04 November 2017
22:43 - МДҲ Электроэнергетика Кенгашининг Тошкентдаги мажлиси доирасида Россия, Саудия, Қозоғистон учрашуви ҳам бўлди, Ўзбекистон мезбон сифатида чақирилди

Рус ахборот воситалари Тошкентда ўтказилаётган МДҲнинг Электроэнергетика Кенгаши йиғилиши доирасида Россия , Саудия ва Қозоғистоннинг энергетика соҳаси бўйича вазирларининг нефть бозиридаги вазиятни муҳокама қилиш бўйича учрашуви бўлганини хабар қилдилар. Тўғри, хабарда айтилишича, кечагина бу лавозимга тайинланган Ўзбекистон Бош вазирининг ўринбосари Алишер Султонов ҳам учрашувда иштирок этилгани айтилади. Аммо, ҳеч шубҳа йўқки, уни мезбон Ўзбекистонга ҳурмат кўрсатиш учунгина учрашувга чақиришган. Чунки, Россия ва Саудиянинг ҳар бири дунёда ишлаб чиқариладиган нефтнинг тахминан 13-14 фоизига эга бўлсалар, Қозоғистоннинг улуши тахмина 2 фоиз, Ўзбекистонники – бор-йўғи 0,1 фоиз.

Бу учрашувда Нефть Экспортери Давлатларнинг Кенгаши аъзолари ва унга аъзо бўлмаган Россия, Қозоғистон ва Озорбайжон тарафидан имзоланган нефть ишлаб чиқаришни чегаралаш бўйича Шартнома қандай амалга оширилаётгани ҳам муҳокама қилинибди. Хабарда айтилмаган бўлса ҳам ҳамма биладики, бу Шартнома – нефть нархинининг ҳозиргидан ҳам кўпроққа тушиб кетишининг олдини олиш мақсадида нефть ишлаб чиқаришни камайтириш ҳақидадир. Ўзбекистон бу Шартномада ҳам иштирок этмаган, чунки бизнинг тилга олишга арзийдиган даражада нефть заҳираларимиз ҳам йўқ. Лекин, нимага учрашувга нефть ишлаб чиқаришда 1 фоизли улушга эга бўлган Озорбайжон таклиф қилинмагани номаълум. Балки, унинг вакили Тошкентда бўлаётган асосий йиғилишга ҳам келмагандир.

Ҳеч шубҳа йўқки, бу учрашувда нефть нархининг тушиб кетиши сабабли Россия, Саудия ва Қозоғистоннинг бошига тушган балолар ва улардан қутилиш йўллари ҳам гаплашилган бўлса керак, аммо хабарда бу ҳақда ҳеч нарса дейилмайди. Бироқ, нефть бозорининг барқарорлиги ва келажакда нефть соҳаси инвестициялар билан таъминланиши муҳимлиги алоҳида урғулангани айтилади.