11 November 2017
00:29 - Шавкат Мирзиё Самарқандда Марказий Осиё муаммолари ва келажагига бағишланган номи улуғ, супраси қуруқ халқаро конференция ўтказмоқда

Кеча Самарқандда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёнинг ташаббуси билан БМТ шафелигида “Марказий Осиё: ягона тарих ва умумий келажак, барқарор ривожланиш ва тараққиёт йўлидаги ҳамкорлик” мавзуидаги халқаро конференция иш бошлади. Бу ердаги энг таниқли исмлар - Европа Иттифоқининг Ташқи Ишлар ва Хавфсизлик Сиёсати бўйича Олий вакили, Еврокомиссия вице-президенти Федерика Могерини, Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилоти Бош котиби Томас Гремингер ва БМТ Бош Котибининг сиёсий масалалар бўйича ёрдамчиси Мирослав Енча.

Булардан ташқари конференцияда Марказий Осиё давлатлари ташқи ишлар вазирлари, Туркия Республикаси иқтисодиёт вазири Нихат Зейбекчи, Эрон Ислом Республикаси ташқи ишлар вазири Муҳаммад Жавад Зариф, Афғонистон Ислом Республикаси ташқи ишлар вазири Салоҳуддин Раббоний, БМТ Бош котиби ёрдамчиси, БМТ Тараққиёт дастурининг Европа ва МДҲ давлатлари бўйича минтақавий бюроси директори Жиҳан Султаноглу, Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти Бош котиби Рашид Алимов, МДҲ Ижроия қўмитаси раиси – Ижрочи котиби Сергей Лебедев, Россия Федерацияси ташқи ишлар вазири ўринбосари Александр Панкин, Ҳиндистон давлат ташқи ишлар вазири Вижай Кумар Сингх, БМТ Бош котибининг махсус вакили, Марказий Осиёда превентив дипломатия бўйича минтақавий маркази раҳбари Наталья Герман ва бошқалар қатнашмоқдалар. Қатнашчилар сони айтилмайди, аммо расмга қараганда, тахминан 300 киши.

Аввал конференция қатнашчиларига БМТ Бош Котиби Антониу Гутерришнинг видеомурожаати намойиш қилинди. Сўнгра, табиий, Шавкат Мирзиё нутқ сўзлади.

Конференция ташаббусчисининг нутқида унинг номидан келиб чиқиб, Марказий Осиёнинг ҳозирги аҳволигига баҳо берилиши ва келжакда қилинадиган ишларнинг программаси, умумий шаклда бўлса ҳам, эълон қилиниши керак эди. Шундай қилинган, аммо ҳамма нарса юзаки ва Шавкат Мирзиёнинг бу йил Нью-Йоркда БМТ Бош Ассамблеясидаги нутқига ўхшаб кетади.

Кўриниб турибдики, Шавкат Мирзиё бундай конференция ўтказиб, Марказий Осиёда қилиниши керак бўлган буюк ишларга отахонлик қилиш ниятини намойиш этиб, ҳеч шубҳасиз, Нурсултон Назарбойга тақлид қилмоқда. Агарда, ишлар ростдан ҳам буюк бўлса ва уларни амалга ошириш мумкинлигига ишонч бўлса, Шавкат Мирзиёнинг бу ташаббусини олқишлаш керак эди.

Аммо, унтмайликки, Ўзбекистон инсон эркинликлари бўйича жаҳон давлатлари рўйхатида охиридан 2-чи ўринда. Аввал, 3-чи ўринда эди, аммо ўтган йили Ўзбекистонда ўхшаши камдан кам бўладиган масхарабозлик руҳидаги президент сайловлари ўтказилгандан кейин, 2-чи ўринга тушди. Аввал, ҳеч бўлмаса, Сомалия ва Суриядан олдинда эдик, энди фақат Суриядан олдиндамиз. Яъни, Ўзбекистон жаҳоннинг энг мукаммал зиндонхонаси.

Асосан коммунистча маъмурий-буйруқбозлик ситемасига асосланган иқтисодиётимиз шундай ғарибки, ўртача ойлик бўйича қўшниларимиз Қозоғистон ва Туркманистонда 5-6 баравар орқадамиз. Бечора ўзбек профессорлари ва ҳатто сенаторлари қозоқ дворникларидан кам маош олишади.

Бунинг устига, “Бирлик” Партияси лидери Абдураҳим Пўлат 2015 йилнинг бошида ўша пайтдаги АҚШ Президенти Барак Обамага ёзган хатида башорат қилганидек, Марказий Осиё, тўғрироғи, Ўзбекистонимиз исломий терроризм ўчоғига айланиб бормоқда.

Ўзбекистон шундай аянчли аҳволда экан, бундан чиқиш йўлларини кўрсатмаётган, кўринишидан, уларни билмайдиган Президент Шавкат Мирзиё Марказий Осиёнинг келажаги билан шуғуллана олишига ҳеч ким ишонмайди. Марказий Осиё давлатларининг раҳбарлари бундай номи улуғ конференциянинг супраси қуруқлигини дарҳол тушуниб, Самарқандга келмаганларининг сабаби ҳам шунда.

Ҳеч шубҳа йўқки, бу конференцияга келганларнинг асосий мақсади, вақтдан фойдаланиб, Самарқанд ва Бухорони кўриб кетишдир.

Шавкат Мирзиё Марказий Осиёда ўзбекларнинг лидерлик ролини тиклаш устида ишламоқчи бўлса, биринчидан, демократик мухолифатни расман тан олиши, иккинчидан, Ўзбекистонни ҳақиқий бозор иқтисодиётига ўтказиши, айни замонда, демократия йўлида асосий тўсиқ бўлаётган Ислом динида фундаментал ислоҳотлар ўтказиш ва Ислом дини дунёвийлик/секуляризм принципини қабул қилишига эришиш учун ҳаракат бошлаши шарт. Ислом дини масаласи бўйича ҳам демократик мухолифат билан биргаликдагина жиддий натижаларга эришиш мумкин.

Агарда Шавкат Мирзиё кеча Самарқандда Ислом динида ўтказилиши керак бўлган фундаментал ислоҳотлар масаласини тилга олса эди, ўзи ҳам, бу конференция ҳам, инсоният тарихида қоларди.

Конференция бугун ишини битириши керак.