24 October 2017
19:17 - Ташқи Ишлар Вазирлигида АҚШ элчиси қабул қилинди, Гулнора Каримованинг ўғрилик пуллари нимага АҚШ кетаётгани гаплашилдими?
Ўзбекистон Ташқи Ишлар Вазири Абдулазиз Комил кеча АҚШнинг мамлакктимиздаги фавқулодда ва мухтор элчиси Памела Спратленни қабул қилиб, Ўзбекистон президентининг сентябр ойида БМТнинг Бош Ассамблеяси бориши баҳонасидаги Нью-Йоркка ташрифи ва АҚШ ишбилармонлари билан учрашувлар доирасида эришилган келишувларни амалга ошириш жараёнини муҳокама қилди.

Ташқи Ишлар Вазирлигининг матбуот хизматига кўра, учрашув пайтида яқинда Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтадиган номи узундан узоқ, демак, супраси қуруқ бўлиши аввалдан маълум бўлган “Марказий Осиё: ягона тарих ва умумий келажак, барқарор ривожланиш ва тараққиёт йўлидаги ҳамкорлик” конференциясини ҳам муҳокама қилинган. Чунки Самарқанддаги форумда нима учундир АҚШнинг нуфузли делегацияси ҳам иштирок этади.

Ҳаромий Ислом Карим яратган анъанани давом эттираётган Ташқи Ишлар Вазири Абдулазиз Комил бу учрашув ҳақидаги хабарга ҳам расм қўйдирмаган. Аслида, бу бир тийинга қиммат хабар шундай расм билангина ўқувчиларнинг эътиборини ўзига тортиши мумкин эди. Нима ҳам дердик, бечора Ўзбекистон, бечора Абдулазиз Комил!

Аслида, вазиримиз ҳақиқий вазир бўлса, Ислом Каримнинг “Фуҳуша” лақабли қизи Гулноранинг номи билан боғлиқ бўлган миллионлаб доллар пуллар нимага АҚШ тарафидан тортиб олаётганини гаплашиши керак эди. Бу пуллар Ўзбекистонга берилса эди, ҳеч бўлмаса, Тошкентда қуриладиган ер усти метросининг ҳаражатларини қоплаган бўларди, Давлат бюджетига фойда бўларди, қозоқ дворникларидан кам маош оладиган ўзбек профессорларининг маоши озгина бўлса ҳам ортарди.

Ўзбекистон демократлари, айниқса, ҳуқуқ ҳимоячилари бу мавзуни халқаро саҳнага олиб чиқишлари керак, тўғрироғи, шарт.