25 October 2017
22:11 - Юсуф Жума: Қойил! Кўз тегмасин - туф, туф, туф… (Фахрнома. Ёхуд рекордлар китоби)
Боболаримизнинг муқаддас гавдаси мадфун Туркистонимизни тўнғизхона қилишга ҳозирланган биз итлар яратгувчининг қаҳрига албатта йўлиқурмиз.
Абдулла Қодирий

Махтумқули сўзим ҳақдир,
Ҳақ сўза тан беран йўқдир.
Махтумқули

Ҳақнинг йўлидан ҳамма озган оғурлар бўлган,
Шундан оғриган улуғ Мусонинг улуғ кўнгли.
Элига адашишдай дарди бедаво келган,
Ҳаммага қарши бориш - Ҳақнинг энг оғир йўли.

Ҳамма адашган бирдай, дерлар адашмас улус,
Лозимми бор жонзотга қарши - руҳимнинг феъли.
Чексиз оғир дамларда, Тангрим, қўймагин ёлғиз
Ҳаммага қарши бориш - Ҳақнинг энг оғир йўли.

Элимизнинг улуғлигини элимизнинг “зиёлилари” айтади. Тўғри қилади.

Очун куйимса, бизни кўролмайди.

Нега элимизнинг “даҳо”лари фахрланган эл билан мен фахрланмайин?!

Фахрлар китобини - Жаҳон рекордлар китобининг асл зўрини ёздим. Бу “муборак” китобга ўзбекдан бошқа миллат мутлақо киролмайди. Ҳатто Лут, Од қавмлари бўлганда ҳам даъвогарлик этолмасдилар. Бу китобимдан кейин Юсуф Жума халқни ерга уради, ким ўзи деган ҳақли сўзлар ўчади. Улуғ элимизда одат бор: Қойил қилганни кўрса қойил кўз тегмасин, туф, туф деб қўяди. Шу боис китобни қойил, кўз тегмасин туф, туф деб қўйдим. Кўз тегиб Лут қавмидек ер ютса нима қиламан?!

Бу “Муборак” китоб қошида Геннис реcордлар китоби ҳам китобми?! Ит ҳам кирган, бит ҳам кирган.

Тангри қўлласин бошладим!
Бисмиллоҳ демадим, Тозипарастлар Оллоҳ ўзбекчани билмайди деб ўйлашади, йўқ Тангри ўзбекчани билади.

1. Ота юртининг ҳатто отини ҳам билмайдига эл - ўзбеклар! 99 фоиздан ортиқ. Қойил кўз тегмасин туф, туф, туф. Изоҳ: кўз тегмасин деб фоизларни чексиз камайтирдим. Ҳушёрлик - узуғлик яхши, ёв кўп. Аслида ота юрти Туркистон, Турон эканини биладигани йўқ ҳисоби.

Илону сиртлон кўп Бухорода ҳам
Ким айтар йиртқичга бу юрт сеники?!
Тупроғи, ҳавоси, кўки жамбул жам -
Бухоро меники - Турон меники!

Тўнғиз, мегажин кўп Хоразм кентда
Ким айтади Хукка бу юрт сеники?!
Қутурган эшшак кўп Шошда - Тошкентда,
Лек Хоразм, Тошкент - Турон меники!

Този итсиз ер кам Маккада, бироқ
Ким айтар тозига бу юрт сеники?!
Каъба - Ўғизхон из солган тупроқ,
Каъба - бутун очун - Турон меники!

Ватан, эрк ҳақида бутун умрида бирон карра ўйламайдиган эл - ўзбеклар. 100 минг фоиз! Қойил! Кўз тегмасин туф, туф-туф.

Нега қамалмадим йигирма ёшда
Юмиқ кўзларимни очарди қамоқ.
Отамни, онамни қўярдим бошга
Бошқалар - ёвларим сотқин ва қўрқоқ.

