07 November 2017
18:16 - Юсуф Жума: Ўзбекистон Президентига Ёпиқ йўллар ҳақида очиқ хат.

Ноэр ёпган йўлни эрлар очади,
Эрларга йўл очгин эр бўлсанг, Шавкат!
Соғинчим зор этиб мени сочади,
Эрларга йўл очгин эр бўлсанг, Шавкат!

Қара, атрофингда бир даюс гала,
Юртфуруш, орфуруш - ўрисга далла.
Каллахўрлик этар аҳли бекалла,
Эрларга йўл очгин эр бўлсанг, Шавкат!

Қизфуруш узтозинг от сурди узоқ,
Оти остидаги Московдан таёқ.
Ғиротим қўяди гўрига туёқ,
Эрларга йўл очгин эр бўлсанг, Шавкат!

Тақдир сийлабдими бошингни демак,
Эрларнинг бошини силашинг керак.
Эр бўлсанг ноэрлар кермасин кўкрак,
Эрларга йўл очгин эр бўлсанг, Шавкат!

Бугунки шонингга учма, ўтади,
Авлодларга сўзим сўзсиз етади.
Руҳингни қарғишлар таъқиб этади,
Эрларга йўл очгин эр бўлсанг, Шавкат!

Англа, қўлламаса ўзи мабодо,
Мени қўллармиди АҚШдай дунё?!
Тангри йўл очганга йўл ёпиш хато,
Эрларга йўл очгин эр бўлсанг, Шавкат!

Тақдир сийлабдими бошингни демак,
Эрларнинг бошини силашинг керак.
Эр бўлсанг ноэрлар кермасин кўкрак,
Эрларга йўл очгин эр бўлсанг, Шавкат!

Бир куни танийди шоирини эл,
Сотқинлар гўрларин этадилар кул.
Агар эр бўлмасанг билганингни қил,
Эрларга йўл очгин эр бўлсанг, Шавкат!

Жаҳон подшоларин бари йиғилса -
Юсуф бўлолмайди юз бор туғилса.
Наҳотки то абад эрлар бўғилса
Эрларга йўл очгин эр бўлсанг, Шавкат!

Зор эмасман сенинг тожу тахтингга,
Зорман Ўғизхондан мерос кентимга.
Тангрининг сояси бўлган юртимга
Эрларга йўл очгин эр бўлсанг, Шавкат!