24 October 2017
16:21 - Ўткан ғариб кунларимиз: “Бирлик”ми ё кўнгли кирлик?... “harakat” журналини ўқиб… (“Ҳаракат” Агентлигининг сайтида 2006 йил 28 декабрда эълон қилиган хабар)

"Ҳаракат"га журналист Дилмурод САЙЙИДдан «“Бирлик”ми ё кўнгли кирлик?... “harakat” журналини ўқиб…” сарлавҳали хат келди. Ўша хатнинг матни ва бизнинг таҳлилимиз билан қуйида танишиш мумкин:

* * * * *

Дилмурод САЙЙИДнинг хати: Менга А.Пўлатов номидан “Harakat” журнали билан ҳамкорлик қилиш ҳақида таклиф бўлди. 2-3 та кичикроқ битик ёзиб жўнатдим. Орадан 8-10 кун ўтиб, умримда илк марта “Harakat” журналини очдим. Тўғриси, кўзларимга ишонмадим. Журналдаги аксарият мақолалар (агар шундай аташ мумкин бўлса!) асосан кимнингдир номига, шанига лой чапишдан иборат эди. Компьютерга тикилганча, қўполроқ бир латифа хаёлимдан кечди:

“ИККИ хотинбозни дарё ўртасидаги кимсасиз оролга бадарға қилишибди. Маълум вақт ўтгач, иккови роса зерикибди, хотинбозлик дарди қўзғабди. Хуллас, муросага келган бўлиб, галма-гал бири-эр, бири-хотин вазифасини бажаришибди. Йиллар ўтиб, иккови ҳам эркаклик хусусиятини йўқотибди. Кейин бунга бир-бирини айблаб ёқа бўғиша бошлабдилар ва оролнинг икки бурчагига бориб олиб, бир-бирларини ҳақоратлашга тушибдилар. Улардан бири рақибидан наф йўқлигига кўзи етгач, оролдаги тошларни йиғиб келиб, дарёнинг қирғоғига, аниқроғи, қирғоқдаги одамларга қарата ота бошлабди. Мақсади, тош бирор эркакка тегсаю, жароҳатланган эркак қасд олиш учун оролга бадарға бўладиган қилмишни содир этса ва…”тошотар”нинг кўнглига мос “Harakat”га қўшилишса…”

“Harakat” журналида эълон қилинган мақолалардан бирида Э.Воҳидов ва М.Солиҳнинг хиёнати ҳақида мулоҳаза билдирилади.Ва ХХ аср 80-йиллари охири, 90-йиллар бошида “БИРЛИК”ни айнан шулар пароканда қилганликлари айтилади. Ким қандай фикрда билмадим, лекин “БИРЛИК”ни бир ё икки киши эмас, балки унинг раҳбариятига хос бўлган ҲОКИМИЯТ-ПАРАСТЛИК пароканда қилган.

“Бирлик” ва “Эрк”чиларнинг ҳозирда Ўзбекистон пойтахтидаги ҳамфикрлари ўз “устоз”лари ўгитига амал қилган ҳолда, айнан ўша ҲОКИМИЯТПАРАСТЛИК иллати боис, ҳурфикрли ёшларни ёмонотлиқ қилишга бел боғлаб олганлар. Бу ҳолатни “Harakat” журналида эълон қилинган “Суҳроб Исмоилов “ВЕРИТАС”да демократ, ТВда маддоҳ!” иғвономасида кўриш мумкин.

Тан олинг, муҳтарам домла, ҳозирда ҳамкорингиз бўлган “ЭЗГУЛИК” ҳаракати эришган кейинги ютуқларда айнан Суҳроб Исмоиловнинг билими, ишчанлиги алоҳида! Балки бу ҳақда маҳаллий вакил(а)ларингиз Сизга маълумот беришмас, лекин биз-Ўзбекистондан “қочиб кетишни эплолмаган”лар буни яхши биламиз!

Энди Тошкентдаги “ўринбосар” “Бирлик”чию “Эрк”чи раҳбарлар юриш-туришига бир назар солинг: қўшқават иморат-уй, ҳашамдор машина, тўйни эса номдор ресторанда ўтказадилар.

Суҳроб Исмоилов ва унга ўхшаш ёшлар ҳашамдан йироқ, эл қатори! Сизнинг ва М.Солиҳнинг вакилларидек РАИСЛИК талашиб, БОШ КОТИБЛИК даъвосини қилиб, чет эллардан пул тиланиб юргани йўқ бу ёшлар!

Одамда ТИЛ деган бир қулоч гўшт борлиги учун эмас, балки УЯТ номли хислат борлиги учун ҳам ОДАМ!