Нега қамалмадим ўттизимда мен
Банди бўлмаган Пир олмабди сабоқ.
Бу элни билмайди бўлмаган тутқун,
Барчаси душманим сотқин ва қўрқоқ.

Сўзим ноэрларга туюлар эриш,
Ҳаммаси айблабди ним жонимга қасд.
Барча пасткашликни бир элга бериш
Чексиз пасткашликдир - Осмон чексиз паст.

2. Дўсту-душманини, оқу-қорани фарқламайдиган - боболарининг тозиларига - азалий душманлари арабу пирсиёнга, ўрисга қулу чўри бўлишини бахт билган эл - ўзбеклар. Бир миллион фоиз. Қойил, кўз тегмасин. Туф, туф-туф.

Қора кунда бир бирини сотадиган қўрқоқлар, сотқинлар - ўзбеклар - 99 фоиз. Бай, бай, қойил. Кўз тегмасин туф-туф-туф. Изоҳ: Нега сотқинлар демасдан ҳам қўрқоқлар, ҳам сотқинлар дедим. Сотқин ёвдан бирон наф эвазига сотса, қўрқоқ текинга қўрққанидан сотади. Кўз туф деса ҳам тегади деб фоизни кам кўрсатдим.

Бир фоиз гўё сотқин эмасдай. Ахир бир фоиз 320000 минг киши. 320000 Шовруқ Рўзимурод бўлса Каримовдай мустабид юртни 30 йил сўрармиди. Бир кун ҳам ҳукмдорлик қилолмасди. Шовруқлар бошини ҳам сотқинлар еди.

Бизнинг миллий таомимиз - бош,
Барча миллат қилса ошхўрлик
Биз этамиз фақат бошхўрлик,
Бизнинг миллий таомимиз - бош.

Юрт дошқозон, ўт - қилмишимиз,
Каллапазлик мудом ишимиз.
Сотқинликлат - сонсиз тишимиз,
Бизнинг миллий таомимиз - бош!

Спитамен бошин қайнатдик,
Улуғбекнинг бошин чайнадик.
Бошхўр элмиз, бошхўр тўратдик
Бизнинг миллий таомимиз - бош.

Танимиз - дор, оғзимиз сиртмоқ,
Машраб, Дукчи Эшонлар - тамоқ.
Нечун бизда биронта бош йўқ
Бизнинг миллий таомимиз - бош.

5. Сотқинларга, элни қирғин этганларга сиғинадиган, ҳайкал қўядиган эл - ўзбеклар. Туфу кўз тегмасин, туф-туф. Қутайбага - манфур тозига ўн беш асрдан буён сиғинадилар. Улуғ фарзанди Муқаннага ўн беш асрдан буён тупуради. Сотқин - Москва ялоқиси ёвуз Ислом Каримовга ҳайкаллар қўйди.

Қўйиларкан сотқинларга ҳайкаллар,
Сотқинистон бўлмайдими Туркистон?!
Хиёнатдан юртни босди ўсаллар
Сотқинистон бўлмайдими Туркистон?!

Ҳар хоинга тикланса бир тош уюм
Ҳамма учун тиклаш керак, содиқ ким?!
Аллақачон сотқинликка Турон ем
Сотқинистон бўлмайдими Туркистон?!

Авлодимиз тош устида яшарми
Нон ўрнига сангу харсанг ошарми?!
Болалар ҳам оталарга ўхшарми
Сотқинистон бўлмайдими Туркистон?!

Қутайбага сиғинади эл ноқис,
Муқаннага тупуради то ҳануз.
Дўсти ёвни билмаган беэс, даюс,
Сотқинистон бўлмайдими Туркистон?!

Жаҳолатга қўйилмоқда ҳайкаллар
Разолатга қўйилмоқда ҳайкаллар.
Хиёнатга қўйилмоқда ҳайкаллар,
Сотқинистон бўлмайдими Туркистон?!

