31 October 2017
06:44 - “Бирлик”нинг таклифи билан Ўзбекистон “Боку-Тифлис-Қарс” темир йўли лойиҳасини узайтиришда иштирок этмоқчими?

“Ҳаракат” Агентлиги 2014 йил 17 октябрда “Баку-Тбилиси-Қарс темир йўли лойиҳасига Қозоғистон ва Афғонистон қўшилмоқчи, ҳар доимгидек Ўзбекистон йўқ” номли хабар тарқатган эди. У хабарда Бокудан Тифлис орқали Туркиянинг Қарс шаҳрига борадиган “Боку-Тифлис-Қарс” темир йўли қуриш режалаштирилаётгани, бу лойиҳа тарихий Ипак йўлини ривожлантиришга қаратилгани, бу лойиҳага Қозоғистон ва Афғонистон қўшилиш истаги билдирганлари айтилган ва шундай жумла билан битган эди: “Хўш, Ўзбекистон қаерда? Наҳотки, Ўзбекистоннинг аҳмоқ раҳбарларига ҳар доимгидек “Бирлик” Партияси ва “Ҳаракат” Агентлиги йўл кўрсатиши керакми?” Ўша хабаримизни истаганлар шу адресда ўқишлари мумкин - http://harakat.net/news/?id=15841. Ўша хабарда “Боку-Тифлис-Қарс” темир йўли ўтган минтақанинг харитаси ҳам бор.

Мана орадан 3 йил ўтиб, кеча Боку шаҳрида Туркия ва Озорбайжон президентлари Ражаб Эрдўған ва Илҳом Алиев рафиқалари билан, Гуржистон, Қозоғистон ва Ўзбекистон бош вазирлари Георгий Квирикашвили, Бакитжан Сагинтаев, Абдулла Арипов ҳамда Тожикистон ва Қирғизистон вакилларининг иштирокида Бокудан Тифлис орқали Қарсга қараб йўлга чиққан биринчи юк поездини кузатиш маросими бўлди.

Яна шу нарса қизиқки, 32 контейнердан иборат бўлган бу поезд Қозоғистондан келган экан. Озорбайжон ва Туркиянинг ахборот воситалардаги хабарларда айтилмаса ҳам, русларнинг бу йўл Хитойни Европа билан Россияни айланиб ўтиб боғлайдиган Янги Ипак Йўли бўлиши ҳақидаги гапларидан тушуниш мумкинки, поезд Қозоғистондан Бокуга Каспий Денгизи орқали паром билан келган. Демак, ростдан ҳам бу – Янги Ипак Йўли.

Ўзбекистон Бош вазирининг шу муносабат билан Бакуга келиши кўрсатмоқдаки, “Ҳаракат” Агентлигининг 3 йил аввал айтган, тўғрироғи, тошдек отилган “Хўш, Ўзбекистон қаерда? Наҳотки, Ўзбекистоннинг аҳмоқ раҳбарларига ҳар доимгидек “Бирлик” Партияси ва “Ҳаракат” Агентлиги йўл кўрсатиши керакми?” сўзлари эгасини топибди. Ишлар шу йўналишда кетишини истаймиз. Аммо, Ўзбекистон “Бирлик” ва унинг жарчиси “Ҳаракат”сиз олға кетолмаслигини иложи борича тезроқ ҳамма тушунишини истардик.