20 October 2017
21:06 - Бечора Шавкат Мирзиё: Пахта экспортида давлат монополиясига барҳам берилади. “Ҳаракат”: Аммо, бундан катта фойда бўлмайди

Sputnik нашрининг ёзишича, Ўзбекистонда яқин орада пахта етиштириш, уни экспорт қилиш ва пахта ёғи ишлаб чиқариш билан шуғулланадиган "Ўзпахтасаноатэкспорт" давлат монополия компанияси тарқатиб юборилади. Бу ишни амалга ошириш мақсадида бош вазир ўринбосари Зойир Мирза бошчилигида махсус комиссия ташкил қилинган. Ушбу комиссия октябрь ойининг охирига қадар "Ўзпахтасаноатэкспорт"ни қайта ташкил қилиш борасида ўз таклифларини киритиши керак.

"Ўзпахтасаноатэкспорт" давлат холдинги, дейилади сайт мақоласида, 2015 йилнинг октябрь ойида Ўзбекистон биринчи президенти Ислом Каримов томонидан ташкил қилинган эди. Холдинг таркибига уч йирик давлат тузилмалари "Ўзпахтасаноат", "Ўзпахтаэкспорт" ва "Ўзпахтаёғ" корхоналари киритилган.

Ўшанда уч йирик давлат корхонаси бирлаштирилиб, пахтани қабул қилиш ва қайта ишлаш борасида ягона мажмуа ташкил этилган, пахта ва ёғ маҳсулотлари сифатини ошириш, соҳага кенг кўламда сармоялар жалб қилиш ва республика пахтани қайта ишлаш ва ёғ заводларини замонавий техника билан қайта жиҳозлаш мақсад ыилинган эди.

Шавкат Мирзиё ўтган йил давомида "Ўзпахтасаноатэкспорт" холдинги раҳбариятини соҳани замонавийлаштириш, сармоя лойиҳалари ва пахтани қайта ишлаш замонавий марказлари яратиш борасидаги фаолияти учун бир неча бор танқид қилгани ҳам маълум.

Эслатиб ўтамиз, охирги йилларда Ўзбекистон дунёда пахта етиштириш бўйича олтинчи, уни қайта ишлаб экспорт қилиш бўйича бешинчи ўринда турибди. Ҳар йили республикада 3,5 млн тонна пахта хом ашёси ва 1,1 миллиона тонна пахта толаси етиштирилади.

Пахта соҳаси - Ўзбекистон иқтисодиётининг таянч нуқталаридан биридир. Бу соҳани бозор иқтисодиётига ўтказмасдан Ўзбекистонни ҳозирги ғариб аҳволдан олиб чиқиб бўлмайди, ҳозир бу соҳа ҳам фундаментал ислоҳотларга муҳтож. Аввалмбор фермерлар пахтани ҳукумат тайинлаган нархда ҳукуматга сотишлари мажбурлиги йўқ қилиниш керак. Ўшанда "Ўзпахтасаноатэкспорт" ўз-ўзидан йўқ бўлади, пахта экспорти билан шуғулланадиган мустақил ширкатлар пайдо бўлади.