Босгандилар юртни - юртга бош бўлиб,
Энди юртни босмоқдалар тош бўлиб,
Ота Турон кетди ёвга ош бўлиб,
Сотқинистон бўлмайдими Туркистон?!

6. Шеър нималигини билмаган эси йўқ шоирлар, мақола нималигини билмаган эси йўқ ёзувчи, журналистлар, Адабиёт нималигини билмаган эси йўқ олимлар -
Ўзбек шоирлари - 100%
Ўзбек журналист ёзувчилари - 100%
Ўзбек адабиётшунос олимлари - 100%

Туфу кўз тегмасин - кўз тегса ҳам майли - туфф-туфф, туфф…

Минглаб романлар битилди. Абдураҳим Пўлатнинг 5-10 қаторлик мақоласига тенг келмайди. На ёзувчиликка, на журналистликка даъвоси йўғу ҳар хабарида элга муҳим бир гап айтади. Шеъру роман, мақолалар бари “камсамолка”ларнинг нутқларидай. Тағин бир бирини Чўлпондан улуғсан деб мақташади. Жиноий далиллларни кўтимзўрлик билан рад этамиз дегувчиларга аввалдан айтайки, ўзбек адабиётида мен на ҳавас этадиган, на ҳасад этадиган (Бу жирканч туйғудан жирканаман) ҳеч ким йўқ. Биттагина “Тўмарис” асарим билан ҳеч ким беллаша олмайди. Кимлигимни яхши биласиз. Тан олгингиз келмаса ҳам тағин аксариятингиз ўғри. Мен саксонинчи йилларда ёзган “Ёшлик” журналида эълон этилган. “Четда Ўзбекистон борми?” деган шеъримни бир пирсиён кўчириб қўшиқ қилиб юрибди - ўғриларга ҳасад этармидим.

Бу ҳам майлику-я, бир эси йўқ, руҳий ногирон олим - Абдулла Орифни Чўлпону Фитратлардан бадиятда ўзган дебди.

Абдулла Ориф девордан бировнинг ҳикматини кўрибдию - кўчириб шеър қилибди. Шогирдлари - эси йўқлар - уни мақтаб ёзаяпди - Абдулла Ориф даҳо - ҳозир жавоб. Сотқиннинг сотқин шогирдлари мақтаяпдими - сотаяпдими?! “Дўстни сотиб олиб бўлмайди - дўст сотиши мумкин”. Зўр нарса эмас, шуни ҳам ўғирлаган. Шуми Чўлпондан ўзгани.

Буюк Мирзо Ғолибнинг бир тўртлигини Абдулла Ориф кўп такрорларди. Шу тўртликнинг ўзагини ҳам ўғирлади.

Мирзо Ғолиб:
Лабим тишлаб қоним ялайман ўзим.

Абдулла Ориф: Қонимни ялайман лабимни тишлаб.

Мана Абдулла Орифнинг “юксак бадиияти” - кўчирмачилик.

Ё Абдулла Орифда Эркин Воҳиднинг “Руҳлар исёни”, “Истамбул фожеаси” билан беллаша оладиган бирон асари борми?!

Биттагина - “Кўнгил” - улуг Чўлпон шеъри билан беллашадиган шеър дунё шеъриятида йўқ. Ё ўғри “даҳо” Абдулла Орифнинг “Онажон” шеъри беллашадими - жанозада аёл киши айтаётган айтимдай. Қойил қоладиган бирон бадиятни топчи, эси йўқ “олим”. Ё мусур гимнида борми?! Улуғларни ҳақорат қилаётганлар жазоланадиган кун келади.

Ё Абдулла Ориф Чўлпонни “Биринчи Муҳаббатим”и билан синдира оладими?!

Қайси бадиияти билан. “Туйнуксиз қаср экан” дегани биланми - Увайсийдан кўчирма, ўғирлик: “Ул на гумбаздир эшигу туйнигидан йўқ нишон”. Ё “Тонгда туриб номингга ушбу шеримни битдим” деган сатри биланми?! Бундай сатрлар ёзиш учун шоир бўлиш шарт эмас. “Тўйлар Муборакни”ни ҳам ҳамма куйлайди, зўрлиги учунми.