Ёшларни ўзига жалб қилиб, улардаги билим,меҳнат эвазига иш юритиб, номи чиққач, хорижма-хориж юрган “Оқсоқол”у “Онабоши”лар бизда етарли…

...Яқинда “Мусулмон Ўзбекистон”да Туркманбоши вафоти муносабати билан А.Пўлатов ва М.Солиҳнинг чиқишларини ўқиб қолдим. Қисқагина жавоб ҳам ёзиб юбордим…

Демоқчиманки, “Harakat” журналидаги мақолалар фақат ЎЗБЕКни дунёга шарманда қилиши мумкин. ЎЗБЕКнинг номидан иш юритишга на “БИРЛИК”, на “ЭРК”ка ҳеч ким ҳуқуқ берган эмас. Айниқса, ЛАШКАРни ташлаб, жонини сақлаш учун қочиб қолган “ЛАШКАРБОШИ”лар бу борада икки карра ҳақсиздирлар!

Ҳурмат билан Дилмурод САЙЙИД,
Ўзбекистон, Тошкент.
Пайшанба, 2006 йил 28-декабр

“Ҳаракат” Хабар Агентлигидан: Қопқоқланган кўзадан ўзини озод қилган одамнинг истакларини амалга оширган жин ҳақидаги афсона ҳаммага маълум. Унинг латифавий варианти ҳам бор. Жин кўзада ётаркан, биричи минг йил давомида “ким мени озод қилса, бутун истакларинни амлага ошириб, уни бахтли қиламан” деб ўзига ўзи ваъда берибди. Ҳеч ким уни қутқара бермагач, иккинчи минг йилликни “Кўзани очган одамни ўлдираман” деб ўтказган экан.

“Ҳаракат” агентлиги, шу номдаги журнал эмас, Дилмурод Саййидни хабарчи-мухбир сифатида фаолиятга тортиш ниятида бўлгани тўғри. Буни кимдандир эшитган Дилмуродни кутишнинг “биринчи минг” йилига киритганимиз, Агентлик ичидаги баъзи муаммолар туфайли ниятимизни қарорга айлантиролмасдан унга вақтида жавоб беролмаганимиз ва уни “иккинчи мингликка” киришга мажбур қилганимиз учун унинг ўзидан узр сўраймиз.

Жин ҳақидаги латифани билсак ҳам, Дилмуроднинг бунчалик қаҳрли сўзларга лойиқ бўлмасак керак. Унинг айбномаларини ўша латифа нуқти назардан қарасак, уларга жавоб бериш ҳам ортиқча. Шундай бўлса ҳам, бир-икки оғиз сўз айтмоқчимиз.

Кўринишидан, Дилмурод журналимизни ўқимаган ҳам. Унинг даҳшатлари танқидлари Хабарларимизга оид.

Дилмуроднинг фикрича, “БИРЛИК”ни бир ё икки киши эмас, балки унинг раҳбариятига хос бўлган ҲОКИМИЯТ-ПАРАСТЛИК пароканда қилган”. У бутунлай ҳақ. Асосий сабаб “ҳокимиятпарастлик” бўлганлигига ҳозир ҳеч ким шубҳа қилмайди. Лекин, журналистлар жуда яхши биладилар, ҳар қандай айбнома етарлича далиллар билан асосланмаса, айбланувчи бизни судга ҳам бериши мумкин. Шунинг учун, биз бугун ўша раҳбарият ичида “ҳокимиятпарастлиги” исбот қилинган одамларнинг исминигина тилга олдик. Хусусан икки одамни - Эркин Воҳидов ва Салай Мадаминовни ёздик. Чунки, айнан шу иккита “антикоммунист” Коммунистик партия рўйхатидан альтернативсиз депутатликка сайланганлар.

Улар учун сайловлар альтернативсиз бўлгани учун, Каримов томонидан тайинланганлар, десак бўлаверади. Шундан кейин улар Каримовга хизмати қилганлар ва “Бирлик”ни ўша пайтда пароканда қилишга асосий ҳисса қўшганлар. Айбномаларимиз асосли бўлгани сабабли, 53-54-чилар бизга эътироз билдиролмаяптилар.

Ҳеч кимнинг шубҳаси бўлмасинки, Абрураҳим Пўлат ва “Бирлик”нинг бошқа раҳбарлари ҳақида шу каби фактлар очилса, уларни ҳам хоинликда айблаймиз.

