай ҳақ берилмайди, чунки, ҳамма нарса Исломга кўра бўлади. Майда ўғриларнинг қўли қирқилади, каттароқ жиноят қилганлар тош бўрон қилиб ўлдирилади.

Буларнинг ҳеч қандай ёмон жойи йўқ, чунки, Шавкат Мирзиё ҳам билганидек, булар ҳаммаси муқаддас динимизнинг талабларидир, Шариатдир. Бу талабларни бажаришни ҳеч ким тўхтатишга ҳаққи йўқ.

Демак, мамлакатни исломлаштириш тўхтамайди, жараёнлар давом этаверади ва ахир бир кун кофирлар яратган автомобиллар ҳам бир тепиб улоқтирилади ва пайғамбаримиз каби туяларда юришга ўтамиз. Пайғамбаримизнинг ҳамма ишлари ва айтган гаплари суннатку. Секин аста шиаларни ҳам суннатни тан олишга мажбур қиламиз.

Ана ўшандагина ҳамма мусулмонлар жаннатга тушади, насроний ва яҳудийларга у ерда жой қолмайди.

Ҳа, бошландими, демак, охиригача бўлади. Исломий давлатда ҳамма нарса исломий бўлиши ва ҳамма исломий давлатлар Халифаликка бирлашиши шарт.

Ёки, Шавкат Мирзиё кайф устида аэропортда намозхона очишга рухсат берворди, энди бошқа ҳеч нарсага рухсат бермайди деб ўйлайдиган содда одамлар ҳам борми? У ҳолда, ҳақиқий мусулмонлар бундай рухсат бермасликка йўл бермаслик учун кураш бошламайдиларми?

Яна ким билсин, ўша содда одамлар ҳақдир. Ахир ҳаромий Ислом Карим ҳам мусулмонларни алдаб ўз тарафига тортиб олиш учун анча-мунча нарсаларга йўл берган, ўзи умрида бирон марта намоз қилмаган атеист бўлса ҳам, умра қилишгача борган эди. Кейин, ҳамма нарсани тақатақ тўхтатиб, ўзи рағбатлантирган ислом фанатикларига қарши қатоғон бошлаган эди.

Яна шунақа бўладими? Бунақа саволлар қаршисида қолмаслик, Ислом дини билан иккиюзламачиликда яшамасликнинг ягона йўла – Ислом динида фундаментал ислоҳотлар ўтказиш ва Ислом дини дунёвийлик/секуляризм принципини ўзи қабул қилишига эришидир.

Ҳозирча, нима ҳам дердик, бошланди, кўрамиз, буёғи нима бўлади.