Ҳамма қатори яшаш -
Оримга тўғри келмас.
Уммон жилға бўлишга
Ҳеч қачон рози бўлмас.

Қамрайман ер юзини
Тангрим беради ривож.
Қолади кўлмакларга
На ўрин, на эҳтиёж.

7. Бўм-бўш сатрлар - Ўзбек ёзувчилари, шоирлари - журналистлари сайтлари. - 100% Янги сўз, янги фикр, янги ҳикмат - ижодкорнинг сўзи - қолгани сафсата. Ё шунчаки хабар. Ҳар мақола минг гектар. Ҳар шеър минг гектар. Ҳар роман Ўзбекистондан катта - бирон ҳикмат йўқ. Энг сўнги мақола Абдулла Қодирийнинг мақоласи. Энг сўнгги проза Абдулла Қодирий прозаси. Ўзбек насри Абдулла Қодирийда бошланиб - Абдулла Қодирийда тугади. Энг охирги шеърият Эркин Воҳид шеърияти…

Ҳамма жоннинг бир сайти бор,
Сайт очган ҳатто юмрон.
Ўз сайтида арслон,
Ўз сайтида қаҳрамон.

Сайт очган ҳар бир кўппак,
Сайт очган бор кўрсичқон.
Сайтида ботир эшак -
Ўз сайтида қаҳрамон.

Гердайиб юрар қуён,
Суратда мисли қоплон.
Дер: мен тенгсиз Баҳодир
Ўз сайтида қаҳрамон.

Арслоннинг сайти йўқ,
Деманг унда йўқ имкон.
Майдонда тортар наъра,
У майдонда қаҳрамон.

8. Энг бахтли жуфтликлар - фақат ўзбекларда - Эри бесақоллик қилиб, хотини фоҳишалик қилиб Малибу машинаси сотиб олишади. Бай, бай - туф, туф кўз тегмасин!

Бу жуфтликларни тарғиб қилиб кўпайтираётган “Озодлик”нинг ўзбек бўлими, ББCнинг ўзбек бўлими. ББCнинг ўзбек бўлимини “Жасмина”си деб, “Озодлик”нинг ўзбек бўлимини (Ербўтадан эрни олиб ташлаш керак - чунки бу сўз туркнинг улуғ сўзи) Бўтаси деб номлаш даркор. Бўта дегани кўп дегани. Бахтли жуфтликлар чиндан кўп. Тағин ББC ва Озодлик нинг ўзбек бўлимидагилар номоз ҳам ўқишармишлар. “Озодлик”дагилар Эрбўта учун роса жон куйдирадилар, аммо юртга қайтиш илинжида кимнидир мақтаган кекса инсондан куладилар.

Қаранг фалончини мақтаган илтимоси рад этилди деб. “Қорнимиз тўйган жой Биз учун Ватан” Сувараклар фалсафаси шеъримда. Бундан қирқ йил бурун ўрисларга қарши ёзганман. Қорни тўқ, юрт эсида йўқ калта иштонликлар Ватанни не қилади. Мен ҳатто Ислом Каримовни мақтаб юртга қайтмоқчи бўлганман. Шундай қилмаганимга афсусдаман. Мана ўша 2013 йилда ёзилган шеър:

Мақтаб қолсам Подшони бир кун
Юрагимни ўқувчим тушун.

Ватансиз жон сақлашим душвор
Она юртга қайтмоғим даркор.

Агар эшшак бўлса ҳукмдор
Мен Тақсир деб айтишга тайёр.

Тангри эмас - ишлари мужмал,
Шоҳлар этар тақдирингни ҳал.

Қайтма деса қайтиш бўлади
Ўлим бўлар - йитиш бўлади.

Кучукбачҳа бўлса ҳам тождор
Мен юрт учун тоатга тайёр.
2013 йил.