Суҳроб Исмоилов ҳақида. У ўтган йили “Ҳаракат” журналида “Бирлик” Партияси аъзоси сифатида мақола эълон қилган ва 1 ойдан кейин, буни ҳеч кимга айтмасдан, ХДПда пайдо бўлган. Бу унинг шахсий иши, аммо аввалги партиясидан чиққанини эълон қилса, шарафини сақлаб қолган бўларди. Агар Дилмурод ёки бошқа бир одам хабарларимизда “Суҳроб Исмоилов “ВЕРИТАС”да демократ, ТВда маддоҳ!” деб айтилгани хато эканлигини исботласа, ундан ҳам узр сўрашга тайёрмиз.

* * * * *

“Ҳаракат”нинг бугунги, яъни 2017 йил 24 октябрдаги таҳлили: Мана “Ҳаракат”нинг сайтида сал кам 11 йил аввал эълон қилинган хабарни ўқидингиз. Истаганлар учун бу хабарнинг сайтимиздаги адресини ҳам берамиз - http://harakat.net/news/?id=875

Эътибор беринг, биз бу хабарни “Ўткан ғариб кунларимиз” деб бердик. Аслида ўзбекчада “ўтган кунлар” дейишади, аммо биз учун бундан ҳам муҳими, улуғлардан улуғ ёзувчимиз, ҳатто КГБ уни қаерда тупроққа кўмганини ҳам билмайдиганимиз, Абдулла Қодирий “Ўткан кунлар” деганидир.

11 йил аввалги бу хабарни бугун эслашимизнинг сабаби, ўз миллати ва давлатининг тақдири устида ўйлаётганларга тош отувчилар ҳар доим бўлишини эслатишдир. 11 аввалги таҳриримизда айтиланидек, тош отувчиларни ақл ишлатишга ва ёзган нарсаларни фактлар билан исботлашга чақиришдир. Агар шундай фактлар кўрсатилса, биз ҳаммага тўғри баҳо беришга тайёрмиз, ўзимизга ҳам, Абдураҳим Пўлатга ҳам, “Бирлик”нинг бошқа раҳбарларига ҳам.

Жойи келгани учун эслатмоқчимизки, юқоридаги хатнинг муаллифаи, журналист Дилмурод САЙЙИД 2009 йили уйдирма айблар асосида, аниқроғи, гўёки қандайдир бизнесменларнинг қаллобликларини очиб ташламаслик учун 10 минг доллар пул талаб қилиб, ўша пулни олаётган пайтда қўлга олинган ва 12,5 йилга озодликдан маҳрум этилганди. Уни қамоқхонада кўриш учун йўлга чиққан турмуш ўртоғи ва қизчаси йўлда автоҳалокатда ҳалок бўлганлар. Ўшанда Дилмурод ёзган қуйидаги сатрлар ҳар қандай одамнинг юрагига уради:

Қўш тобутда енгилгина тебраниб,
Ёрим кетди, болам кетди Ўша кун.
Алам тўла кўксимда қалб инграниб
Жон тўлғониб мотам тутди Ўша кун.

“Алвидо!”лар айтолмадим ёш тўкиб,
Тобутларга чирмашмади қўлларим.
Кишан бандлаб, тиканли сим йўл тўсиб -
Боролмадим…Сирғанч эди…йўлларим.

Сўнги манзил - Ужмаҳ томон демай сўз
Ёрим кетди боламни ҳам етаклаб!..
Неча йилки, кундузлари узмай кўз,
Тун қўйнида қон йиғлайди телба қалб!.

Қўш тобутда енгилгина тебраниб,
Қизчам кетди, оқ йўргакка ўраниб.
Гўдак Руҳи бу ёзмишдан ҳайронли,
Ёрим кетди - шаҳид, Руҳи исёнли!

Маним қалбим қонга тўлди аламдан,
Мазлум қисмат Нафрат бирла қалашди.
“Ал-қасосу мин ал-Ҳақ!”ни билмаган -
Разил у кун қон тўкди-ю Адашди!!!

Ҳозир “Эзгулик” жамияти, халқаро жамотачилик ва “Ҳаракат” Дилмурод Саййидни озодликка тезроқ чиқариш ҳаракатларини тўхтовсиз давом эттирмоқдалар. У шубҳасиз озодликка чиқади, амаламбор “Қўш тобутда енгилгина тебраниб” кетган турмуш ўртоғи ва қизчасининг қабрлари устида ётиб фарёд қилади.

Кейин эса, тахмин қилиш мумкинки, гўёки ўзини қаматган “Ҳаракат”га қарши кураш бошлайди. Минг афсуски, ўзбеклар ҳали шу даражада. Шу сабабдан,

Миллат ва давлатимизнинг аҳволи ғариб,
Кетаверамиз тобутларда енгилгина тебраниб.