23 October 2017
01:19 - Ўзбек хабарчилиги масхарабозлик ичида: Тошкентда “Тил – миллат ойнаси” дейишибди, аммо тилимизни тиклаган “Бирлик”ни тилга олишмабди

ЎзАнинг ўзбек тилини тарихини ҳам билмайдиган Гулноза Бобоева исмли журналистининг 20 июнда шу агентликнинг расмий сайтида эълон қилинган хабарида билдирилишича, Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий Университетида Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро Муносабатлар ва Хорижий Мамлакатлар билан Дўстлик Алоқалари Қўмитаси, Ўзбекистон Ёзувчилар Уюшмаси, “Ўзбекистон – Франция” дўстлик жамияти билан ҳамкорликда “Тил – миллат ойнаси” мавзуида маънавий-маърифий тадбир ўтказилибди. Тадбир қачон ўтказилгани ҳам айтилмайди, биронта тадбир қатнашчисининг исми тилга олинмайди. Балки, ҳеч қандай тадбир бўлмагандир, ЎзАнинг масхарабозлигини билгaн Гулнозахон тушида кўрган нарсаларини хабар қилгандир.

Хабарда айтилишича, бу тадбирда тилшунос олимлар, профессор-ўқитувчилар томонидан “Тиллар – миллат ойнаси”, “Ўзбекистонда миллатлараро тотувликни мустаҳкамлаш ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқаларини ривожлантиришда давлат тили, яъни ўзбек тилининг аҳамияти” каби она тилимизнинг софлиги, гўзаллиги ва маъно-мазмунга бойлиги кенг ёритилган мавзуларда маърузалар тингланибди.

Масхарабозлик руҳидаги бу хабарда бундан бошқа тилга олишга арзийдиган нарса йўқ. Аммо, ЎзАнинг ҳамма хабарчилари каби хабарчилик нималигини ҳам билмайдиган Гулноза Бобоева исмли аҳмоқ ҳақида икки оғиз сўз айтиш керак, дейди мухбиримиз.

Маълумки, СССРнинг 1922 йилда қабул қилинган ва 1937 йилда ўзгартиришлар киритилган Конституциясида СССР таркибидаги руспубликалар мустақил давлат эканлиги, бу республикларнинг ўз давлат тиллари борлиги айтилган эди. Аммо, 1977 йил қабул қилинган охирги Конституцияда СССР ичидаги республикларнинг давлати тили борлиги ҳақидаги модда олиб ташланган. Болтиқбўйи, Гуржистон ва Озорбайжонда аҳоли митингларга чиққач, бу республикларнинг конституцияларида ўз давлат тиллари борлиги тасдиқланган.

Ўзбеклар ҳеч нарса билан ишлари бўлмайдиган халқ бўлгани учун Ўзбекистон конституциясида давлат тили борлиги айтилмаган ва СССРнинг давлат тили бўлган рус тили бизда ҳам давлат тилига айланган эди. Айнан шундан кейин ўша пайтдаги Ўзбекистоннинг хўжайини, аниқроғи Ўзбекистон Компартияси биринчи секретари Шароф Рашидов ўзбек тилини ҳамма ердан сиқиб чиқариш йўлига ўтди. Катта шаҳрлардаги зиёлилар орасида ўз фарзандларини рус мактабларига бериш одатга айлана бошлади.

1998 йил 11 ноябрида тузилган “Бирлик” Халқ Ҳаракати ва унинг раҳбари Абдураҳим Пўлат Ўзбекистонда ўзбек тилига давлат тили мақоми бериш талаби билан муҳташам ва мавжуд режим учун даҳшатли бўлган митинглар ўтказишга бошладилар ва ҳаромий Ислом Каримнинг ҳамма қаршиликларига қарамасдан 1989 йил 21 октябрда ўзбек тилига давлат тили мақоми берилишига эришдилар.

Хўш, Тошкентда ўтказилган “Тил – миллат ойнаси” номли тадбирда бу тарихий воқеалар тилга олиндими, олинмаган бўлса, нимага олинмади каби саволлар гўёки ўзбек журналисти Гулноза Бобоевани ҳеч қизиқтирмайдими? Бу саводсиз журналистнинг ўзи буларни биладими? Билмаса нимага бу соҳага оид соҳада хабар ёзади?

Агар Шавкат Мирзиё ҳокимиятга келгандан кейин Ўзбекистонда гўёки ҳақиқий хабарчилик бошланган бўлса, ЎзА ва унинг мухбири Гулноза Бобоева биз кўтарган масалага очиқлик киритишлари, замонавий стандартлар бўйича хабар бермаганлари учун ЎЗБЕК тилининг эгаси ЎЗБЕК миллатидан кечирим сўрашлари ва келажакда бундай ифлосликлар қилмасликка ваъда беришлари керак.