9. Чанг чиқармайдиган пода ўзбеклар. Оёқларини қўлларига олиб юрадилар. Чўпонлари - тўраларии чангни ҳам исён деб биладилар. Тағин чўпон подани эмас, пода чўпонларни боқади. Қул бўлиб, чўри бўлиб доллар билан боқади.

10. Ўз тақдирини ўзи ҳал этмайдиган эл - ўзбеклар. Бир тирилён фоиз. Туф кўз тегмасин.

Изоҳ: Ўрис айғоқчиларининг бошлиғи ўрис аскарлари билан Тошкентга қўнди. Товуқхонага ўғри тушса товуқлар қақақлайди. Ўзбекистон дуч келган хўрознинг остига кириб кетадиган - қақақламайдиган товуқлар катаги. Ўрисга тиллою борини бериб - ўзи ўрисга қул бўлишни бахт деб биладиган сўқир товуқлар. Мен ўттиз йил бурун ёзган, КГБ тергаган, Улуғ Дадахон Ҳасан куйлаган куйидаги юрт қайғусидан кўзини очганлар ўлдирилдилар. Кўзи юмуқлар қолди Сотқинлар - Мустақиллик қаҳрамонлари - юрт тўрида. Юртни Московга сотиб ётибди. Мен бадарға этилдим. Дадахон Ҳасан қўшиқлари ҳамон тақиқда.

Қарздорлик

Сенинг бошинг қарздан чиқмас, менинг бошим кулфатдан,
Тинмай ишла Ўзбекистон қарзинг кўпмиш давлатдан.

Тилло бериб қарзларини узолмаган юртгинам,
Пилла бериб қарзларини узолмаган юртгинам.

Қоракўлдек гавҳар бериб узолмаган юртгинам,
Газ ва тенгсиз мармар бериб узолмаган юртгинам.

Мева бериб вагон-вагон узолмаган юртгинам,
Газ ва тенгсиз мармар бериб узолмаган юртгинам.

Қарз узай деб дарёларин адо этган юртгинам,
Ёлғизгина уммонини саҳро этган юртгинам.

Сенинг бошинг қарздан чиқмас, менинг бошим кулфатдан,
Тинмай ишла Ўзбекистон қарзинг кўпмиш давлатдан.

Кўпроқ ишла сенга фақат ишлаш насиб қилгандир,
Ўзбек халқи бу дунёга қарз узай деб келгандир.

Сўр сув ичиб мажруҳ сариқ бўлганларинг ишласин,
Мозорларинг бузиб ташла ўлганларинг ишласин.

Сенинг бошинг қарздан чиқмас, менинг бошим кулфатдан,
Тинмай ишла Ўзбекистон қарзинг кўпмиш давлатдан.

11. Сотқинлар туғадиган оналар ўзбек оналари. 99%
Изоҳ: ББCнинг Жасминаси бир кампир ҳақида ёзибди. Сарлавҳасини ўқидим. “Дадам”ни (Президент Шавкат Мирзиёевни) бир кўрсам ўлсам майли, олдинги дадамни кўролмадим (Олдинги дадаси иркит Ислом Каримов) дебди. Президент ўғлинг қатори Сен “Ота ўғлим”ни де. Бундай оналардан сотқин туғилмай эр тўғилармиди. Бундайлар Ўзбекистонда ўн миллионлаб. Шавкатнинг ўрнида бўлсам бари билан кўришардим, сўнг барини дорга осардим. Сотқинларни дорга тортмай юрт тузалмайди.

12. Уйи ёнаётганини билмайдига эл ўзбеклар. Изоҳ: Ёлғиз уммони орол қуриди - уйига ўт тушди -юртни кул ўрнига туз босаяпди. Ер ости ороллари - ер ости бойликлари қуримоқда. Ўзбекистон, бутун Туркистон ёнмоқда. Эл бепарво. Боиси не? Мен қирқ йил аввал ёзган, Дадахон Ҳасан куйлаган шеърда жавоби:

Орол

Сенсиз чаноқларда менда йўқ иқбол
Заволинг бўлади элимга завол.
Қуриб битмоқдасан сенда йўқ мажол
Бизда қуримаган не қолди Орол?!

Бир ютим покиза ҳаво қолдими?!
Биёбон қолдими, дарё қолдими?!
Диёнат қолдими, Ҳаё қолдими
Бизда қуримаган не қолди Орол?!

Саробга ишониб кечдик Уммондан,
Мадад бор на ердан, на осмондан.
Ватаним айрилди Сендек маводан
Бизда қуримаган не қолди Орол?!

Меҳр ҳурмат бўлса қурирмидинг сен?!
Поклик исмат бўлса қурирмидинг Сен?!
Дилда журъат бўлса қурирмидинг Сен?!
Бизда қуримаган не қолди Орол?!

Сенсиз чаноқларда менда йўқ иқбол
Заволинг бўлади элимга завол.
Қуриб битмоқдасан сенда йўқ мажол
Бизда қуримаган не қолди Орол?!

13. Ўликхонадаги юрт - Турон,
Ўликхонадаги эл - ўзбеклар.
1 000 000 000 фоиз.

Изоҳ:Мен Туркистоннинг миллатнинг жон томирлари бўлган - ҳақиқй тарих, ҳақиқий адабиёт, ор-номус, ғурур, жасоратдан сўйлаяпман. Ўзбек жон томирларидан айри - ўлик эл Абдулла Орифнинг гимни, “Биринчи муҳаббатими” Соҳибқирон Амир Темурни қўшмачи деб ёзган чиқиндиси билан, иркит ҳайкали билан тирилмайди. Мақсуд Шайхзоданинг Мирзо Улуғбеги, Абдулла Қодирийнинг “Ўтган кунлари”, Абу Райҳон Беруний, Маҳмуд Қошғарий каби даҳоларнинг китоблари билан тирилади. Ҳозир жон томирлари ўрнида илонлар ўрмалаяпди. Мен ўликхонадаги Ота юрт Туронни, элни тирилтириш қайғусида, мегажинлар эса ичи қораликдан ўлган аллақандай тўнғизлар ҳақида чийиллашяпдилар. “Ўткан кунлар”дан, “Мирзо Улуғбек”дан паст китобларни ёқиб ташлаш керак. Сотқинларни ўлигу тирик барини осиш керак. Бу Туроннинг улиси - пойдевори

Ҳақнинг йўлидан ҳамма озган оғурлар бўлган,
Шундан оғриган улуғ Мусонинг улуғ кўнгли.
Элига адашишдай дарди бедаво келган,
Ҳаммага қарши бориш - Ҳақнинг энг оғир йўли.

Ҳамма адашган бирдай, дерлар адашмас улус,
Лозимми бор жонзотга қарши - руҳимнинг феъли.
Чексиз оғир дамларда, Тангрим,қўймагин ёлғиз
Ҳаммага қарши бориш - Ҳақнинг энг оғир йўли.

14. Ёппасига қаҳрамон эл - ўзбеклар.
Туфу кўз тегмасин!

Изоҳ: Президенти (Москванинг қанжиғи Ислом Каримов) дан тортиб шоирларигача қаҳрамон - нишонли қаҳрамон. Мухолифатнинг сотқин қисми пешволари - элни, юртни сотиб келиб, четда қаҳрамон, нишонсиз қаҳрамонлар. Ўзбекистон душманларига - Москвага малайлар - Уюшган жиноятчилар қаҳрамон. Ҳамма қаҳрамон, юрт - ўрисга қарам.

Жанг тўқишда бўлмай туриб эрман дема.
Ўчингдан ёв ўлмай туриб эрман дема.
Эрлар эрнинг ишин қилиб эрман дейди
Эрнинг ишин қилмай туриб эрман дема.